Яратилиш санаси 13.07.2024

РАМАЗОН ОЙИНИНГ РЎЗАСИДАН КЕЙИНГИ ЭНГ ФАЗИЛАТЛИ КУН

Муҳаррам ойи Рамазон ойидан кейин турадиган энг ҳурматли ойдир. Бу ой ҳижрий сананинг бошланиш ойидир. Динимизда бу ой уруш ҳаром қилинган ойлардан бири ҳисобланади. Ашуро куни эса муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда рўза тутишга тарғиб қилганлар.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, Рамазондан кейин қайси ойда рўза тутишимга буюрасиз», деди. Шунда у зот: «Агар Рамазондан кейин рўза тутмоқчи бўлсанг, муҳаррам ойида тутгин. Чунки у Аллоҳнинг ойидир, унда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган яна бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қилади», деб жавоб бердилар».

Имом Термизий ривоят қилган.

Ҳишом Ибн Урва отасидан ривоят қилади: Оиша розияллоҳу анҳо: «Қурайш қавми жоҳилиятда Ашуро куни рўза тутар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам у кунда рўза тутардилар. У зот Мадинага келганларида ҳам у кунда рўза тутдилар ва рўза тутишга буюрдилар. Рамазон рўзаси фарз бўлганидан кейин Ашуро кунида рўза тутмай қўйдилар. Шундан кейин у кунда хоҳлаган киши тутаверарди, хоҳлаган киши тутмасди», дедилар. Имом Бухорий ривоят қилган.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро кунининг рўзасини олдинги йил (гуноҳлари)га каффорат бўлишини Аллоҳ таолодан умид қиламан», - дедилар». Имом Термизий ривоят қилган.

Уламолар беш вақт намоз, жума намози, Рамазон рўзаси ҳамда мазкур рўзалар каби фазилатли ибодатлар аввал кичик гуноҳларга каффорат бўлади, кейин эса катта гуноҳларни ҳам ювади, сўнгра банданинг даражаси кўтарилишига сабаб бўлади, деганлар.

Ҳа, азизлар, Аллоҳ таолонинг раҳмати кенгдир. Бир кунлик рўза билан бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлиши Аллоҳ таолонинг бандаларига фазли-раҳматидир. Бандалар бундай улкан савобни осонлик билан қўлга киритиш мумкинлигига шубҳа билан қарамасликлари керак. Аксинча, муҳаррам ойи, айниқса, Ашуро кунида имкон қадар кўпроқ ибодат қилиб, фойдаланиб олишлари лозим бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳуанҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ашуро кунида аҳли-аёлига кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга йилнинг қолганини кенг қилади», дедилар». Имом Байҳақий ривоят қилган.

Аммо Ашуро кунида рўза тутиш ва кенгчилик яратишдан бошқа амалларнинг асли йўқдир. Жумладан, Ашуро куни кундузи ёки кечаси байрам қилиш, сурма қўйиш, бўяниш каби ишларни жумҳур фуқаҳолар – Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалийлар бидъат деганлар. Бу ишларнинг бирортаси мустаҳаб эмасдир. Бу ҳақда келтирилган ривоятлар бидъатчиларнинг тўқиб чиқарган бидъатлари бўлиб, улар бу амалларни ўзларининг бидъатларини қўллаб-қувватлаш учун тўқиганлар.

Лекин юқорида зикр қилинган ҳадисга биноан, Ашуро куни оиласига кенгчилик қилса, бозорлик қилиб, рўзғорини бут қилиб олса, йилнинг қолган ойлари ҳам баракатли бўлиши умид қилинади. Суфён Саврий: «Биз буни тажриба қилиб кўрдик ва ана шундай бўлишини топдик» деган. Суфён ибн Уяйна: «Биз буни эллик ёки олтмиш йил тажриба қилиб кўрдик ва фақатгина яхшилик кўрдик», деган. «Ал-Муҳит» китобида шундай дейилган: Жобир раҳматуллоҳи алайҳ: «Мен қирқ йил тажриба қилдим, бўлмай қолмади», деган.

Аброрхўжа Рашидов,
билим юрти ходими