Ота-онани эъзозлаш одоби
Аллоҳ Таоло ота-онага яхшилик қилиш ҳар-бир инсон бажариши шарт бўлган муқаддас вазифа эканлигини билдириш учун Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “Уф” дема, уларни жеркима ва уларга ёқимли сўз айт!” Икковларига меҳрибонлик билан хокисорлик қанотингни паслат ва “Роббим, улар мени кичикликда тарбия қиганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 36-оятида ширк келтирма деб амр қилган бўлса, бу оятда фақат унинг Ўзигагина ибодат қилишга буюрмоқда. Бу қатъий ва ўзгармас амр бўлиб, бу буйруқни барча бандалар бажариши шартдир. Аллоҳ бу ояти орқали барча бандаларни якка ўзига ибодат қилишга буюриш билан бирга ота-онага ҳам яхшилик қилиш шартлигини таъкидлаяпти. Аллоҳга қилинадиган ибодат билан ота-онага яхшилик қилишнинг бир оятда жам бўлишининг ўзиёқ Аллоҳнинг наздида ота-онанинг қадри ниҳоятда юқори эканини билдиради. Абу Лайс Самарқандий айтадилар: “Агарда Аллоҳ таоло ота-онани ҳурмат қилишни китобида зикр қилмаганда ҳам банда ақли билан уларни ҳурмат қилиш вожиблигини билиб, уларнинг ҳақларини адо этиши лозим бўларди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло уларга яхшилик қилишни жамиийки китоблари Таврот, Инжил, Забур, Қуръонда ҳам ва ўтган жамиийки пайғамбарларига ҳам ота-онага яхшилик қил деб амр қилган”. Ота-онангни айтган сўзлари сенга ёқмаса, уларни жеркиб кўнгилларини оғритма, уларга ёмон сўз айтиб беҳурмат қилма. Улар кексайиб, ҳатто ҳожатга чиқа олмаганларида, нажосатларини ювиб тозалаш, ва ювиш лозим бўлса юзингни буриштирма, зеро, улар ёшлигингда булғаниб қолишинга қарамай жирканмадилар. Бутун ҳаётларини сенга бағишлаб, инсон қиламан деб ўзларини ўйламадилар. Қанча орзу умидлар билан сени вояга етказадилар. Балоғат ёшига етганингда бошингни иккита қиладилар. Бемор бўлиб қолганингда бошингда парвона бўлиб, сендан кўра кўпроқ ғам-алам чекиб қайғурдилар.Озроқ кечикиб қолсанг кўзлари йўлингда тўрт бўлиб кутадилар. Балоғат ёшига етсангиз ҳам , улар учун боласиз. Улар сизнинг дийдорингизни кўриб қувонишади. Уларнинг олдида ҳатто уф деманг. Уф инсон чарчаганда, зерикканда айтиладиган сўз бўлиб, улар кекса бўлиб қолганликлари учун “Менинг кексайиб, куч-қувватим камайиб, болаларимга қарам бўлиб қолганлигим фарзандимни чарчатибди,”, деб кўнгли оғрийди. Аллоҳ бандаларига меҳрибон бўлганидан фарзанд ота-онасининг кўнглига озор бериб, уларни ранжитиб дўзахга тушиб қолишни хохламайди, балки уларнинг хизматини қилиб, ширин сўзлар айтиб, кўнгилларини хурсанд қилиб, дуоларини олиб жаннатга киришларини хохлайди. Бир киши келиб, “Ей Расулаллоҳ ота-онани фарзандларидаги ҳаққи нима?” деб сўради. Росулуллоҳ (с.а.в) “Сен жаннатий бўлишинг ҳам, дўзахий бўлишинг ҳам уларнинг қўлидадир”, дедилар. Демак, кимда-ким ота-онасига яхшилик қилса ва дуоларини олса у инсон жаннатни ўзига лозим тутибди.
Аброрхўжа Рашидов
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ходими