
ИХЛОС
“Ихлос” луғатда тозалаш, холис қилиш маъносини англатади. Шариатда эса, Аллоҳга ибодатни худди У зотни кўриб тургандек қилишдир.
Ихлосни руҳий тарбия машойиҳлари қуйидагича таъриф этадилар: “Ихлос ибодатга сазовор зотнинг ёлғиз Ўзини ибодат ила қасд қилишдир”.
Ўтган улуғ тасаввуф намаоёндаларидан Фузайл ибн Иёз роҳматулллоҳи алайҳ айтадиларки: “Одамалрни деб ибодатни тарк этиш риёдир. Одамларни деб ибодат қилиш ширкдир. Бу икковини ўртасида бўлиш ихлосдир.”
Аллоҳ жалла жалолуҳу ихлос ҳақида қуйидагича марҳамат қилади: «Бас, Аллоҳга Унинг динига ихлос этган ҳолда ибодат қилгин. Огоҳ бўлинг! Холис дин Аллоҳгадир!» деган.
Яъни, амалингда Аллоҳдан бошқани зинҳор мулоҳаза қилмагин, дегани. Ва яна: «Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка буюрилган эдилар», деган.
Ҳа, ўша аҳли китоб бўлмиш яҳудий ва насоролар Таврот ва Инжилда фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилган эдилар. Аммо улар бу амрни бажо этмадилар. Улар Аллоҳдан бошқага – Узайрга, Ийсога, Марямга, ҳатто ўз аҳбор ва роҳибларига ҳам ибодат қилдилар.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло «Тавба» сурасида: «Ва улар аҳборлари ва роҳибларини Аллоҳдан ўзга Робб қилиб олдилар ва Масийҳ ибн Марямни ҳам. Ҳолбуки, улар фақат ягона илоҳгагина ибодат қилишга амр этилган эдилар», деган.
Албатта, аҳбор ва роҳибларга ибодат қилиш уларга сажда этиш эмас, балки улар ўзларига ҳалол деганини ҳалол билиб, ҳаром деганини ҳаром билиб, Аллоҳнинг айтганини қўйиб, уларнинг айтганига юришдир. Улар.
«Унинг динигагина ихлос қилишга...» буюрилган, холис шу дингагина амал қилишга амр этилган эдилар. Лекин улар бу амрни бажо келтирмадилар. Улар Аллоҳнинг динига турли-туман нарсаларни, жумладан, ўзлари тўқиб чиқарган бидъат-хурофотларни ҳам аралаштириб юбордилар.
Аллоҳнинг динига ихлос қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзини кўзлаб, унинг розилигини ўйлаб ибодат қилиш билан бўлади. Ихлос ибодатнинг мағзидир. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло:
«Мен ширкдан беҳожатларнинг беҳожатиман. Бас, ким бир амал қилса-ю, унда Мендан бошқани ширк келтирса, Мен уни ҳам, ширкини ҳам тарк қилурман», деган.
Уламоларимиз амалларни учга тақсимлаганлар:
1. Амр қилинган амаллар. Буларни адо этишда Аллоҳнинг розилигини кўзлаш шарт. Агар ният сал бошқача бўлса, риёга айланади.
2. Наҳий қилинган – қайтарилган амаллар. Бундоқ амалларни ният қилмай тарк этса, уларнинг зараридан фориғ бўлади, аммо савоб олмайди. Аммо ният қилиб, Аллоҳнинг розилиги учун мазкур ишларни тарк этса, ажр олади.
3. Мубоҳ амаллар. Эмоқ-ичмоқ, оила ҳаётига ўхшаш ишлар. Бу амалларни ниятсиз қилса, ажр олмайди. Аммо Аллоҳнинг розилигини топиш ниятида қилса, ажр олади. Ҳар бир мубоҳ амал Аллоҳ розилигини кўзлаб ният қилиш билан ибодатга айланади. Ибодатга қувват бўлсин, деган ниятда таом тановул қилиш ҳам ибодат.
Шулар билан бирга улар: «бошқа динларга мойил бўлмасликка...» буюрилган эдилар.
Ҳа, аҳли китоб саналмиш яҳудий ва насоролар Аллоҳнинг динида собит туришга, бошқа динларга мойил бўлмасликка амр қилинган эдилар. Улар бу амрни ҳам бажо келтирмадилар. Аллоҳнинг дини – Ислом қолиб, турли дин ва мазҳабларга эргашиб кетдилар.
Ана ўша васфи юқорида зикр қилинган тўғри миллатнинг дини – Ислом миллатининг динидир. Модомики, ўша аҳли китобдан ва мушриклардан бўлган куфр келтирганлар Аллоҳнинг амрини адо этмаган эканлар, тўғри йўлдаги миллатнинг динига юрмаган ҳисобланадилар.
Уламолар айтадиларки: агар бир ибодатни фарз ва вожибларини бажарса ибодат бўлаверади, лекин у ибодатни қалб ҳозирлиги билан қилиш, яъники қалбини шу ибодатдан бошқа нарсага чалғитмасдан адо этиш бу алоҳида буюк мартабадир. Шу шартлар билан ихлос билан қилинган ибодатга бериладиган улкан ажр савобларга эга бўлиш бу буюк мартабадир. Ҳар қандай ибодатда ихлос, хушуъ, худуъ қалб ҳозирлиги қай даражада юқориласа қилинган ибодатни савоби, баркамоллиги, муродга мақсадга эриштириши шунчалик юксалиб бораверади.
Демак, Исломда ихос ниҳоятда зарур! Ҳидоят йўлига тушган одам Аллоҳга фақат ихлос билан ибодат қилиши керак. Аллоҳни кўриб тургандек ҳис билан, сезги билан яшаб, ўша ҳолатда туриб амалларни адо этиши керак. Яратган зотнинг талаби шу!
Усманов Абдусамад
таълим муассасаси ўқитувчиси