
Исломда фарзанд тарбияси
«Иҳёу улумиддин» асарида Имом Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ марҳамат қиладилар: Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий айтадилар: «Уч ёшлигимда кечаси турар эдим ва тоғам Муҳаммад ибн Сиворнинг намозларига қараб турардим. Бир куни менга «Сени яратган Аллоҳни эслайсанми?» дедилар.
Мен: «Уни қандай эслайман?» дедим. Шунда у киши: «Кўрпангга ётаётган вақтингда тилингни қимирлатмасдан уч марта қалбинг билан «Аллоҳ мен билан бирга, Аллоҳ менга қараб турувчи, Аллоҳ мени кўриб турувчи», дегин», дедилар. Ана шуни бир неча кун айтдим, сўнгра у кишига буни изҳор қилдим.
Менга «Яна ҳар кеча етти мартадан айт», дедилар. Яна бир неча кун айтдим. Сўнгра у кишига билдирдим. Менга «Яна ҳар кеча ўн бир мартадан айт», дедилар. Айтдим, ана шунда қалбимга унинг ҳаловати тушди. Шундан бир йил ўтгандан кейин тоғам яна менга «Сенга ўргатган нарсамни ёдингда тут ва то қабрга киргунингча доим уни айтиб юр, чунки у сенга дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда беради», дедилар.
Шуни бир неча йил давомида айтиб юрдим. Ботинимда ҳам унинг ҳаловатини топдим. Сўнг тоғам менга бир куни «Эй Саҳл, қайси бир инсон билан Аллоҳ бирга бўлса, унга қараб турувчи ва уни кўриб турувчи бўлса, у киши Аллоҳга осийлик қила оладими? Сен ҳам Аллоҳга осий бўлишдан сақлан», дедилар. Мен ёлғиз юрар эдим, мени мактабга юборишди.
Мен: «Мақсадларим (яъни, Аллоҳга яқинлашишга интилиш) тарқалиб кетишидан қўрқаман», деб айтдим. Лекин улар муаллим билан мен бир соатга бориб, таълим олгач, қайтиб келишимга шартлашиб олишди. Мактабга бордим ва Қуръонни таълим ола бошладим. Уни олти ё етти ёшимда ёдлаб бўлдим. Ҳар куни рўза тутардим. Таомим эса ўн икки йил ичида арпа нони бўлди.
Ўн уч ёшлигимда бир масала чиқиб қолди. Оиламдан Басрага ана шу масалани сўраш учун юборишларини сўрадим. Басрага бордим ва уламолардан сўрадим, бирон киши саволимга жавоб бера олмади. Басрадан Ибодонга бир кишининг олдига бордим. У кишини Абу Ҳубайб Ҳамза ибн Абий Абдуллоҳ ал-Ибодоний, дейишарди. У кишидан масалани сўрадим, менга жавоб бердилар.
Мен олдиларида бир муддат қолиб, илмларидан фойдаландим ва одобларини ўргандим. Сўнгра Тустарга қайтиб келдим. Овқатим учун бир дирҳамга арпанинг ўзини сотиб олиш билан кифояландим. Шуни янчиб нон қилиб беришарди. Бир увқиясини ҳар кеча саҳарлик пайтида тузсиз ва нонхурушсиз ердим. Бир дирҳам бир йилга етарди. Сўнгра уч кеча кетма-кет оч юриб, кейин едим. Сўнгра беш кеча, сўнгра етти кеча, сўнгра йигирма беш кеча оч юрдим.
Мана шу ҳолда йигирма йил ўтди. Сўнг ер юзига бир неча йилга саёҳатга чиқдим. Кейин Тустарга қайтиб келдим. Кечанинг ҳаммасида Аллоҳ хоҳлаганича қойим бўлар эдим». Аҳмад айтдилар: «Аллоҳга йўлиққунларича у кишининг туз еганларини кўрмадим».
Маҳмудов Калимуллоҳ
таълим муассасаси ўқитувчиси