УСТОЗ – ОТАДЕК УЛУҒ
Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила.
Алишер Навоий.
Ҳазрат Навоийдан келтирилган бу ердаги сўзларда ҳеч муболаға йўқ. Дарҳақиқат, устозларимизнинг ҳақлари беқиёс. Улар маънавият боғининг боғбонларидирлар. Дунё уларнинг меҳнатлари эвазига ободдир. Уларнинг қалблари таратган зиё туфайли инсонларнинг маънавий дунёси ёруғ ва равшан. Бинобарин, биз уларни қанча кўп улуғласак, эъзозласак, шунча оз.Инсон ким бўлишидан қатъий назар, қайси соҳа вакили бўлмасин, у билим олиш учун устозга муҳтож. "Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур, агар устоз рози – Тангри розидур”, – деганлар Алишер Навоий ҳазратлари.
Шоҳу гадо, яхши-ю ёмон, бари бир, қачонлардир муаллим сабоқларидан баҳра олган.
Юртимиз истиқлолга эришгач, халқимизнинг шаъни ва шуури ўз ўрнига қайтди. Айниқса, таълим-тарбия соҳасида ҳам жуда катта ижобий силжишларга эришилди. Кўплаб илм даргоҳлари таъмирланди ва уларнинг қаторига янгилари қуриб битказилиб, халқимиз фарзандларига юксак даражада билим олишлари учун тақдим қилинди. Шулар қаторида бугун биз сўз юритган бобомерос қадрият – устоз-шогирдлик анъаналарини янги шароитда, янги мазмунда ҳаётга татбиқ этиш имкониятлари юзага келди. Бугун мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида ўқиётган ёшларимиз ўз муаллимларига “устоз” деб мурожаат қилиши урфга кирди. Бу – яхшилик аломати. Зеро, тилда қайта-қайта такрорланган калом вақти келиб, қалбга муҳрланади. Мустақилликка эришиш жараёнидаёқ илм соҳасида ижод ва меҳнат қилиб турган кишиларнинг ижтимоий ҳаёт тарзларига катта эътибор қаратилди. Чунки келажак авлоднинг тақдири айнан юксак даражадаги ана шундай зиёли кишилар қўлида бўлди. Улар бераётган таълим-тарбиянинг юрт фарзандларигагина эмас, балки бутун жамиятга манфаати беқиёсдир. Бу азизларнинг сайъ-харакатлари эъзозланиб, йилнинг 1-октябрь санаси давлатимиз томонидан “Устоз ва мураббийлар” куни деб аталиб, уларнинг меҳнатларини қадрлаш мақсадида бу кун расмий равишда “дам олиш куни” деб эълон қилинди. Ушбу кунда юртимизнинг барча ўқув масканларида таълим-тарбия бераётган устоз ва мураббийларни байрам билан табриклаб, меҳнатларини эслаб, уларга ташаккурлар билдириш одат тусига айланган.
Дейдилар, дунёда асли ким Азиз,
Айтдилар устоздир, устоз бегумон.
Сўнг айтдиларки, Азиз шубҳасиз,
Устозлар қадрига етолган инсон.
Инсоннинг инсон бўлиб камол топишида, унга билим ва одамийлик, меҳр-оқибат, эзгу орзу-ниятлар билан яшаш туйғуларини сингдиришда, бир сўз билан айтганда, жамиятимизнинг муносиб фуқароси бўлиб ҳаётга кириши ва мустаҳкам ўрин олишида ўқитувчи ва мураббийларнинг, барча таълим соҳаси фидойиларининг ҳиссаси беқиёсдир.
Ҳазрат қози Имом Фахриддин ал-Арсобандий Марв вилоятида барча имомларнинг раиси эдилар. Марвнинг султони бу зотни ғоятда ҳурматлар эди. У зот “Фақатгина устозимнинг дуолари шарофати билан бу мансабга эришдим. Ҳурматларини ўринлатишгаҳаракат қилдим. Ҳазрат устозим қози Имом Абу Язид ад-Даббусий (а.р.)нинг хизматларида қуш мисоли учар эдим. Кийимларини ювиб, поябзалларини тозалаб, таомларини ҳозирлар, устозим овқатланиб бўлгунлари-ча, ўзим тановул қилмас эдим, - деб кўп бор такрорлардилар.
Ҳорун ар-Рашид ўғилларини имом Асмоий (р.а) ҳузурларига илм ва одоб
ўрганмоғи учун юборди. Бир куни устоз ҳазратларининг таҳорат олаётганларини кўриб қоладилар. Ўғиллари эса оёқларига сув қуяр эди. Шунда халифа ҳазратлари имом Асмоийни уришиб маломат қилдилар.
- Мен сизнинг ҳузурингизга ўғлимни илм ва одоб ўргансин деб жўнатган эдим, шундай экан нима учун бир қўли билан сув қуйиб, бошқаси билан оёғингизни ювишни буюрмайсиз?! - дедилар.
Демак, устоз ҳурматига риоя қилмоқ, хизматларига қоим бўлмоқ, унинг кўнглида муҳаббат ва ризолигини топиш ҳар бир талабанинг ҳаётий вазифасига айланмоғи керак экан. Бу эса, илмидан ўзи ҳам,бошқалар ҳам манфаат топишига асосий омиллардан биридир. Толиб бу юксак бурчни ихлос ва самимият билан ёндошгандагина, самарасидан баҳра олишга эришади.
Мухтасар қилиб айтганда, устоз ва мураббийларнинг жамият тараққиётидаги меҳнатлари беқиёсдир. Уларнинг меҳнатлари натижасидан баҳраманд бўлган биз шогирдларга улар қилган дуолар ижобат бўлаверсин.
Шавкатжон МАДАМИНОВ,
“Ҳидоя” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси