Ота-онани рози қилиш фарзанд бурчидир!
Ота-она рози – Худо рози, деган ибора бор. Демак, ота-она фарзанддан рози бўлмаса, Худо ундан рози бўлмас экан. Уларнинг хизматини қилиш, ҳурматини жойига қўйиш, кексайганларида боқиш, кийинтириш, уларнинг олдида овозини кўтармаслик, вафот этганларидан сўнг ҳақларига дуо қилиш ва ҳоказо… фарзандларнинг бурчидир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг ота-онани эъзозлаш, ҳурматлашга доир кўрсатмаларини ота-оналар, мураббийлар болаларга гўдаклигиданоқ ўргатишлари лозим.
Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” китобида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Қайси бир мусулмон фарзанд савоб умиди билан эрталаб ота-онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар улардан бирини зиёрат қилса, унга жаннатнинг бир эшигини очади. “Ота-онадан қайси бирини хафа қилгудай бўлса, уни рози қилмагунча Аллоҳ ундан рози бўлмайди”, деди. Шунда бир киши: “Агар ота-оналар болага зулм кўрсатган бўлса-чи?” деб сўради. “Агар улар боласига зулм кўрсатган бўлса ҳам, фарзанд уларни ранжитмаслиги керак”».
«Субулус Салом» китобида Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир”, дедилар.
Шунинг учун, Аллоҳ таолони рози қиламан деган фарзанд ота-онасини рози қилсин. Аллоҳ таолонинг ғазабидан сақланаман деган фарзанд ота-онасини ғазаблантирмасликка ҳаракат қилсин.
Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига бир киши келиб, жиҳодга изн сўради. Шунда у зот:
– Ота-онанг ҳаётми?– деб сўрадилар.
– Ҳа, – деди.
– Ота-онанг ҳақи борасида жиҳод қил, – дедилар. Уларга хизмат қилишинг жиҳодинг бўлади, яъни: “Ота-онангнинг кўнглини олиш учун жон-жаҳдинг билан ҳаракат қил”.
Имом Аҳмад ва Имом Насоий Муовия ибн Жаҳим (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:
Жаҳим (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб:
– Ё Аллоҳнинг расули, ғазотга чиқишни хоҳлайман ва сиздан маслаҳат сўраб келдим, – деди.
Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
– Онанг ҳаётми? – дедилар.
– Ҳа, – деди.
– Ундан ажралма, чунки жаннат унинг оёғи остида, – дедилар.
Имом Муслим “Саҳиҳ” китобида Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига бир киши келиб:
– Аллоҳдан савоб умидида жиҳод ва ҳижрат қилиш учун сизга байъат қилишга келдим, – деди.
Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
– Ота-онангдан бирортаси ҳаётми? – деб сўрадилар.
– Ҳа, иккалалари ҳам ҳаёт, – деди.
– Аллоҳдан савоб умид қиласанми? – дедилар у зот (алайҳиссалом).
– Ҳа, – деди.
– Ота-онанг ҳузурига бор ва уларга гўзал муомалада бўл, – дедилар.
Яъни, уларнинг хизматларини чиройли ҳолда адо қилсанг, Аллоҳ жиҳоднинг савобини беради, дедилар.
Ислом таълимоти ота-оналари заифлашган, кексайган вақтларида фарзандлари уларнинг ҳақини адо қилишларини жиҳод ва ҳижратдан устун қўяди.
Ота-онага яхшилик қилиш ҳақида Аллоҳ таоло бундай амр қилади:
«Уларга меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”» (Исро сураси, 24-оят).
Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” китобида Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:
«Инсон вафот этганидан сўнг даражаси кўтарилади. Шунда у: “Эй Раббим, бу нима? Яъни, даражанинг кўтарилиши нимадан?” дейди. Шунда унга: “Фарзандинг сенинг ҳақингга истиғфор айтди”, дейди».
Имом Бухорий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:
Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб:
–Ё Аллоҳнинг расули, энг аввал яхшилик қилишга ким ҳақли? – деди.
–Онанг, – дедилар.
–Сўнгра ким? – деди.
–Онанг, – дедилар.
–Сўнгра ким? – деди.
–Онанг, – дедилар.
–Сўнгра ким? – деди.
–Отанг, – дедилар.
Ибн Касир ўзларининг “Тафсир” китобларида Сулаймон ибн Барид (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:
Бир киши елкасига онасини кўтариб, Каъбани тавоф қилди. Сўнгра Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Онамнинг ҳақини адо этдимми?” деб сўради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ, бир оҳ, деганчалик ҳақини ҳам адо этмадинг”, дедилар.
Бир аъробий киши онасини кўтариб Каъбани тавоф қилиб:
Мен онамнинг ювош уловиман.
Агар туя ундан қочса ҳам, мен ундан қочмайман.
Улуғ Раббим Аллоҳ мендан рози
бўлсин деб онамни кўтараман,
деб шеър айтарди. Сўнгра у Ибн Аббосга юзланиб: “Онамнинг ҳақини адо қилдимми?” деди.
Ибн Аббос: “Йўқ, Аллоҳга қасам, онанг сени туққан пайтида тутган тўлғоқларнинг биттасига ҳам тенг бўлолмайди”, деди.
Иккинчиси, она яратилишидан меҳрибон ва раҳмдилдир. Ота эса табиатига кўра қаттиққўлдир. Боладан бир айб ўтса, она кечиради. Аммо ота кечирмайди, керак бўлса жазолайди. Она эса жазоламасликнинг йўлини излайди. Шунинг учун ҳам шариатимиз оналарни ҳурматлашга буюради. Улар билан муомалада ҳалимликка ҳалимлик билан жавоб беришга ундайди.
Она шундай зотки, боласи ҳаддан зиёд дилини оғритиб, оқ бўлиш даражасига борса-ю, аммо бирон дардга чалиниб қолса, она барча ўтган ишларни унутади, боласини бағрига босади, унга талпинади. Чунки бола она вужудининг бир парчаси. Ҳеч қачон этни тирноқдан ажратиб бўлмайди.
Фарзанд ота-онасининг кўнглини кўтариш учун уларни хурсанд қиладиган совғалар тақдим қилишни одат қилиши лозим. Бундай ишлар жумласига яна қуйидагилар киради:
– Ота-онанинг мол-мулкларини ва керакли нарсаларини муҳофаза қилиш.
– Ота-онанинг рухсатисиз бирор нарса олмаслик.
– Ота-онага роҳатбахш нарсаларни ҳозирлаш.
– Ота-она ухлаётганларида уларни безовта қилмаслик.
– Ота-онанинг хоналарига уларнинг изнисиз кирмаслик.
– Ота-онадан олдин таомга қўл узатмаслик.
– Яхши нарсаларни ўзидан олдин ота-онага тақдим қилиш.
– Ота-она ҳузурида ёнбошламаслик.
– Ота-она ҳузурида оёқ узатмаслик.
– Ота-онадан юқорига ўтирмаслик.
– Ота-онадан барча ишларда маслаҳат сўраш.
– Ота-онанинг фикрлари ва тажрибаларидан фойдаланиш.
– Ота-онанинг насиҳатларини бажонидил қабул қилиш.
– Ота-она ҳақларига дуода бўлиш ва ҳоказо.
Аброрхўжа Рашидов