
Қуръон тиловати одоблари
Уламоларимиз Қуръони Карим қироати одоби ҳақидаги барча далилларни ва мулоҳазаларни ўрганиб чиққанларидан кейин хулоса қилиб бу одобларни қуйидагича тартибга соладилар:
1. Қуръони каримни қироат қилувчи таҳоратли бўлиши лозим.
1. Қуръони каримни қироат қилувчи одобли бўлиши керак.
2. Қуръони каримни қироат қилувчи чўкка тушиб тавозуъ билан ўтириши керак.
3. Қуръони каримни қироат қилувчи чордана қуриб, ёнбошлаб ёки мутакаббир сифатда ўтирмаслиги керак.
4. Қироат қилувчи учун энг афзал ҳолат тик турган ҳолида намозда ва масжидда ўқимоқликдир.
5. Қуръони каримни қироат қилувчи ўзининг муҳим ишларини ташламаслиги керак. Ишдан бўшаганида қироат қилади.
6. Қуръони каримни қироат қилувчи учун қироат кўпайиб баданига зарар етказадиган бўлмаслиги керак.
7. Қуръони каримни қироат қилувчи ўта шошилиб тартил ва тажвидни бузмаслиги керак.
8. Қуръони каримни қироат қилувчи оддий шахс бўлса ҳар куни бир порадан ўқиб бир ойда бир марта хатм қилиб туриши керак.
9. Қироатни кўп қилмоқчи бўлса уч кунда бир марта хатм қилиши керак.
10. Хатм қилганидан кейин Аллоҳ таолога дуо қилиши марғубдир.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Қуръони каримни хатм қилган киши учун мустажоб дуо бордир», деган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қачон хатм қилса, аҳли аёлини жамлаб дуо қилар эди.
11. Қуръони каримни қироат қилувчи имкони борича тиловатни чиройли қилишга ҳаракат қилмоғи мустаҳабдир.
12. Қироатни ичида қилмоғи мустаҳабдир. Бу ўзига эшитиладиган қироатдир.
13. Баъзи мақсадлар учун овозини баланд қилиб қироат қилса ҳам жоиз.
14. Қуръони каримни қироат қилувчининг мусҳафи бўлса ўша мусҳаф қаровсиз қолмаслиги учун ҳар куни маълум оятларни бўлса ҳам унга қараб ўқиб турмоғи лозим.
15. Қуръони каримни қироат қилувчи доимо ўзи ўқиётган калом башарнинг эмас, Аллоҳ таолонинг каломи эканини ва У зотнинг улуғлигини ҳис қилиб турмоғи лозим.
16. Қироат қилувчи ўзи ўқиган ҳар бир оятни тадаббур қилмоғи жуда ҳам яхши ишдир.
Насритдинов Ривожиддин
таълим муассасаси маънавий ва маърифий
ишлари бўйича директор ўринбосари