Яратилиш санаси 14.10.2024

Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий роҳимаҳуллоҳ

Ҳужжати қувватли Ҳофиз Муҳаддис – Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок ас-Сулмий ал-Буғий Термизий Жайҳун дарёси ёқасидаги ҳозирги Термиз шаҳридан тақрибан  етти фарсах узоқликда жойлашган Буғ қишлоғида  209 ҳижрий санада (824 м.) таваллуд топадилар.

Аввал бошлаб, Термизга улуғ саҳобий ал-Ҳакам ибн Амр  ал-Ғифорий томонидан фатҳи ислом 46 ҳижрий санада (665 м.) кириб келган. Сўнгра яна Мусо ибн Абдуллоҳ ибн Ҳозим тарафидан 70 ҳижрий санада (689 м.) шу шаҳар қайтадан фатҳ қилинган.

Имом Термизийнинг кунялари Абу Исо, исмлари Муҳаммад, отасининг оти Исо, бобосининг исми Савра, ватанининг нисбати қадимдан араблар Помир тоғидан бошланиб Орол денгизига қуюлувчи, узунлиги 1550 мил (2495 км) бўлган Жайҳун-Амударёнинг орқаси-нариги томони деб, атаб келаётган ” Мовароуннаҳр“даги қадимги  Термиз шаҳри номи билан боғлиқдир. 

Бобоси Савра асли Марузий Туркманистоннинг Мари, эскича Марв шаҳридан бўлиб, Лайс ибн Сайёр даврида Термизга кўчиб келган ва набираси Абу Исо Муҳаммад шу ерда туғилганлар.

Имом Термизий кўпчилик шайхлар жамосидан ҳадислар ривоят қилганлар. Жумладан: Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғайлон, Саъид ибн Абдураҳмон, Али ибн Ҳажар, Аҳмад ибн Муниъ, Муҳаммад ибн Мусанно ва Суфён ибн Вакиъ бўлиб, устозларининг энг машҳури Имом Бухорий эдилар. Абу Исо Термизий бу зотдан, асосан, фиқҳий-шаръий қонунчиликка оид ҳадисларни олар эдилар, яна Имом Муслим ва Абу Давудлар ҳам Термизийнинг шайхларидан ҳисобланиб, баъзида бу кишиларнинг устозлари саналган Қутайба ибн Саъид, Муҳаммад ибн Башшор Зиёд ибн Яҳё ал-Ҳассоний, Аббос ибн Абдулазим ал-Анбарий, Абу Саъид ал-Ашаж, Абдуллоҳ ибн Саъид ал-Кандий, Абу Ҳафз Амир ибн Али ал-Фулос, Яъқуб ибн Иброҳим ад-Дурақий, Муҳаммад ибн Маъмар ал-Қайсий ал-Баҳроний, Насир ибн Али ал-Жаҳзамий ҳамда бошқа шу табақадаги зотлардан ҳам ҳадис эшитиб ривоят қиладилар. 

Устозимизнинг айтишларича: “Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳи  риҳлат қилган шаҳарлардаги шайхларнинг раъйи ва воситаси орқали ҳам фойдаланган эканлар.

Имом  Термизий разияллоҳу анҳу Ислом дунёсига тоабад манфаъати кўп тегадиган “Ал-Жомиъ” ва яна бир неча бебаҳо китобларни мерос қолдириб, 279 ҳижрий (894 милодий) санаси, ражаб ойининг 13-кечаси, 70 ёшларида, ўзи туғилган Буғ қишлоғида вафот этдилар. Юқорида таъкидлаганимиздек, Имом Ҳоким Нисобурийнинг айтишларича: “У зот кўп йиғлаганиданми, ёки бошқа сабабдан муборак умрларининг охирги йиллари кўзлари кўр бўлиб қолган ҳолларида Мавлоси - Роббиси ҳузурига риҳлат қилган эканлар”. 

Аллоҳ У зотни ўз раҳматига олган бўлсин! Жаннатдаги жойлари набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ҳамда солиҳ бандалар қаторида бўлсин! Омин!

Абдураҳманов Муҳаммадхон

таълим муассасаси ўқитувчиси