Яратилиш санаси 09.04.2025

ТАҲОРАТ ҲУКМЛАРИ

Бизнинг тилимизда «Таҳорат» деб ўрганиб қолинган маълум ва машҳур нарса арабчада  «вузуъ» дейилади.

Вузуъ сўзи луғатда  «гўзаллик» ва «ялтираш» «тозалик» ва  «озодалик» маъноларини билдиради.

Шариатда эса , Аллоҳга қурбат хосил қилиш нияти ила баъзи  аъзоларни  ювишга вузуъ-таҳорат деб айтилади. 

Таҳорат энг аввало, Аллоҳ таоло томонидан амир қилинган ибодатдир. У мусулмон инсонинг гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлади.

Таҳорат поклик демакдир. У инсонни гўзал қилади. Соғлом бўлишини таъминлайди ва яна бошқа кўплаб фойдалар келтиради. 

Таҳоратнинг асосий рукунларидан  бўлган фарз  луғатда «миқдор» маъносини билдиради.

Шариатда  эса  қатъий далил билан  собит бўлган зиёдаликни ҳам, ноқисликни ҳам эҳтимол қилмайдиган муқддар ҳукмдан иборат нарсага айтилади.

Фарз шундай амалки Фарз бажарилмаса, унга боғлиқ амал ҳам  қилинмаган ҳисобланади.

Мисол учун, таҳоратнинг фарзларидан  бирортаси бўлмай қолса, таҳорат ҳам бўлмайди.

Таҳортни  ҳукмини Аллоҳ таоло Қурони каримда шундай баён қилади.

يَاأَيُّهَا الَّذِيْنَ آمَنُوا إِذَا قُمْتُمْ اِلىَ الصَّلَوةِ فَاغْسِلُوا وُجُوهَكُمْ وَ اَيْدِيَكُمْ اِلىَ الْمَرَافِقِ وَامْسَحُوا بِرُؤُسِكُمْ وَاَرْجُلَكُمْ اِلىَ الْكَعْبَيْنِ.

Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар, намозга турган вақтингизда юзларингизни ва қўлларингизни  чиғаноқларингизгача ювинг, бошларингизга  масҳ тортинг ва оёқларингизни  тўпиқларигача (ювинг)», деган. (Моида сураси, 6-оят).

Шарҳ: Таҳоратнинг фарзлиги манашу ояти каримадан олинган. Ҳанафий мазҳаби уламолари таҳоратда тўртта фарз борлигини ҳам шу оятдан олганлар улар қуйдагилардан иборат:

  1. Юзни ювмоқ.

Юзни соч чиққан жойдан иякни остигача ва у қулоқдан бу қулоққача бўлган жойни ювишлик.

Юзни ювишликда қулоқ билан бакумбарнинг орасини ювишлик ва қошни тагини ювишлик Имом Муҳаммад ва Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳумуллоҳ наздида  вожиб амал хисобланади.

Абу Юсуф роҳмаҳуллоҳни наздида эса қошни тагига сув етиши шарт эмас дейдилар.

2. Қўлларни чиғаноқлари билан  қўшиб ювмоқлик.

Қўлни ювишни бармоқ учларидан бошлаб чиғаноқда тугатилади. Бармоқларнинг бурушган жойларини ва бормоқнинг учини тўсиб қоладиган тирноқларнинг остини ювмоқ ҳам фарздир. Терига ва тирноқларга сув етишини тўсадиган ҳар бир нарса-бўёқми, лакми ёки яна бошқа бир нарсами-кетказилиши фарз.

Бармоқдаги узукни қимирлатиб тагига сув етказиш лозим. 

Ҳанафий уламолари қўл ювишда қуйдагича ихтилоф қиладилар.        

Имоми Зуфар роҳматуллоҳ алайҳнинг наздида қўл ювилганда тирсак  ва оёқ ювилганда тўфиқлар қўшиб ювилмайди дейдилар, чунки ғоя муғайёни таҳтига доҳил бўлмайди дейдилар.

Имомайнларнинг наздида  эса,  қўл ювилганда тирсак, оёқ ювилганда тўфиқ қўшиб ювилади, дейдилар, чунки “الى” дан кейинги нарса “الى” кирмасидан олдин ҳам “الى”дан олдинги нарсанинг жинсидан бўлса, ” الى” нинг таҳтига доҳил бўлади, дейдилар агар унинг жинсидан бўлмаса кирмайди. Тирсак қўлнинг жинсидан бўлганлиги  учун қўшиб ювилади.  

3.Икки оёқни тўпиқлари билан  ювмоқ.

Оёқни ювишни бармоқ учларидан  бошлаб тўпиқда тугатилади.

4. Бошнинг тўртдан бирига масҳ тортмоқлик

Масҳ ҳўлланган қўлни бир аъзога етказишликдур.  

عن مغيرة بن شعبة رضى الله عنه قال: ان النبي صلى الله عليه  وسلم  اتى  سباطة قوم,  فبال  قائما وتوضاء,  ومسح على  ناصيته وخفيه . رواه  مسلم 

Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтдилар:

“Пайғамбар алайҳиссалом бир қавмнинг эски бузилган уйларига келдилар. Сўнгра тик туриб бавл қилдилар. Сўнг таҳорат қилиб носияларига (яъни пешоналарига) ва маҳсиларига масҳ тортдилар”.

Шарҳ: Ҳанафи мазҳаби уламолари бошни тўртдан бирига масҳ тортишлик фарз деганлар. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳ алайҳ ояти каримада бошга масҳ тортмоқлик мутлоқ келяпти. Араб гираматик қоидаларига биноан “фамсаҳу бирусикум ” оятидаги “б” жор ҳарфи илсоқ (ёпиштириш) учун келаяпти шунга кўра, масҳ аъзоси қўл бўлганлиги учун уни бошга ёпиштирсак бошни тўртдан бирини эгаллайди. Бу маънони эса юқоридаги Муғира ибн Шўъба розияллоҳу анҳунинг ҳадислари бу маънони такидлайди.

Бундан ташқари арабларда масаҳтул ҳоито деганда деворнинг ҳаммасини масҳ қилингани тушунилади, масаҳту бил ҳоити дейилганда эса деворнинг баъзиси масҳ қилингани тушунилади.        

Исмаилов Акрамхон

таълим муассасаси ўқитувчиси