Яратилиш санаси 21.12.2024

Сабрнинг турлари

Ҳилмий айтади: «Сабр уч турлидир: Жабборнинг тоатига сабр қилиш. Жабборнинг маъсиятидан сабр қилиш. Жабборнинг имтиҳонига сабр қилиш».

Ибн Қаююм айтади: «Сабр ўзи боғланган нарса эътиборидан уч қисмга бўлинади: Амр ва тоатларни адо этишга сабр. Наҳий ва хилофларни қилмасликка сабр. Қазои қадарларга рози бўлишга сабр».

Ферузободий айтади: «Сабр уч турлидир: Аллоҳга сабр. Аллоҳ билан сабр. Аллоҳ учун сабр».

Аллоҳ таоло сабрни Қуръони Каримда бир юз учта оятда зикр қилган. Қуйида ўша оятларда баъзиларини намуна учун қисқача ўрганамиз.

1. Тоатларга сабр қилиш ҳақидаги оятлардан.

 Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва, албатта, у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта ишдир», деган (45-оятлар).

 Биз, ёрдам сўранг, деб таржима қилган ибора араб тилида «истаъийну» деб келган. Бу сўзнинг маъноси бир ишга уриниб туриб, яна қўшимча ёрдам сўрашни англатади. 

 Демак, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил уринади ва шу уриниш билан бирга, Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Сабр ҳам, кўпчилик хаёл қилганидай салбий маънода, яъни, нима бўлса ҳам сабр қиляпман, деб жим-ҳаракатсиз туриш эмас, балки Аллоҳнинг айтганини бажариш жараёнида дуч келадиган машаққатларни енгишдаги сабрдир. 

 Энг бош сабр ҳавою нафсни, роҳат-фароғатни, мансабни тарк қилиб, Аллоҳнинг айтганига юришга чидамдир.

 Намоз эса, бандани Аллоҳга боғлаб турувчи нарса бўлиб, инсон намоз орқали қувват, матонат, чидам ва бардошга эришади. Пайғамбар алайҳиссалом қачон бошларига қийин иш тушса, намоз ўқишга шошилар эдилар.

Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Ёки Аллоҳ сизлардан жиҳод қилганларни билмасдан ва сабрлиларни билмасдан туриб, жаннатга кираверамиз, деб ҳисоблайсизми?!» деган (142 - оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда мусулмонларнинг ғалаба ва мағлубият, мукофот ва жазо ҳақидаги тасаввурларини тўғриламоқда. Олий мақсадларга, жаннатга эришиш осон эмаслигини баён қилмоқда. Ҳа, албатта, бу йўл қийинчилик ва машаққатларга тўла. Мақсадга эришиш учун ўзидаги ҳамма имкониятларни охиригача ишга солиш керак. 

Аммо бунинг ўзи кифоя қилмайди. Балки сабр ҳам лозим. Сабр ғалабага эришгандан сўнг ўз бурчини адо этиш вақтида ҳам зарур. 

Шунинг учун ҳеч бўшашмаслик ва хафа бўлмаслик керак. Ҳақ йўлини билгандан кейин, қанчалик қийин бўлмасин, ундан собит қадамлар билан бориш лозим. 

Аллоҳ таоло «Тоҳа» сурасида: «Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берамиз. Оқибат тақвоникидир», деган (132- оят).

Мусулмоннинг бурчи аҳлини, оиласини мусулмон қилишдир. Бу ишда намоз муҳим ўрин тутади. Шунинг учун аҳлингни, оила аҳзоларингни намоз ўқишга буюр. Ўзинг ҳам сабр ила намозда бардавом бўл ва аҳлингни намозга ундашда давом эт.

2. Бало – синов - ларга сабр қилиш ҳақидаги оятлардан: Аллоҳ таоло «Муҳаммад» сурасида: «Ва таъкидки, Биз сизларни синармиз, токи сизлардан мужоҳидларни, сабрлиларни билсак ва хабарларингизни имтиҳон этсак», деган (31 - оят).

Албатта синов кўп нарсаларни ошкор қилади. Синов бўлмай, ҳама иш равон кетаверса, одамлар бир-бирларининг ҳақиқатини била олмайдилар. Ким ҳақиқий мўмин, ким мунофиқлиги ҳам аён бўлмайди. Аксинча, синов йўқ пайтида мунофиқлар олдинги сафга чиқиб, ўзларини фидокор қилиб кўрсатадилар. Худди шу маънога оятнинг давомида ишора қилинмоқда.

 «…токи сизлардан мужоҳидларни, сабрлиларни билсак ва хабарларингизни имтиҳон этсак».

Билгандан сўнг ундан ўз ўрнида фойдаланиш керак. Гоҳ хурсандлик, гоҳ хафалик, гоҳ енгиллик, гоҳ оғирлик, гоҳ бахтиёрлик, гоҳ мусибат билан синов ўтиши инсон руҳидаги, нафсидаги ўша беркитилган нарсаларнинг ошкор бўлишига ёрдам беради. Инсонларнинг бу нарсаларни англаши келажак ҳаётларида ёрдам беради. 

Аслида мўмин банда синов ва имтиҳонни орзу қилмайди, балки Аллоҳдан доимо офият ва раҳматни сўрайди. Шундан сўнг ҳам синов-имтиҳонга учраса, сабр қилади. Бунинг ҳикмати борлигини идрок қилади, ҳамма нарса Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлишига иймон келтиради. Ўзига Аллоҳнинг раҳмати ва офияти етишини кутади.

Аллоҳ таоло «Луқмон» сурасида: «Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир», деган (17 - оят).

Мўмин-мусулмон одам гоҳида қаршиликка учрайди. Одамлардан унга турли озорлар етади. Шундай ҳол рўй берса:  «...ўзингга етган мусибатга сабр қил».

 Сабр қилмасанг, иш битмайди.

Мўмин бандга амр қилинган ишлар азму қарор билан адо этилиши лозим бўлган аҳамиятли ишлардир. Шунинг учун ҳам уларни адо этишда сабр керак бўлади.

Аллоҳ таоло «Зумар» сурасида: «Сен (Менинг тарафимдан): «Эй иймон келтирган бандаларим, Роббингизга тақво қилинг. Бу дунёда гўзал амал қилганларга гўзаллик бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур», деб айт», деган (10 - оят).

Баъзи уламоларимиз, сабр қилувчиларга ажрлари берилаётганда, ҳисоблаб ўтирмасдан, улгуржи бериб юборилади, деб таъвил қилганлар.

3. Сабр набий ва солиҳларнинг сиймосидир.

 Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида: «Ва Исмоил, Идрис ва Зул-кифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир. Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир», деган (85 – 86 - оятлар).

 Бу ерда Исмоил алайҳиссаломнинг сабр-тоқатларига алоҳида урғу берилмоқда. Исмоил алайҳиссалом ҳақиқатда юқори даражада сабр намуналарини кўрсатганлар. У киши ўсимлик ўсмайдиган саҳроларда сабр қилиб ўсганлар. Байтуллоҳни қуришда оталари Иброҳим алайҳиссаломга сабр ва матонат билан ёрдам берганлар. Ўзларини қурбонлик учун сўйиш амри келганида ҳам сабр қилганлар.

 Идрис алайҳиссалом ҳам қавмларининг кирдикорларига сабр қилганлар. Ушбу оятда ҳам у кишининг сабр сифатлари ёд этилмоқда.

 Зул-кифл алайҳиссалом ҳам сабр қилгувчилар қаторига қўшилмоқдалар.

 Сабрлари туфайли Аллоҳ таоло уларни ўз раҳматига киритди. Яхшиликлар ато этди. Улар аҳли солиҳлардан бўлдилар. Шунинг учун ҳам Қуръонда зикр қилинмоқдалар.

 Аллоҳ таоло «Аҳқоф» сурасида: «Бас, азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек, сабр қил, уларга (азоб етишига) шошилма! Улар ваъда қилинган нарсани кўрганларида худди (бу дунёда) кундуздан бир лаҳзагина турганга ўхшарлар. Бу етказишдир! Бас, фақат фосиқ қавмларгина ҳалок қилинур, холос!», деган (35 - оят).

 «Улул азм», яъни азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар - Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ийсо алайҳиссаломлардир. Бу буюк Пайғамбарларнинг ҳар бирларининг бошларига иймон йўлида, дину диёнат йўлида қанчадан-қанча кулфатлар ёғилган. Лекин улар сабр матонатда зарбулмасал бўлганлар. 

 Бу ҳақиқатни кўпчилик, жумладан, Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматлари ҳам яхши биладилар. Шунинг учун ўз даврларида Макка мушрикларининг қаршиликларига учраб қийин ҳолга тушганлрида «Улул азм» номини олган буюк Пайғамбарлардан ўрнак олишга чақирилаяптилар. 

 «Бас, азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек, сабр қил, уларга (азоб етишига) шошилма!»

 У зоти бобаракот бу илоҳий амрга амал қилдилар ва ўзлари ҳам «Улул азм» Пайғамбарлар сафидан ўрин олишга муяссар бўлдилар.

Ахунжанов Қобилхон

таълим муассасаси ўқитувчиси