
Фарзанд тарбияси
«Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир...». («Каҳф» сураси 46-оят.)
Фарзанд қалб райҳонаси, гулидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб кўнглимиз ҳузур қилади. Катта бўлганларида эса ёрдамлари-дан баҳраманд бўламиз. Вафот этганимиздан кейин эса уларнинг сайъ-ҳаракатлари туфайли номаи аъмолимиздаги савобларимиз зиёда бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради: садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд”. (Муслим ривоят қилган.)[1]
Аллоҳ таоло инсонга фарзандни неъмат қилиб берган. Лекин гоҳида мана шу фарзанд ота-онасига бало бўлиши ҳам мумкин. Агар оила тинч-тотув бўлиб, ота-она уз фарзандларига яхши тарбия берсалар, бола улғайганда ота-онасига раҳмат олиб келса, бу улар учун Аллоҳнинг мукофоти бўлади. Болалар эртанги кунимизнинг посбонлари, ишларимизнинг давомчиларир.
Инсонга болаликдан сингдирилган одатлар ёш дарахт танасига ўйиб ёзилган ҳарфларга ўхшайдики, улар дарахт билан бирга ўсади, вояга етади, дарахтнинг таркибий қисмига айланиб қолади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Фарзандларингизни ўз орзуларига, ўз ҳолларига қўйманг, балки уларни гўзал тарзда тарбия қилинг”.
Инсон боласи туғилгандан то улғайиб кексайиб вафот этгунга қадар тарбияга муҳтож. Бу тарбия дастлаб ота-она, устоз ва бошқалар тарафидан берилади. Агар тарбия жараёни тўхтаб қолса ёки ёмон томонга бурилса, инсон тубанликка кета бошлайди.
Тарбиянинг энг мураккаб даври ўсмирлик давридир. Бола энди мустақил ҳаракат қила бошлаган, ҳаётга ўз назари билан баҳо беришга киришаётган, доимий эшитиб юргани ота-онанинг сўзидан кўра ўзгаларнинг, янги танишларнинг фикрлари жозибалироқ кўринаётган пайтда унинг тарбясига жуда эътибор бермоқ керак.
Хорижда ёшларни тарбия қилиш борасида олимлар қизиқ тажриба ўтказишди. Ота бола туғилишига беш олти ой қолганида ҳар куни маълум бир вақтда битта эртакни унинг ёнида сўйлаверади. Гўдак туғилгандан сўнг ҳам эртак айтишда давом этади. Боланинг тили чиққанида ота ўша эртакни айта бошлаганида, унинг давомини боланинг ўзи сўзлаб берибди. Ҳофизул Қуръон бўлган бир киши фарзанд кўради. Боланинг тили чиққанида, маълум оятларни такрорлаётганини эшитишади. Маълум бўлишича, ота илоҳий каломни тиловат қилаётганида фарзанднинг онаси унга сомеъ бўлиб, тинглаб турар экан. Демак, фарзандни соғлом ўстиришни она қорнида вужудга келганидан бошланса, кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Яхши таълим - тарбия, шубҳасиз инсоннинг жисми ва руҳий дунёсига, охиратига фойдалидир. Уни ҳар икки жаҳонда бахту саодатли қиладиган, илм ва тажриба билан бир қаторда диёнату билимдонлик бахш этадиган туғри йўлга эзгу ва маъқул илмларга ундайдиган таълим – тарбия бериш лозим. Ақл илмга нақадар тўлиб – тошса ҳам, қалб ва кўнгилни сира унутмаслиги керак. Инсон ўзидаги маънавий жиҳатларни-виждон ва нафсини тарбиялаши, эҳтиросларни бошқара олиши, хунук одатларини тарк этиши, мавжуд илмий ютуқларини инсоннинг фойдасига йўналтира оладиган зеҳниятга эга бўлиши зарур.
Маънавияти, қадру қиймати йўқ таълим-тарбия инсонларнинг кўпини тўғри йўлдан оздиради. Улардан эзгулик ва яхши натижа кўрмайди. Ватанга, инсонларга ва башариятга фидокорона хизмат қилишни, адолату - фазилатни, одобу – назокатни, раҳму – шафқатни, ва меҳр – муҳаббатни ўргатадиган бир таълим –тарбия инсоният учун зарур. Бу эса, иймон ва нафс тарбияси билан бўлади.
[1] Мишктул масобиҳ китоби 203- ҳадис.
Ақилханов Саидолимхон
таълим муассасаси ўқитувчиси