Яратилиш санаси 27.05.2025

Одоб

Бизнинг тилимизда «одоб» тарзида талаффуз қилинишга одатланиб қолинган арабча «адаб» сўзи аслида «маъдаба» ўзагидан олинган. Маъдаба эса, одамлар чақирилган зиёфатни англатади. Одоб ҳам одамлар доимо чақирилган маънавий «маъдаба» — зиёфат бўлгани учун шу номни олган.

Абу Муҳаммад «Китобул Воъий» номли асарларида: «Одоб одамларни мақталган нарсаларга чақиргани учун одоб деб номланган», дейдилар.

Абу Зайд раҳматуллоҳи алайҳи: «Одоб фазилатлардан бирига элтувчи яхши уринишга ишлатиладиган исм», деганлар.

Одобнинг таърифида қуйидагига ўхшаш гаплар ҳам келган:

«Мақтовга сазовор сўз ва амални истеъмол қилиш одобдир».

«Карамли ахлокдарни ушлаш одобдир».

«Ўзингдан каттани улуғлаб, ўзингдан кичикка меҳр кўрсатишинг одобдир». 

Бу ва шунга ўхшаш таърифлар тўпланганда Исломда кўзланган «одоб» таърифи юзага келади.

Маълумки, Ислом дини инсониятни гўзал хулқу, одобга чорлаш, уларни чин инсоний фазилатлар эгаси қилиб тарбиялаш учун нозил қилинган бўлиб, унинг таълимоти инсоният ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олгандир. Муқаддас динимизнинг хаётбахш ва ўлмас кадриятлари мана ўн беш асрдирки, ҳамон бутун башарият назарида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлиб келмокда. Албатта, бу биринчи навбатда, биз уммати муҳаммадияни ўз динимизга бўлган муҳаббатимизни янада зиёда бўлишига сабаб бўлса, иккинчидан, унинг таълимотларига чин ихлос билан амал килмоқликка ундайди.

Аллоҳ таоло Ўзининг энг сўнги ва комил динини мукаммал ахлок соҳиби бўлмиш сарвари олам Мухаммад (сав)га нозил қилиши хам бежиз эмас албатта. Зеро, Мухаммад (а.с.) динимизнинг ҳар бир замон ва маконга муносиб бўлган, шунингдек, хар бир шахснинг иқтидорига караб таклиф қилинган кўрсатмаларини биз умматлари учун ўзларининг ҳаётларига тадбиқ қилиб қўрсатиб бердилар.

Мухаммад (сав)нинг хаётлари хар бир мўмин-мусулмон учун улкан тарбия мактабидир. У зоти шарифнинг ҳаёт йўлларини қунт билан ўрганиб чиққан ҳар 6ир инсон албатта, бунга амин бўлмай чораси йўқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун Аллоҳ ва охират кунида  умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” - деб, Муҳаммад (сав)ни барча мўмин-мусулмонларга намуна бўлишга энг лойиқ зот эканликларини баён қилган.

Юқорида зикр қилиб ўтганимиздек, муқаддас динимиз кўрсатмалари асосан инсониятни гўзал ахлоқли бўлишга, бандага Аллоҳ таолонинг олдидаги ҳамда жамият олдидаги бурчу вазифаларини гўзал суратда адо этишга, инсонлар ўртасидаги муносабатларни самимий ва беғараз амалга оширишга тарғиб қилади. Албатта, Пайғамбаримиз Мухаммад (сав) буларнинг барчасида мўмин мусулмонларга ўрнак кўрсатганлар.

«Ва албатта, сен улкан хулқдасан» 

Бу ояти карима Пайғамбаримиз алайиссалом учун катта баҳодир. Аввало, ўтган оятда Аллоҳ таолло у зотга «Роббинг» деб ўз исми шарифига қўшиб хитоб қилган эди. Энди эса, У кишиниг хулқларини улуғлик билан сифатламоқда. Ойша онамиз у кишининг хулқлари ҳақида сўрашганда, «Хулқлари куръон эди» деб жавоб берганлар. Яъни Муҳаммад Алайҳиссалом қуръондаги олий хулқлар билан хулқлангандир. У зот Саллоллоху алайхи вассалам қурондаги барча яхши одоб – ахлоқни ўзларига сингдирганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари  ; 

«Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта мен карамли ахлоқларни мукаммал қилиш учун юборилдим», - дедилар». Байҳақий ривоят қилган.

Бошқа бир ҳадисларида эса: «Киши яхши хулқи билан кундузни рўза тутиб, кечасини намоз ўқиб ўтказадиганлар даражасига етади», деганлар.

Умуман, одоб, ахлоқ, яхши хулқга Исломда катта эътибор берилган. Мазкур оят ҳам шулардан биридир.

«Ва албатта, сен улкан хулқдасан», деган хитоб билан Аллоҳ таоло Ўзининг маҳбуб Пайғамбарининг нақадар чиройли ахлоқ эгаси эканликларини таъкидламокда.

Ақилханов Саидолимхон

таълим муассасаси ўқитувчиси