
Бир оят тафсири...
Ислом динида инсоннинг жисмоний ва руҳий поклигига алоҳида эътибор берилади. Шу маънода Қуръони каримдаги кўпгина ҳукмлар инсоннинг нафақат бу дунёда, балки охиратда ҳам саодатга эришишини кўзлаб берилган. Шундай ҳукмлардан бири — хамр (махсус таркибдаги маст қилувчи ичимликлар) ва майсир (қимор)ни қатъий тарзда ҳаром қилинишидир. Бу масалада Аллоҳ таоло шундай босқичма-босқич тушган оятлар орқали умматни тарбия қилди ва охирида қатъий равишда ман қилди.
Қуръони каримда одатда шариат ҳукмларининг сабаблари (иллатлари) қисқа ва умумий тилда баён қилинади. Аммо хамр ва мейсарнинг таъқиқи ҳақида сўз кетганда, Аллоҳ таоло у билан боғлиқ зарарларни узун баён қилган.
Бу Аллоҳнинг бандаларига бўлган бениҳоя раҳмати ва ҳикматидир.
Аллоҳ таоло огоҳлантириб:
إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ
"Шайтон фақатгина хамр ва қимор орқали ораларингизда адоват ва ўзаро ёмонлик солишни, ва сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Бас, энди тўхтайсизларми?!" (Моида, 91)
Бу ояти каримада хамр ва қиморнинг ичидаги бир нечта хавфли зарарлар санаб ўтилган:
1. Ўзаро адоват ва душманликни пайдо қилиш – бу жамиятда бирдамликни йўқотади.
2. Аллоҳни зикр қилишдан тўсади – инсон қалбини ғофил қилади.
3. Намоздан тўсади – намоз руҳий тарбиянинг асоси бўлган ибодатдир.
Оятдаги "فَاجْتَنِبُوهُ" (фажтанибуҳ) – "ундан йироқ бўлинглар" деган ифода, араб тилида оддий "ҳаром" сўзидан ҳам кучлироқ наҳий (таъқиқ) ифодасидир. Бу сўз кимнидир бир нарсадан батамом йироқлаштиришни, ҳатто яқинлашмасликни талаб қилади. Худди шунга ўхшаш оятда яна шундай дейилади:
«ولا تقربوا الزنا»
"Зинога яқинлашманглар" (Исро, 32)
Демак, нафақат феълнинг ўзи, балки унга олиб борувчи воситалар ҳам ман қилинган бўлади. Шунинг учун хамр ва қиморга яқинлашмаслик буюрилмоқда.
Оятнинг ниҳоясидаги
"فَهَلْ أَنتُم مُّنتَهُونَ"
жуда таъсирли услубда айтилган. Бу сўров шаклида келган бўлса-да, маъноди — буюруқдир. Яъни: "Тўхтанглар!" деган амр бор.
Буни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу шундай яхши англаб етдиларки, оятни эшитгач:
«انتَهَيْنَا رَبَّنَا، انتَهَيْنَا رَبَّنَا»
"Тўхтадик, эй Роббимиз! Тўхтадик, эй Роббимиз!" деганлар.
Бу сўзлар ҳам таслим бўлиш ва бўйсунишнинг гўзал намунасидир.
Хамр ва майсирнинг ҳаром қилингани бандаларнинг нафсига оғир туюлиши мумкин, аммо бу Илоҳий раҳматнинг бир тажаллисидир. Аллоҳ таоло ўз бандаларини зарардан, ёмонликдан ва итоатсизликдан асрашни хоҳлайди. Қуръоннинг бу ояти бизга шунчалар теран маъноларни, руҳий тарбияни ва ижтимоий яхшиликни ўргатадики, уни англаб етган киши ҳаромни ҳаром деб билиб, ундан йироқлашади.
Аллоҳ таоло қалбларимизни ўз зикрига машғул қилсин, ва ҳаромлардан асрасин. Омин.
Абдураҳманов Муҳаммадхон
таълим муассасаси ўқитувчиси