ЖАВРОБ ҲАҚИДАГИ ҲАДИС ШАРҲИ
Имом Термизий Муғира ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. У киши: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки жавроб ва икки наълларига масҳ қилдилар”, деганлар. Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бу ҳасан саҳиҳ ҳадис. Бу ҳукм аҳли илмларнинг бир нечаларининг сўзлари. Шу жумладан Суфён Саврий, Ибн Муборак, Шофеъий, Аҳмад ва Исҳоқлар: “жавроб мунъал(ости теридан) бўлмасада, лекин қалин бўлса унга масҳ тортиш жоиз”, деганлар”.
Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ бир неча имомлардан икки жавроб теридан бўлсин ёки бўлмасин ундай жавроб қалин бўлиши шарт эканлигини нақл қилдилар. Имом Теримизий зикр қилган имомлар салаф имомларидандир. У зотлар ҳадисдан жавроб қалин бўлишини тушунганлар. Бу ҳукм ижмоъ ила собит бўлмоқда. Мўътабар имомлардан бирор киши ҳадиснинг зоҳирига кўра ёки мутлоқлигича ҳукм олган эмас. Яъни, ҳар қандай жавроб ҳадисда назарда тутилган жавроб эмас. Жавроб қалин бўлиши шарт қилиниши, фаразан ҳадис саҳиҳ ва собит бўлган кўринишда дуруст бўлади!
Ҳадиснинг санади ва матнига эътибор қаратилса, ҳадис имомларининг энг кўзга кўринганлари ушбу ҳадисни қабул қилмаган ва заифга чиқарганлар! Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ “Сунан”ларида: “Абдураҳмон ибн Маҳдий бу ҳадисни айтмаган. Муғира ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан билинган ҳадис у кишининг “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки махсиларига масҳ тортдилар” деган ҳадиси. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “У зот икки жавробларига масҳ тортдилар”, деб ривоят қилган ҳадислари эса санади муттасил ва қувватли эмас”, деганлар.
Бу ҳадисни фақатгина Абу Қайс ал-Авдий ва Ҳузайл ибн Шураҳбийллар “икки жавробга” деб ривоят қилганлар. Қолганлар эса “икки махсига” деб ривоят қилишган.
Имом Муслим роҳимаҳуллоҳ: “Қуръонда қатъий келган оёқ ювиш ҳукмини Абу Қайс ва Шураҳбийл сингари ровийларнинг қилган ривояти билан тарк қилмаймиз”, деганлар. Имом Байҳақий Абдураҳмон ибн Маҳдийнинг “мен Суфён Саврийга: “мен сиздан қабул қилган Абу Қайснинг ҳадиси ҳақида айтиб берсангиз”, дедим. Шунда у киши менга у ҳадис заифлигини ёки аҳамиятли эмаслигини ёки шунга ўхшаш сўзни айтдилар” деганларини зикр қиладилар. Яна имом Байҳақий роҳимаҳуллоҳ Али ибн Мадиний роҳимаҳуллоҳдан ривоят қиладилар. У киши: “Муғира ибн Шўъбанинг “икки махсига масҳ тортдилар” ҳадисини Мадина аҳли, Кўфа аҳли ва Басра аҳли ривоят қилдилар. Ҳузайл ибн Шураҳбийл эса Муғирадан “икки жавробга масҳ тортдилар” деб ривоят қилди. У одамларга хилоф қилди”, дедилар.
Яна имом Байҳақий роҳимаҳуллоҳ Мифдол ибн Ғассон роҳимаҳуллоҳдан ривоят қиладилар. У киши айтадилар: “Яҳё ибн Маъиндан бу ҳадис ҳақида сўрадим. У киши: - Абу Қайсдан бошқа барча одамлар “икки махсига” деб ривоят қилганлар, дедилар”.
Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ “Мажмуъ” асарларида: “бу ҳадис заиф. Уни Суфён, ибн Маҳдий, Аҳмад ибн Ҳанбал, ибн Маъин, ибн Мадиний ва имом Муслим каби ҳофиз муҳаддислар заиф санаганлар. Уларнинг ҳар бирлари якка ҳолатда, маърифат аҳли иттифоқига кўра, имом Термизийдан муқаддам туради”, деганлар. Имом Насаий роҳимаҳуллоҳ: “бу ҳадис ривояти борасида Абу Қайсга эргашган кишини билмаймиз. Муғира ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан келган саҳиҳ ҳадис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки махсига масҳ тортганликларидир. Валлоҳу аълам”, деганлар.
Юқорида айтилган гаплар имом Термизий ривоятига тегишли. Бу ҳадисни имом Термизийдан бошқа киши очиқ-ойдин саҳиҳ демаган. Имом Термизийнинг саҳиҳ дейиши эса ҳофиз муҳаддисларнинг заиф санашига қарши ҳужжатга яроқли бўлмайди.
Жавроб борасида ибн Можа ўзларининг сунанларида Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадислари борасида эса имом Абу Довуднинг сўзлари юқорида келтириб ўтилди. Ушбу ҳадис санадида Ийсо ибн Саннон ва Заҳҳок ибн Абдураҳмон бор. Заҳҳок Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ҳадис эшитмаган. Демак, бу ҳадис мунқотеъ(санадида узилиш бор) ҳадисдир. Заҳҳокни имом Аҳмад, ибн Маъин(бир ривоятида) ва Насаий ва бошқалар заифга чиқарганлар. Шунинг учун Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ: “санади муттасил эмас”, деганлар.
Бизга мухолиф бўлган кишилар имом Аҳмад “Муснад”ларидаги Савбондан ривоят қилинган ҳадисни далил қилиб олганлар. Лекин у ҳадис ҳам мунқотеъ. Мазкур ҳадисда: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни сарийяга юборадилар. Улар совуқда қоладилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига қайтганларида ўзларига етган совуқдан шикоят қиладилар. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга асоиб ва тасохин (бу икки сўз кейинроқ шарҳланади)ларга масҳ тортишга буюрадилар”. Бу ҳадис ровийларидан бири Рошид ибн Саъд Савбондан эшитмагани айтилади. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ уни эшитганини айтганлар. Нима бўлганда ҳам ҳадис матни мухолифлар кўзлаган мақсадга далолат қилмайди. Чунки тасохиннинг маъноси махсилардир. “Айн”, “Муҳит” луғатларида, Ибн Сийданинг “Мухассас”ида, Абу Убайднинг “ал-фоиқ фий ғорибил ҳадис” ва “ғорибил ҳадис” асарларида, Азҳарийнинг “таҳзийб ал-луға”сида, Ибн Асирнинг “Лисонул араб”, “Тожул урус”, “Ниҳоя” асарларида ва “ал-қомус ал-муҳит”, “ал-мисбаҳ ал-мунир”, “мухторус-сиҳоҳ”ларда тасохиннинг маъноси махсилар эканлиги айтилган.
Юқоридагилардан кўринадики, жавроб борасида саҳиҳ ва собит ҳадис мавжуд эмас. Чунки жавроб ҳақидаги ҳадисларни имом Аҳмад, ибн Маъин, Абдураҳмон ибн Маҳдий, Муслим, Суфён Саврий, Али ибн Мадийний, Насоий, Байҳақий, Табароний, Нававий ва бошқалар заифга чиқаришган. Китоб ва суннатни ушлашни, аҳли ҳадис эканини, салафи солиҳларга эргашишликни даъво қилаётган биродарларимиз юпқа пайпоққа масҳ тортиш жоизлигини қаердан олган эканлар-а?!
Саминов Азамхон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
таълим муассасаси ўқитувчиси