
Қуръони карим тиловати
Аллоҳ таолонинг охирги китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг тиловати ҳам нафс поклиги ва ахлоқ сайқалига катта тасири бор омилдир.
Қуръони Карим тиловати деганда уни ҳарфларини жойига қўйиб аниқ ва тажвид қоидаларига мувофиқ қилиб шошилмасдан ўқиш тушунилади.
Қуръони Каримда унинг тиловати ҳақида олтмиш еттита оят келган. Қуръони Карим тиловати жуда ҳам фазилатли амал ҳисобланади.
Аллоҳ таоло «Фотир» сурасида: «Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. Чунки У зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир», деган (29–30-оятлар).[1]
Яъни, Аллоҳ таоло ўта мағфиратли Зотдир. Қуръон тиловат қилган, намозни тўкис адо этган, инфоқ-эҳсон қилганларнинг гуноҳларини мағфират этади.
Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиш унга кўз югуртириб чиқиш ёки ёдлаб олган жойини шуурсиз такрорлаш эмас. Қуръон тиловати уни бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда тадаббур ила ўқиб, унга амал қилишдир.
Ҳа, Қуръон тиловати ниҳоятда зарур. Шунинг учун ҳам, оятда мўминлар сифатлари ичида биринчи ўринда Қуръон тиловати келмоқда. Аввал айтиб ўтилганидек, ҳақиқий тиловат, ўзидаги зикр қилинган ҳукмларга амал этишга чорловчи тиловатдир.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Биз китоб берганлардан уни ўрнига қўйиб тиловат қиладиганлари, ана ўшалари унга иймон келтирурлар. Ким унга куфр келтирса, ана ўшалар ўзлари ютқазганлардир», деган (121-оят).
Кимки Қуръони каримни инсоф билан, ўрнига қўйиб ўқиса, унга иймон келтириш зарурлигини тушуниб етади. Бу улкан ҳақиқатни ушбу ояти кариманинг биринчи жумласидан тушуниб оламиз.
«Биз китоб берганлардан уни ўрнига қўйиб тиловат қиладиганлари, ана ўшалари унга иймон келтирурлар».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «ўрнига қўйиб тиловат қилиш»ни: «Ҳалол деганини, ҳалол билиб, ҳаром деганини, ҳаром билиш; Аллоҳ қандай туширган бўлса, шундай ҳолда ўқиш, маъноларини бузмаслик, ўзича нотўғри таъвил қилмаслик», деб таъвил қилган.
Шу ва шунга ўхшаш шартларга амал қилиб, инсоф билан тиловат этганлар иймонга келиб, икки дунё саодатига эга бўладилар.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида: «Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз», деган (204-оят)[2].
Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони Карим тиловат қилинганда жим туриб қулоқ солиш вожиблиги ҳақида ҳукм чиқарганлар.
Ҳанафий мазҳаби уламолари эса, намозда имом қироат қилганида, иқтидо қилувчилар жим қулоқ солиши лозим, деб ҳукм чиқарганлар.
Умуман, Қуръон Аллоҳнинг каломи, уни ўқиш, тинглаш, ўрганиш ва унга амал қилиш зарурий ишдир. Ҳар бирининг ўзига яраша зарурати ва ҳаловати бор.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг Қуръони карим фазли ҳақида айтган ҳадиси шарифларидан баъзиларини ўрганишга Аллоҳ таолодан мадад сўраган ҳолимизда ҳаракат қиламиз.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир», дедилар[3]». Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Оиша розияллоҳу анҳо.дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонга моҳир бўлган киши мукаррам, ўта яхши фаришталар билан бирга бўлади. Ўқиганда қийналадиганга икки ажр бордир»[4], дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар. Биз суффада ўтирган эдик. Бас, у зот: «Сизлардан қай бирингиз Бутҳон ёки Ақийққа бориб, Аллоҳга гуноҳ қилмасдан ва қариндошлик алоқасини узмасдан иккита катта ўркачли туя олиб кела олади?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг ҳар биримиз буни жуда ҳам хоҳлаймиз», дедик. «Албатта, бирингизнинг ҳар куни масжидга келиб, Аллоҳ азза ва жалланинг китобидан икки оят таълим олмоғи иккита туядан яхшироқдир. Учтаси учтадан яхшироқдир. Тўрттаси тўрттадан яхшироқдир. Қанча оят бўлса, шунча туя», дедилар у зот».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилсалар, уни ўргансалар, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади», дедилар»[5]. Иккисини Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қуръон соҳибига: “Қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятингнинг маконидан бўлади”, дейилади»[6]. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Абу Довуднинг «Ким Қуръонни ўқиса ва унда бор нарсага амал қилса, унинг ота-онасига қиёмат куни зиёси бу дунёдаги уйларда бўлган қуёшнинг зиёсидан ҳам яхшироқ бўлган тож кийдирилади. Энди бунга амал қилганга нима бўлишини ўзингиз билиб олаверинг»[7], дейилган.
[1] Шайх Абдулазиз Мансур. “Қуръони карим маъноларининг таржимаси”. – Тошкент.:Тошкент ислом университети нашри ёти, 2009.
[2] Шайх Абдулазиз Мансур. “Қуръони карим маъноларининг таржимаси”. – Тошкент.:Тошкент ислом университети нашри ёти, 2009.
[3] Муҳаммад ибн Исмоил Абу Абдуллоҳ Бухорий. “Саҳиҳул бухорий”, 6 жуз. – Байрут.:Дору ибни касир – Ямома, 1987.
[4] Муслим ибн Ҳажжож Абулҳусайн Қушайрий Найсобурий. “Саҳиҳу муслим”, 5 жуз. – Байрут.:Дору иҳёит турос.
[5] Муслим ибн Ҳажжож Абулҳусайн Қушайрий Найсобурий. “Саҳиҳу муслим”, 5 жуз. – Байрут.:Дору иҳ ёит турос.
[6] Муҳаммад ибн Исо Абу Исо Термизий. “Сунанут термизий”, 5 жуз. – Байрут.:Дору иҳёит турос.
[7] Сулаймон ибн Ашъас Абу Довуд Сижистоний Яздий. “Сунану аби довуд”, 4 жуз. – Байрут.:Дорул фикр.
Муҳитдинов Алишер
таълим муассасаси ўқитувчиси