
МУНОСИБ КЕЛИН
Оила қуришга одатда эркак томон ҳаракат бошлайди ва энг аввал муносиб келин ахтаришга киришилади. Қандоқ келин энг муносиб келин ҳисобланади? Бу саволга турли халқлар турли вақтларда турлича жавоб берганлар.
Мусулмонлар бошқа нарсалар қатори бу нозик масалада ҳам ўз динлари кўрсатмаларига амал қилганлари учун Аллоҳнинг марҳамати ила ҳеч қийналмаганлар.
Уларга бу ишда Ислом шариати ёрдамга келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бир қанча ҳадиси шарифларида муносиб келин қандоқ бўлишини баён қилиб берганлар.
1884. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл тўрт нарсаси учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бирор аёл кишига уйланишдан олдин унинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда ўша никоҳига рағбат қилинадиган аёлда бўлиши лозим яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ва оммавийси ҳақида сўз кетмоқда.
Агар ушбу тўрт сифат–мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам, дину диёнатга қўшилиб, бир қизни музайян қилиб турса, албатта, яхши.
Аммо мазкур тўрт сифат бир-бири билан солиштирилганда улар орасида диндорликка тенг келадигани йўқ. Балки қолганларга яна бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам диндорлик сифатига ета олмайди.
Чунки молдорлик вақтинча. Қолаверса, мол-мулкининг кўплиги келиннинг ҳовлиқишига, куёвни ва унинг яқинларини менсимаслигига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Диндорлик бўлмаган жойда кўпинча молдорлик ноқулай ишларга сабаб бўлиши турган гап.
Ҳасабу насаби яхши келин, албатта, яхши. Лекин фақат ҳасабу насабига ишониш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Ота-она, бобо-момолар яхши ўтган бўлсалар яхши, лекин улар уйларида қоладилар. Куёвникига келин келади. Агар келин диндор бўлмаса, ҳасаби ва насаби билан фахрланиб куёвни ва унинг яқинларини хижолат қилиши мумкин.
Жамол ҳам ўзича яхши нарса. Лекин бу ҳам ўткинчи. Маълум муддатдан кейин келиннинг жамоли ўзгариши турган гап. Бунинг устига фақат жамолга суяниб иш қилиш ҳам яхшиликка олиб бормайди.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам диндор келинни ихтиёр қилишга буюрмоқдалар. Диндорлик ҳақиқий ва бардавом яхши сифатдир. Келин диндор бўлса, куёвни ва унинг яқинларини ҳурмат қилади. Оиланинг ҳақиқий устуни ва порлаб турган чироғи бўлади. Ундан дунёга келадиган фарзандлар ҳам ажойиб инсонлар бўлиб етишадилар.
Диндор келин шариат кўрсатмаси бўйича ўз бурчи ва масъулиятларини тўлиқ адо этиб яшайди. Диндорлик ҳақиқий бойликдир! Диндорлик ҳақиқий ҳасаб ва насабдир! Диндорлик ҳақиқий гўзалликдир!
Шунинг учун ҳам қизларимизни диндор қилиб тарбиялашга уринишимиз керак. Шунинг учун келин танлаганимизда диндор келин танлашимиз керак.
وَمُسْلِمٍ: إِنَّ الدُّنْيَا كُلَّهَا مَتَاعٌ وَخَيْرُ مَتَاعِ الدُّنْيَا الْمَرْأَةُ الصَّالِحَةُ.
1885. Насаий ва Муслим ривоятида: «Дунёнинг ҳаммаси матоъ(ҳузурланиш)дир ва дунёнинг энг яхши матоъси солиҳа аёлдир», дейилган.
Шарҳ: «Матоъ» сўзи «ҳузурбахш» маъносини англатади.
Ушбу ҳадиси шарифда бу дунёдаги нарсалар матоъ экани, уларнинг ичида энг яхшиси солиҳа аёл экани ҳақида сўз кетмоқда. Бу аҳли солиҳ бўлишлик қандоқ ҳам яхши эканини билдиради.
Солиҳ инсон дегани эса, шариат томонидан қилинган амрни бажариб, қайтариқдан қайтадиган ва ўз ихтиёри ила қўшимча нафл амаллар қиладиган деганидир. Солиҳлик фасод ва ёмонликнинг тескарисидир.
Солиҳлик банданинг тузилишида ҳам, қиладиган амалида ҳам бўлади. «Сулҳ» сўзи ҳам «салоҳ»дан олинган бўлиб, кишилар орасидаги бузилган муомалаларни тузатишга айтилади. Солиҳлик дунё ва охират ишларида яхши бў-лишни англатади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёнинг энг яхши матоъси солиҳа аёлдир, деганлари ушбу юқорида зикр этилган маъноларни ўз ичига олади.
Демак, келин танлаш вақтида келиннинг солиҳа бўлишига қараш керак экан. Бу эса, яратилишида ҳам, хулқи-одобида ҳам етук бўлишидир.
Шариат кўрсатмаларини бажарибгина қолмай нафл ибодат ва яхши амаллар ҳам қилиши ўзида солиҳаликни мужассам қилишига қараб бўлар экан.
Усманов Абдусамад
таълим муассасаси ўқитувчиси