
Қуръони карим тиловатининг саломатликка бўлган моддий, маьнавий таъсири
Ислом динида инсон манфаатлари энг олий қадрият сифатида эътироф этилган. Ислом динининг асл моҳияти ҳам инсон манфаати ҳимоясидир. Инсонларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш – Ислом шариатининг олий мақсадидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонни яратгач, уни ўз ҳолига ташлаб қўймади. Балки уларга ўзини танитиш, яхшидан ёмонни ажратиш учун ўз расулларини юборди ва китобларини нозил қилиб турди. Шу билан бир қаторда, бу элчилар ва нозил қилинган ҳукмлар ўша замон одамларининг ҳолат ва эҳтиёжларини эътиборга олган ҳолда тушган эди.
Бу ҳолатни Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)га нозил қилинган Қуръон оятларида ҳам кўришимиз мумкин. Қуръони Карим йигирма уч йил мобайнида атроф-муҳит ва содир бўлаётган воқеаларга мувофиқ ҳолда нозил бўлди. Бундан эса инсонларга енгиллик ва фойда ирода қилинган. Бунга хамр (яъни маст қилувчи, бўшаштирувчи нарса)нинг ҳаром қилиниши борасидаги оятлар мисол бўлади.
Аллоҳ таоло кишилар ҳаётига сингиб кетган ароқхўрлик иллатини аста-секин муолажа қилишни ирода қилди.
Дастлаб Наҳл сурасида «Хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ҳамда гўзал ризқ олурсиз», деб маст қилувчи нарсани яхши ризққа қарама-қарши қўйди. Чунки араб тилида бириктирув боғловчиси билан келган икки сўз бошқа-бошқа нарса эканлигини ифодалайди. Кўпчилик хамр яхши нарса эмас экан, деб ичишни ташлади:
وَمِنْ ثَمَرَاتِ النَّخِيلِ وَالْأَعْنَابِ تَتَّخِذُونَ مِنْهُ سَكَرًا وَرِزْقًا حَسَنًا إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَةً لِقَوْمٍ يَعْقِلُون
«Ва хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оят-белги бордир» ( Наҳл. 67-оят)[1].
Бу оятда маст қилувчи ичимлик ҳақида бир ҳукм йўқ. Аммо унинг яхши ризққа қиёсан ёмон эканига ишора бор. Бу ишора маст қилувчи ичимликка қарши қуръоний тарғиботнинг бошланишидир.
Кейин Умар розияллоҳу анҳу бошчиликларида бир гуруҳ мусулмонлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан хамр ҳақида сўраб келишди. Шунда «Бақара» сурасининг 219-ояти нозил бўлиб, хамрнинг яхши нарса эмаслиги айтилди:
يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ قُلْ فِيهِمَا إِثْمٌ كَبِيرٌ وَمَنَافِعُ لِلنَّاسِ وَإِثْمُهُمَا أَكْبَرُ مِنْ نَفْعِهِمَا
«Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир» – деб айт».
Бу оят нозил бўлгандан сўнг хамрни тарк этганлар сони ошди. Кейинроқ «Маст ҳолатингизда намозга яқинлашманг» ояти нозил бўлиб, яна кўпчилик бу иллатдан халос бўлди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَقْرَبُوا الصَّلَاةَ وَأَنْتُمْ سُكَارَى
«Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг» ( Нисо. 43-оят).
Бу оятнинг нозил бўлишига маст ҳолатда Кафирун сурасининг нотўғри ўқилиши сабаб бўлди.
Бир муддат ўтгандан кейин бир зиёфатда маст бўлганлар жанжал кўтариб, муштлашув содир бўлди. Шунда Аллоҳ таоло хамрни бутунлай ҳаром қилувчи Моида сурасининг 90-, 91-оятларини нозил қилди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ (90) إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ
«Эй, иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!»[2]
Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Аллоҳ таоло инсонларни шу тарзда босқичма-босқич тарбия қилди. Бу худди инсоннинг яратилиш босқичига ўхшайди. Инсон ҳужайра ҳолатидан ҳомила ҳолатига, сўнгра чақалоқ ҳолатидан йигитлик ҳолатига, етуклик (ўрта яшар)дан мункиллаган қария ҳолатига босқичма-босқич ўтиб боради. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг яратган қонуниятларидир.
Қуръони Каримда борлиқдаги барча нарса инсон манфаатлари учун яратилганлиги зикр қилинган.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида бундай марҳамат қилади:
هُوَ الَّذِي خَلَقَ لَكُمْ مَا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا
«У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган Зот» (Бақара сураси, 29-оят).
Ушбу оятда ер юзида барча нарсалар инсон манфаати учун ва фақат инсон манфаатига хизмат қилиши учун яратилганлиги баён қилинган.
Ислом динида шахс ва жамият манфаати бир-бирига мутаносиб равишда адолат билан ҳимоя қилинади.
Имом Табароний Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилган қуйидаги ҳадисда инсонларга манфаат келтириш Исломда қанчалар юксак мақомга эга экани янада яққол намоён бўлади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Одамларнинг Аллоҳга энг суюклиси одамларга кўпроқ манфаат келтирадиганидир. Амалларнинг Аллоҳга энг суюклиси бир мусулмонга шодлик бахш этишинг ёки ундан бир ташвишни аритишинг, ё ундан очликни кетказишинг ёхуд унинг номидан қарзини ўташингдир. Қасамки, бир биродарим билан бирор ҳожати юзасидан бирга пиёда юришим мен учун мана бу масжидда, яъни Мадина масжидида бир ой эътикоф ўтиришимдан суюклидир»[3].
Қуръони Карим ҳамда ҳадиси шарифларда бандалар нимага буюрилган бўлсалар, барчасида дунё ва охиратларининг манфаати кўзлангандир. Худди шунингдек, нимадан қайтарилган бўлсалар, дунё ва охиратда зарар бўладиган нарсалардан қайтарилгандир. Юқорида айтиб ўтилган биргина маст қилувчи нарсанинг ҳаром эканлиги ҳақидаги оятни оладиган бўлсак, ҳозирда маст қилувчи моддаларнинг инсонга қанчалик моддий ва маънавий зарарлари борлигини, бу иллат ўлароқ инсонни қанчалик обрў ва шаъни, ақли ва саломатлигини кетказишини, биргина шу иллат туфайли қанчадан-қанча оилалар пароканда бўлиб, қанчадан-қанча жамиятлар таназзулга юз тутишини барча эътироф этмоқда. Бир олмон табибининг: «Агар менга майхоналарнинг ярмини фаолиятдан тўхтатиб берсангиз, мен сизларга касалхоналарнинг ярмидан беҳожат бўлишингизга кафилман», – деб айтган сўзлари ҳам бунинг ёрқин далилидир. Ҳа, Исломда бирор қайтариқ ё кўрсатма йўқки, унда инсон манфаати кўзда тутилмаган бўлса. Ҳа, ислом Алимул-Ҳаким бўлган Зотнинг ҳузуридан бандалар манфаати учун нозил қилинган диндир.
[1] Шайх Абдулазиз Мансур. “Қуръони карим маъноларининг таржимаси”. – Тошкент.:Тошкент ислом университети нашри ёти, 2009.
[2] Шайх Абдулазиз Мансур. “Қуръони карим маъноларининг таржимаси”. – Тошкент.:Тошкент ислом университети нашри ёти, 2009.
[3] Абулқосим Сулаймон ибн Аҳмад Табароний. “Ал-муъжамул кабир”, 25 жуз. – АлМавсил.:Мактабул улуми вал ҳикам, 1983.
Абдураҳимов Баҳромжон
таълим муассасаси ўқитувчиси