Яратилиш санаси 22.03.2025

ЯХШИ ХУЛҚ ФАЗИЛАТИ

Ахлоқ сўзи хулқ сўзининг кўплиги бўлиб, инсонда шаклланадиган хулқ-атворни билдиради. 

Бизнинг боболаримиз яхшилик ва ахлоқнинг ҳақиқати нима эканини тўлиқ маънода Исломдан билганлар. Улар Аллоҳ таоло охирги ва мукаммал дини, макоримул ахлоқлар дини бўлган Ислом дини орқали яхшилик ва хусни хулқни ўзлариган касб қилганлар. Улар ўзлари бу улуғ неъматлардан баҳраманд бўлганлари билан бир қаторда, ўзгаларга ҳам ўзлари каби яхшиликлар етишини истаганлар.

Шунинг учун боболаримиздан баъзилари яхшилик ва ахлоқ бобида ўлмас асарлар битганлар. Уларнинг бу асарлари жаҳон адабиётининг дурдоналарига айланган.

Инсон зурриёди таваллуд топиши биланоқ, унинг маънавий ва ахлоқий таълим-тарбияси ривожланиб боради.

Кўпинча, хулқнинг яхшилиги халқ билан бирга зикр қилинади. «Фалончининг хулқи ҳам, халқи ҳам гўзал», дейилади. Бу, унинг ичи ҳам, сирти ҳам яхши, деганидир. Хулқдан мурод ички суврат, халқдан мурод ташқи сувратдир. Зотан, инсон жасад ва нафсдан иборатдир.

Жасад тан кўзи ила, нафс қалб кўзи ила идрок қилинади. Уларнинг ҳар бирининг ўзига яраша шакл-шамойили, чиройли ва хунук суврати бор.

Қалб кўзи ила идрок қилинадиган нафс тан кўзи билан идрок қилинадиган жасаддан улуғдир. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло уни улуғлаган:

«Албатта, мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан башар яратгувчидирман. Бас, қачонки уни тўғрилаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг» («Ҳижр» сураси, 28-, 29-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло жасад лойга, руҳ эса, Ўзига мансублигининг хабарини берди.

Хулқ нафсдаги мустаҳкам ҳайъатдан иборат бўлиб, ундан амаллар фикр ва ўйлашсиз енгиллик ва осонлик ила содир бўлади. 

Агар амаллар яхши бўлса, «яхши хулқ» деб, ёмон бўлса, «ёмон хулқ» деб аталади.

Дангасалик танасига сингиб кетган ва риёзатни ёқтирмайдиган баъзи бир кишилар, худди ташқи сувратни ўзгартириб бўлмаганидек, ахлоқларни ҳам ўзгартиришни тасаввур қилиб бўлмайди, дейдилар.

Бу мутлақо нотўғри гап. Агар ахлоқни ўзгартириб бўлмайдиган бўлса, ваъзу насийҳатлар қилишнинг маъноси бўлмас эди. Ўзимиз овлаб келган ваҳший ҳайвоннинг уй ҳайвонига айланаётганини кўриб туриб қандай қилиб ахлоқнинг ўзгаришини инкор қиламиз?! Ит таомни емай тарк қилишни, от чиройли юришни ўрганади. Фақат, баъзилари осонлик билан, бошқалари қийинчилик билан ўрганади, холос.

Баъзилар, аввал айтиб ўтилганидек, асли яратилганда бор нарсани ўзгартириб бўлмайди, деган хаёлда бўладилар. Билиш керакки, мақсад мазкур сифатларни бутунлай йўқ қилиб ташлаш эмас. Балки риёзат чекиб уринишдан мақсад шаҳватларни ифрот (ортиқчалик) ва тафрийт (нуқсон)нинг ўртаси бўлган мўътадилликка қайтаришдир. Уларни тамоман йўқ қилиб юбориш мумкин эмас.

Ақилханов Саидолимхон

таълим муассасаси ўқитувчиси