Яратилиш санаси 15.07.2024

АШУРОНИНГ МАЪНОСИ

«Ашуро» сўзи луғатда «ўнинчи кун» деган маънони билдиради. Истилоҳда эса, Муҳаррам ойининг ўнинчи кунига айтилади.

Ашуро рўзасининг тарихи

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ашуро жоҳилият даврида Қурайш рўза тутадиган кун эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам унинг рўзасини тутар эдилар. У зот Мадинага келганларида ҳам унинг рўзасини тутдилар ва тутишни буюрдилар. Кейин Рамазон рўзаси (ҳақида оят) нозил бўлгач, уни (Ашуро рўзасини) истаганлар тутиб, истамаганлар тутмайдиган бўлди». Бухорий ривоят қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида уларнинг^ маълум кун, яъни ашуро куни рўза тутаётганларини кўрдилар. Улар: «Бу улуғ кун. Бу шундай кунки, унда Аллоҳ Мусога нажот берган ҳамда Оли Фиръавнни ғарқ қилган ва шу боис Мусо унда Аллоҳга шукрона сифатида рўза тутган», дейишди. Шунда у зот: «Мен Мусога улардан кўра ҳақлироқман» деб, (ашуронинг) рўзасини тутдилар ва рўзасини тутишга буюрдилар». Бухорий ривоят қилган.

^ Мадина яҳудийлари назарда тутилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийларнинг Ашуро куни рўзасини тутаётганларини кўрдилар. «Бу нима?» дедилар. «Бу солиҳ кундир. Бу Аллоҳ Бану Исроилни душманларидан қутқарган кун. Шу боис Мусо унинг рўзасини тутган», дейишди. У зот: «Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман», дедилар ҳамда унинг рўзасини тутдилар ва тутишга буюрдилар». Бухорий, Муслим ва Абу Довудлар ривоят қилишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ашуро куни рўза тутиб, унинг рўзасини тутишга буюрган чоғлари: «Эй Аллоҳнинг Расули, у яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун ку», деб қолишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Келаси йил, иншааллоҳ, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз», дедилар. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келаси йил келмасдан вафот этдилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Хайбар аҳли ашуро куни рўза тутишар, уни ҳайит қилиб олишган эди. Шу кунда аёлларига тақинчоқларини тақтиришар, ясантиришар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар ҳам унинг рўзасини тутинглар», дедилар». Бухорий ва Муслимлар ривоят қилишган.

Ашуро рўзаси Муҳаррам ойининг қайси кунлари тутилади?

Ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Ибн Аббоснинг ҳузурига бордим, у киши Замзам олдида ридоси устида ёнбошлаб ётган экан: «Менга Ашуро рўзаси ҳақида айтиб беринг», дедим. «Муҳаррамнинг ҳилолини кўрсанг, санаб бор. Тўққизинчи куни рўза тутган ҳолда тонг оттир», деди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг рўзасини шундай тутармидилар?» дедим. «Ҳа», деди». Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар ривоят қилишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини ўнинчи куни тутишга амр қилдилар». Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро куни рўзасини тутинглар. Унда яҳудиларга хилоф қилинглар, ундан олдин бир кун ёки ундан кейин бир кун рўза тутинглар», дедилар». Аҳмад ривоят қилган.

Изоҳ: Ушбу ривоятлардан чиқадиган умумий хулоса қўйидагича.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини Муҳаррамнинг ўнинчи кунида тутишга амр қилганлар, ўзлари ҳам тутганлар.

Яҳудий ва насоролар бу кунни улуғлашларини билиб қолганларидан кейин ўнинчи кунга тўққизинчи кунни ҳам қўшиб тутишга қарор қилдилар. Лекин ўзлари бу ишни қилмай туриб, вафот этдилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг Ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳунинг саволига жавобан «Тўққизинчи кунни рўза тутган ҳолингда тонг оттир», деганлари Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўзасини тутиш керак, деганидир. Шунинг учун уламолар Ашуро рўзасининг афзали Муҳаррамнинг 9, 10, 11 ёки 9, 10 ёки 10, 11-кунларини рўзасини тутишдир.

Олимхон Исақов

билим юрти ўқитувчиси