ПОКЛИК ИЙМОНДАНДИР
Аллоҳ таоло инсонни ўзи яратган барча нарсаларнинг энг шарафлиси қилиб яратди. Унга чексиз неъматлар берди. Ўзи яратган бу ажойиб оламни инсонга бўйсунадиган қилиб қўйди. Бандаларига шунчалик улуғ неъматлар бериши билан бирга, мазкур неъматлардан ўзи учун ва ўзгалар учун гўзал тарзда фойдаланишни ҳам таълим берди. Аллоҳ таоло инсонни табиатни асрашга, неъматларидан манфаат олишга, уларни ҳалок этмасликка, яхшилик йўлида ишлатиш ва ёмонликка ишлатмасликка ҳамда пок ҳолатда ҳаёт кечиришга буюрган.
Дунёдаги ҳар бир нарса: сув ҳам, ер ҳам, тоғ ҳам, хайвоноту наботот ҳам Аллоҳ томонидан ўлчов билан ва бир-бирига боғлиқ қилиб яратилган. Агар бу боғланиш бир оз бўлса ҳам бузилса, инсоният учун хатор ва жиддий муаммолар келиб чиқади. Шунинг учун ҳар бир инсон дунёни ва табиатни пок ва соф ҳолатда асраб-авайлашга қаттиқ ҳаракат қилмоғи лозимдир. Инсон ўз уйига қандай эътибор берса, пок сақласа, атрофга ҳам худди шундай муносабатда бўлиши шарт. Чунки бутун ер юзини Аллоҳ таоло инсонлар учун маскан қилиб бердики, буни “Зориёт” сураси 48-оятида шундай билдириб қўйган: “Ва ерни тўшаб қўйдик. Биз қандоқ ҳам яхши тайёрлагувчидирмиз”. Гўдак учун бешик қандай қароргоҳ бўлса, ер ҳам инсон учун шундай қароргоҳдир. қароргоҳини пок сақлашга ҳаракат қилиш инсонийликнинг юксак чўққисидандир.
Ислом дини ҳар нарсадан аввал инсонни руҳий –маънавий ва жисмоний покликка даъват этади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қурони Каримда пок кишиларни хуш кўришлигини бир неча ўринларда марҳамат қилган. Хусусан, Тавба сураси 108-оятда шундай марҳамат қилади: “Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир”.
Тозаликка риоя қилиш масаласига соғлиқни сақлашнинг муҳим омили сифатида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам катта эътибор берилган. Имом Муслим Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик иймоннинг ярмидир”, дедилар. Мусулмонлар оммаси ичида эса “Поклик иймондандир” деган ҳикмат кенг тарқалган. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Поклик кишини иймонга чақиради, иймон эса ўз соҳиби билан жаннатда биргадир” деб марҳамат қилганлар.
Зеро, Аллоҳ ўзи пок зот ва бандаларини ҳам пок бўлишларини хуш кўради. Шундай экан, ислом дини ўзининг ҳар бир шиорларида кишиларни покликка ва тозаликка даъват этади.
Аллоҳнинг инсонга берган улкан неъматларидан бири бу сувдир. Сув ҳаётнинг асосий унсури эканлиги қуръони каримда ҳам таъкидланган. ҳақиқатда ер юзида сувсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло, “Анбиё” сураси 30-оятида: “Барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганмиз” деб марҳамат қилган.
Яна, “Нур” сураси, 45-оятида: “Ва Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди”. дейилган. Бундан барча жонли коинотнинг асли ҳам, таркиби ҳам сув экани келиб чиқади. Буни илмий тажрибалар ҳам кўрсатган. Инсон жисмининг 76 фоизини сув ташкил қилади. Шунингдек, сув бошқа тирик жонзотларнинг ҳам асосий унсурини ташкил қилади. Наботот оламини ҳам сувсиз тасаввур қилиш қийин.
Бобо-бувиларимизнинг чиқиндини ариққа супурма, сувга тупурма, нолойиқ жойларга ўтирма, кўчаларга ахлат ташлама деган ўгитлари доимо ёдимизда бўлмоғи зарур. Ҳаётлик чоғимизда шу ер устида яшаётган бўлсак, вафот этганимиздан кейин еса шу ер бағрига кирамиз. Ўзимизнинг узоқ муддат масканимиз бўладиган бу ерни обод қилиш, ўзимиз ва келажак авлодларимиз учун фойдалидир. Атрофимизни, табиатни турли зарарли чиқиндилардан ва ифлосланишдан сақласак, ўзимиз ва келажагимиз ҳаётини сақлаган бўламиз. Ким уйи ифлос бўлишини, чиқиндилар сочилиб ётишини истайди, ҳеч ким. Фақат ҳовли ва уйларимиз эмас, маҳалла, шаҳар ва мана шу ватан ҳам ўзимизники. Унинг озодлигига барчамиз масъулмиз. Ватанимиз ободлигига ўз ҳиссамизни қўшайлик.
Маълум бўлишича, кўпгина микроблар инсон аъзосига тери орқали кирар экан. Шунинг учун, тиббиётда қўлларни ва бошқа аъзоларни тез- тез ювиб туришлик тавсия этилади. Бугунги кунда кенг тарқалган Коронавирус касаллигида ҳам мунтазам таҳоратда юриш ва аъзоларни совун билан ювиб туришлик кони фойда бўлади.
Барча фиқҳ ва ҳадис китобларини очишингиз билан биринчи бўлиб “Поклик китоби”га кўзингиз тушади. Ҳар бир мусулмон эркак ва аёл ўзининг биринчи дарсини покликни ўрганиш ила бошлайди. Исломдаги ибодатларнинг барчасига банданинг бадани, кийим-боши ва макони покиза бўлиши асосий шартлардан бири қилиб олинган.
Аллоҳ таоло Одамни яратиб, инсониятга ер куррасини яшаш учун манзил қилиб берди. Ерни адолат билан бошқариш ва унинг ободлиги ва тозалигини инсонни зиммасига юклади. Азизлар ҳар вақт ва ҳар жойда тозалик ва поклик одобларига риоя қилишни асло унутмайлик, зеро поклик иймондандир деб бежиз айтилмаган.
Муйдинов Араббой
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси