Яратилиш санаси 20.03.2025

Қуръон моддий касалликларга ҳам давоми?

Муфассирлар Аллоҳ таолонинг “Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қиламиз” ояти тафсирида: “Қуръонда айтилган шифо умумийдир: ҳам қалбдаги иллатларга, ҳам танадаги касалликларга даво бўлади”, дейишган. 

Қуръон моддий касалликларни бартараф этишига етарли ҳужжат-далиллар бор. Масалан, Фотиҳа сураси жуда кўп касалликларга шифо бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фотиҳа (сураси) ҳар қандай дардга шифодир”, деганлар[1]

Фотиҳа сураси қалбдаги иллатларни даволайди. Қолаверса, танадаги касалликларга ҳам малҳам бўлади. 

Абдуллоҳ ибн Жобирдан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ундан сўрадилар: – Қуръондаги энг яхши сура қайсилигини айтайми? 

  • Ҳа, эй Расулуллоҳ, айтинг! 
  • Фотиҳа сураси (– энг яхши сура). Унда ҳар қандай дарднинг давоси бор[2]

Ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Аллоҳнинг Китобида кўз тегишига қарши 8 та оят бор: Фотиҳа сураси (7 оят) ҳамда Оятул курсий[3]”.

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига томоқ оғриғидан шикоят қилиб келганида, у зот: “Сен Қуръон ўқишинг керак”, деб тавсия этганлар[4].

Аниқланишича, араб тилидаги ҳойи ҳутий, айн, ғайн ҳарфларини талаффуз қилиш томоқдаги касалликларни бартараф этади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам томоқ оғриғидан шикоят қилган кишини Қуръон ўқишга буюрганлари ҳикмати шунда бўлса ажаб эмас.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Энг яхши даво Қуръондир”, деганлар[5]

Ривоят қилинишича, Саид ибн Жубайр бир телба одамга Ёсин сурасини ўқиб дам солди. Шунда ҳалиги киши дард кўрмагандек соғайиб кетди. 

Талҳа ибн Мусаррифдан ривоят қилинади: “Айтилишича, беморнинг олдида Қуръон ўқилса, ўзини енгил ҳис қилар экан. Мен Хайсаманинг ёнига бордим. Унинг мазаси йўқ эди. “Бугун анча яхшисан!” деб кўнглини кўтардим. Шунда у: “Ҳа, бугун ўзимизни яхши ҳис қиляпман. Олдимда Қуръон ўқилган эди”, деб айтди[6]”. 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Орамиздан бир кишини чаён чақиб олди. 

Биз ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтиргандик. Шунда бир одам: “Ё Расулуллоҳ, дам солайми?” деб сўради. У зот: “Орангизда кимда-ким қодир бўлса, биродарига ёрдам берсин!” дедилар[7]”.

Абу Хузома отасидан ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё Расулуллоҳ, биз (шифо талабида) ўқийдиган руқя, (беморликдан соғайишда) қўллайдиган доридармонлар, (бизни гуноҳлардан сақловчи) тақвоимиз ҳақида хабар беринг! Булар Аллоҳнинг тақдиридан бирон нарсани қайтара оладими?” деб сўрадим. Шунда у зот: “Уям Аллоҳнинг тақдиридандир”, дедилар[8]”. 

Аллоҳ таоло дардни тақдир қилган. Дарддан соғайиш учун даволаниш керак. Буям Аллоҳнинг тақдири. Мўмин киши барча сабабларни яратувчи, шифо берувчи, мушкулларни аритувчи Аллоҳ эканига қатъий ишонади, сабабларнинг ўзига суяниб қолмайди. 

Хуллас, Қуръони карим маънавий-руҳий, моддий иллатларнинг барчасига даво бўлади. Лекин бу улуғ Каломни фақат танадаги дардларни даволашда восита қилиб олинмайди. Қуръон биринчи галда қалбимизга шифо. Аллоҳнинг Каломини ўқисак, қалбимиз покланади. Дили пок инсоннинг танасига гард юқмайди. Агар биз қалбимизни даволасак, танамиз ҳам соғлом бўлади. 

[1] Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Абу Муҳаммад Доримий. “Сунануд доримий”, 2 жуз. – Байрут.Дорул куттоб ал-арабий, 1407 ҳ.й. 

[2] Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Абдуллоҳ Шайбоний. “Муснадул имом аҳмад ибни ҳанбал”, 6 жуз. – Миср.:Муассасату қуртуба. 

[3] Жалолиддин Суютий. “Жомеул аҳодис”. 

[4] Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али ибн Мусо Абу Бакр Байҳақий. “Шуабул имон”, 7 жуз. – Байрут.:Дорул кутубил илмия, 1410 ҳ. 

[5] Муҳаммад ибн Язид Абу Абдуллоҳ Қазвиний. “Сунану ибни можа”, 2 жуз. – Байрут.:Дорул фикр. 

[6] Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али ибн Мусо Абу Бакр Байҳақий. “Шуабул имон”, 7 жуз. – Байрут.:Дорул кутубил илмия, 1410 ҳ. 

[7] Муслим ибн Ҳажжож Абулҳусайн Қушайрий Найсобурий. “Саҳиҳу муслим”, 5 жуз. – Байрут.:Дору иҳ ёит турос. 

[8] Муҳаммад ибн Исо Абу Исо Термизий. “Сунанут термизий”, 5 жуз. – Байрут.:Дору иҳёит турос. 

Султонмаҳмудов Абдулмажид,

таълим муассасаси ўқитувчиси