Яратилиш санаси 03.11.2024

ИМОМГА ИҚТИДО ҚИЛГАН КИШИНИНГ ҚИРОАТ ҚИЛИШИ

Имомни рукуда топган муқтадийдан қироат соқит бўлиши борасида уламолар иттифоқ қилишган. Лекин имомга қиёмда эргашган муқтадий қироат қилиши ёки қилмаслиги борасида мазҳаблар ўртасида ихтилоф мавжуд.

Имом Шофеий ва имом Аҳмад жаҳрий ёки махфий қироат қилинадиган намозларда муқтадий фотиҳани ўқиши вожиб эканлигини айтишган.

Имом Молик роҳимаҳуллоҳ муқтадий махфий ўқиладиган намозларда қироат қилиши, жаҳрий ўқиладиган намозларда қироат қилмаслигини айтганлар.

Имом Абу Ҳанифа жаҳрий намоз бўлсин ёки махфий имомнинг орқасида турган муқтадий мутлақо қироат қилмаслигини айтганлар.Имомнинг орқасида муқтадий қироат қилиши у кишининг наздида макруҳи таҳримий.

Имом Абу Ҳанифа билан ҳамфикр бўлганлардан Суфён Саврий, Ибн Уяйна, Ибн Абу Лайло, Ҳасан ибн Ҳайй, саҳобалардан эса Жобир ибн Абдуллоҳ, Зайд ибн Собит, Алий ибн Абу Толиб, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳум кабиларни айтиш мумкин. Бу саҳобалардан тобеинларнинг бир гуруҳи ушбу ҳукмни олишган.

Ҳанафий мазҳаби қуйидагиларни далил қилиб келтирган:

1) Аъроф сураси 204-оят.

وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآنُ فَاسْتَمِعُوا لَهُ وَأَنصِتُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

Қачонки Қуръон қироат қилинса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз — шояд (Аллоҳ тарафидан) раҳматга сазовор бўлсангизлар .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Ушбу оят нозил бўлгунга қадар одамлар намозда гаплашишарди”, деганлар.

Зайд ибн Аслам ва Абул Олия: “Инсонлар имом орқасида қироат қилардилар,  сўнг ушбу оят нозил бўлган”, деганлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: “Ушбу оят намоз борасида нозил бўлганига одамлар ижмо қилганлар”, деган.

2) Ҳадис,

قال صلى الله عليه وسلم:  من صلى خلف إمام فإن قراءته له قراءة

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир имомнинг орқасида намоз ўқиса, имомнинг қироати унинг ҳам қироати бўлади”, деганлар.

3) Ҳадис, 

قال صلى الله عليه وسلم:  من كان له إمام فقراءة الإمام قراءة له

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг имоми бўлса, имомнинг қироати унга ҳам қироатдир”, деганлар.

4) Ҳадис,

قال صلى الله عليه وسلم: إنما جعل الإمام ليؤتم به، فإذا كبر فكبروا وإذا قرأ فأنصتوا 

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Имом унга эргашилиши учун имом қилинган, шундай экан, имом такбир айтса такбир айтинглар, қироат қилса жим туринглар”, деганлар.

5) Ҳадис,

قال النبي - صلى الله عليه وسلم - صلى الظهر، فجعل رجل يقرأ خلفه بـ {سَبِّحِ اسْمَ رَبِّكَ الْأَعْلَى} [الأعلى: ١] ، فلما انصرف قال: (( أيكم قرأ؟ )) فقال رجل: أنا، فقال: (( قد ظننت أن بعضكم خالجنيها ))،

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллампешин намозига киришдилар. Шунда орқаларида бир киши “Саббиҳисма роббикал аълаа” ни қироат қила бошлади. Росулуллоҳ намоздан фориғ бўлганларида: “Қайси бирингиз қироат қилдингиз?”, дедилар. Бир киши: “Мен”, деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:  “Мен сизлардан бирингиз мен билан қироатни талашмоқдами, деб ўйлаб қолдим”, дедилар.

Мазкур ҳадис махфий намозларда муқтадий қироат қилмаслигига далолат қилади. Жаҳрий намозларда эса мутлақо қироат қилмасликни таъкидлайди.

6) Қиёс. Имом рукуда турган вақтда келиб қўшилган масбуқдан қироат қилиш барча имомлар наздида соқит бўлади. Агар қироат қилиш фарз бўлганида, бошқа арконлар сингари ҳеч қачон масбуқдан соқит бўлмас эди. Қироат қилиш масбуқдан соқит бўлиши имомга аввалдан эргашган муқтадийга қироат вожиб эмаслигини ифодалайди.7) Баъзи саҳобалардан имомнинг орқасида қироат қилиш кароҳиятли эканлиги борасида ривоятлар келган. Ана шу саҳобалардан Жобир ибн Абдуллоҳ, Алий ибн Абу Толиб, ибн Масъуд, Саъд ибн Абу Ваққос, ибн Умар, Зайд ибн Собитларни розияллоҳу анҳум айтиш мумкин. Жумладан, Али розияллоҳу анҳу: “Ким имомнинг орқасида қироат қилса фитрат (дин) да хато қилибди”, деганлар. Саъд ибн Абу Ваққос: “Имомнинг орқасида қироат қиладиган кишининг оғзида чўғ ёки тош бўлиб қолишини истайман”, деганлар. Ва бошқа саҳобалардан ҳам шунга ўхшаш ривоятлар келган. 

“Ҳидоя” таълим муассасаси мударриси ​​А. Саминов.