Фузайл ибн Иёзнинг ҳаётларини ўзгартирган воқеа
Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ аввалги ҳолларида йўл тўсадиган қароқчи эдилар. Ҳар кечаси шаҳарни ҳар тарафидан чиқиб, йўл тўсиб, савдогарларни молини олар эдилар. У кишининг бир неча хизматкорлари ва шериклари бор эди. Бир куни ҳар доимгидай узоқ шаҳардан чиқиб келаётган бир жамоа карвонлар кўриб дарров пистирма қўйиб, ғасб қилиш учун пайт пойлаб турдилар. Булар яқин келганда билдиларким, Фузайл номли қароқчи буларни пойлаб турибди, энди нима қиламиз деб маслаҳат қилиб турганларида, савдогарлардан уч киши:
- Эй Ҳамроҳлар, сизлар рухсат берсангизлар бизлар Фузайлга қараб ўқ отармиз. Агар ўқимиз тегса, ўтиб кетамиз. Агар тегмаса, орқамизга қайтармиз.
Бу сўзни ҳаммалари қабул қилдилар. Улардан бири:
أَلَمْ يَأْنِ لِلَّذِينَ آمَنُوا أَنْ تَخْشَعَ قُلُوبُهُمْ لِذِكْرِ اللَّهِ وَمَا نزلَ مِنَ الْحَقِّ
Имон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳ таолонинг зикри ва нозил бўлган Ҳақ (Қуръон)га мойил бўлиш вақти келмадими?![1]
деган мазмундаги оятни ўқиб, Фузайлга қараб бир ўқ отди, тегмади. Лекин Фузайл бу оятни эшитиб, дилига қўрқинч пайдо бўлиб, қаттиқ сайҳа тортиб беҳушдек бўлди. Хизматкори унга ўқ тегди деб гумон қилиб, баданидан ўқни ахтараётган эди, Фузайл ҳушига келиб, ўрнидан турди, хизматкорини нари туртди. Шунда савдогарлардан иккинчиси:
فَفِرُّوا إِلَى اللَّهِ إِنِّي لَكُمْ مِنْهُ نَذِيرٌ مُبِينٌ
Эй мўминлар, Аллоҳ таоло тарафига қочингларки, албатта, мен Худои таоло томонидан сизларни Унинг азобидан огоҳлантирувчиман[2]
деган мазмундаги оятни ўқиб бир ўқни отган эди, у ҳам тегмади. Бироқ Фузайл ушбу оятни эшитиб аввалги сайҳасидан қаттиғроқ сайҳа тортиб йиқилди. Хизматкори бу сафар ҳам унинг баданидан ўқ қидирди, Фузайл ҳушига келиб, ҳайрат ичида қолган хизматкорига тегма деб ишорат қилди. Шундан сўнг ўша савдогарлардан учинчиси:
وَأَنِيبُوا إِلَى رَبِّكُمْ وَأَسْلِمُوا لَهُ مِنْ قَبْلِ أَنْ يَأْتِيَكُمُ الْعَذَابُ ثُمَّ لا تُنْصَرُونَ
Эй мусулмонлар, Аллоҳ таолони азобу уқубатларига гирифтор бўлмасдан илгари тавба, тазарруъ ила Аллоҳ таолони ўзига қочиб итоат қилингларки, аввал азобга гирифтор бўлгандан сўнгра ҳаргиз мадад-ёрдам тополмассизлар[3]
деган мазмундаги оятни ўқиб бир ўқ отди, у ҳам тегмади. Аммо Фузайл аввалгиларидан ҳам қаттиғроқ наъра тортиб беҳуш бўлиб йиқилди. Шундан сўнг хизматкори энди аниқ ўқ тегди, деб гумон қилиб уни ҳамма баданидан ахтариб турганида, Фузайл ҳушига келиб,
- Эй хизматкор, мендан ўқни ахтарма, балки менга Худони ўқи тегди, деб йиғлаб ҳамма хизматкорларига ва ҳамроҳларига қараб:
- Эй биродарлар, сизлар бу йўлдан қайтинглар, мен ҳам пушаймонман, гуноҳларимга тавба қилдим, бундан кейин ҳаргиз бундай гуноҳга йўл қўймасман – деди.
Фузайл Каъбатуллоҳга равона бўлди. Вақтики Бағдод шаҳрини Наҳарвон деган қишлоғига яқин етиб келганида, олдидан халифа Хорун ар Рашид чиқди. Фузайлни кўриб:
- Эй Фузайл, мен бу кеча туш кўрсам, тушимда бир нидо қилувчи мунодий баланд овоз билан нидо қилиб, бугун Фузайл қароқчи тавба қилиб ҳамма гуноҳларидан қайтди ва Аллоҳ таолони ризоси, ибодатига машғул бўлди, деб чақирди, деб кўрган тушини баён қилган эдилар. Фузайл қаттиқ сайҳа тортиб:
- Худоё, қирқ йилдан бери сендан бегона бўлиб ғафлатда юрган мендек гуноҳкор бандани ҳам ўз караминг билан мени дўст тутдингми?! – деб беҳуш бўлиб йиқилди.
[1] Ҳадид 16
[2] Аз зориёт 50
[3] Зумар 54
Нажмиддинов Муҳаммадхон
таълим муассасаси ходими