Яратилиш санаси 07.09.2021

ТИНЧЛИК-ХОТИРЖАМЛИК

Ватанимиз мустақиллигига 30 йил бўлди. Бу давр мобайнида барча соҳаларда кўплаб катта-катта ислоҳотлар ва янгиликлар бўлди ва бўлмоқда. Мана шундай Ватанимиз равнақи йўлида жон куйдириб ҳаракат қилаётган барча соҳа раҳбару ходимларини хайрли ишларида Аллоҳ таоло мададкор бўлсин!

 Инсон қаерда туғилиб ўсса, ана шу ер унинг учун азиз Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли макондир.

 Ватанни севиш, уни соғиниб яшаш – инсон табиатида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Ватанни севиш фақат тилда қолиб кетмаслиги, балки ватандошлар юрт равнақи учун бирлашиши, бир-бирига хайриҳоҳ бўлиб, дунё-охиратда фойдали ишларга ҳаракат қилишлари керак. Чунки кўриб турганимиз каби қўшни давлатларимиз ва Шарқ давлатларида нотинчлик ҳукм сурмоқда. Уруш ҳаракатлари, қон тўкилишлар давом этмоқда. У ерларда одамларнинг жони хавфда, қочқинлар кўпайган ва улар борган жойларида ҳам оғир шароитларда яшамоқдалар. Биз мусулмон юртларда тинчлик хотиржамлик бўлиши тарафдоримиз ва шуни чин дилдан хоҳлаймиз. Бу хоҳишни рўёбга чиқаришнинг аввалги чораси – ўз юртимизда тинчликни асраб авайлашдир. Бемалол дин-диёнатимизга амал қилаётган, шариатимиз шиорлари барпо бўлиб турганда, ношукрлик қилмаслик, турли бузғунчи тарғиботларга учмаслик, билим ва кучимизни Ватан равнақи, динимиз ривожи йўлида сарфлаш бурчимиздир. Шу кунларда ҳам Ватанни, ота-онасини ташлаб, жангари тўдалар йиғилган жойларга чиқиб кетаётганлар учраб турибди. Уларнинг деярли ҳаммаси қилган ишига пушаймон бўлади, лекин сўнгги пушаймон ўзингга душман, деганларидек, изига қайтишга имкон тополмай, хору зор бўлмоқда.

Ватанимиз фарзандлари сифатида ҳеч ҳам ношукрликка йўл қўймай, кўпдан-кўп шукрона қилиш – бурчимиздир. Чунки ношукрлик неъматларни қўлдан кетишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло неъматларга шукр қилсак, зиёда қилиш ваъдасини берган: “...агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...” (Иброҳим сураси 7-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин, фарзандларимиз улуғ аждодларга лойиқ фарзандлар бўлишини насиб айласин, дунё ва охиратимиз саодатига етаклайдиган амаллар қилишимизни насибу рўзи айласин.

Ривожиддин Насритдинов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий масалалар
бўйича мудир ўринбосари

мабна: ravza.uz