Яратилиш санаси 12.03.2025

Бир ҳарфига 10 та савоб...

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Аллоҳнинг Каломидан битта ҳарф ўқиса, унга битта савоб ёзилади. Ўша савоб ўн баравар кўпайтирилади. Мен алиф лом мимни битта ҳарф демайман. Алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф, мим бир ҳарфдир[1]”.

Карами кенг Аллоҳ Қуръон ўқиган бандасига жуда кўп ажр-савоб беради. Бунинг учун биринчи навбатда Қуръонни тўғри ўқиш қоидалари ўрганилади. Сабаби Қуръоннинг ҳар бир ҳарфига ўнта савоб олиш учун Каломуллоҳни тажвид қоидаларига мувофиқ ўқиш керак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Қуръон ўқинглар! Зеро, бунинг учун сизларга савоб берилади. Мен алиф лом мимни бир ҳарф демайман. Алиф ўнта, лом ўнта, мим ўнтадир. Шу (билан) ўттизта (бўлади)”.

Киши хулуси ният билан Қуръон ўқиса, ҳар бир ҳарф учун савоб олади. Алиф лом мим деганда, номаи аъмолига ўнта эмас, ўттизта савоб ёзилади. Чунки алифга ўнта, ломга ўнта, мимга ўнта ажр ёзилади. Шунда умумий ҳисоб ўттизта бўлади.

“Ал-амалус солиҳ” китобида шундай дейилган: “Қуръонда 300.000 дан зиёд ҳарф бор. Кимдаким Қуръонни бир марта ўқиб чиқса, 3000.000 дан ортиқ савобга эга бўлади. Басмаланинг ўзини ўқигани учун 190 та ажр олади. Қуръондаги энг узун, тўлиқ бир саҳифали қарз ояти 552 та ҳарфдан иборат. Мана шу саҳифани ўқиган кишига 5520 та савоб берилади”.

[1] Муҳаммад ибн Исо Абу Исо Термизий. “Сунанут термизий”, 5 жуз. – Байрут.:Дору иҳёит турос.

Отаханов Адҳамжон

таълим муассасаси ўқитувчиси