Таълим муассасасида китоб тақдимоти бўлиб ўтди
Жорий йил 22 ноябр куни “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасасида “ТАСРИФ” Сарф фанидан янги ва осон қўлланма” (Камолиддин Зиёдуллоҳ, “Hilol Nashr”, 584 б, Тошкент 2024 йил) номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда таълим муассасаси Ахборот кутубхона ресурслари билан хизмат кўрсатиш бўлими мутахассислари, ўқитувчи ва талабалар иштирок этдилар.
Тақдимот маросимида муаллиф, Тошкент ислом институти “Тиллар” кафедраси араб тили ўқитувчиси Камолиддин домла Зиёдуллоҳ таклиф этилди.
Араб тилида калималарнинг сийғалари, яъни ҳарф ва ҳаракатларнинг ўзгаришини, бу ўзгариш туфайли ҳосил бўлган калималарнинг маънолар ўзгаришини ўрганадиган фан “сарф илми” дейилади. Сарф илми тилшуносликда сўзларнинг келиб чиқишини ҳам ўрганади. Бундан аввал нашр этилган сарф дарсликлари матни бугунги кундаги талабалар эҳтиёжларига мосланиб, китоб араб тилини ўрганувчиларга янада тушунарли шаклда ёзилди.
Тақдимот маросимида муаллиф ушбу китобнинг ёзилиш тарихига тўхталиб, юртимизда араб тилини ўрганганлар орасида машҳур олим Дўстмуҳаммад Насриддин Бодарий ҳазратларининг “Мукаммал сарф дарслиги” деган китобларини билмаган одам кам бўлса керак. Сўнгги бир неча ўн йиллар давомида жуда кўп талабалар шу дарслик орқали сарф фанини ўрганди ва ўрганиб келяпти. Қўлингиздаги китоб муаллифига ҳам устоз Дўстмуҳаммад Бодарий ҳазратларининг шу китобларидан кўп фойда олиш, Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасасида устознинг бевосита ўзларидан дарс тинглаш насиб қилган.
Кейинчалик китобнинг матнини бугунги кундаги талабаларнинг эҳтиёжларига мослаш, дарсликни араб тилини ўрганувчиларга янада тушунарли қилиш фикри пайдо бўлди. Шу ниятда дарсликнинг матнини тўлдириб, иложи борича жадваллар орқали ўқувчига тушунарли қилишга киришдик. Бу мақсадга қанчалик эришганимизни баҳолашни устозларимиз ва ўқувчиларимизнинг эътиборига ҳавола қиламиз”-деб камтарлик ила ўз сўзини якунлади.
Тадбир сўнгида талабалар араб тилига оид ҳамда китоб юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга муаллифдан батафсил жавоблар олдилар.
Ушбу китоб тақдимоти талабаларда араб тилини ўрганишга бўлган қизиқишларини янада ортишига туртки бўлди.
Муҳаммадали КАТТАБОЕВ,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
Ахборот кутубхона ресурслари билан хизмат
кўрсатиш бўлими бош мутахассиси