Яратилиш санаси 29.05.2025

Кибр иллатининг муолажаси

وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لاَ يَدْخُلُ الجَنَّةَ مَنْ كَانَ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ ذَرَّةٍ مِنْ كِبْرٍ»، فَقَالَ رَجُلٌ: إِنَّ الرَّجُلَ يُحِبُّ أَنْ يَكُونَ ثَوْبُهُ حَسَنًا، وَنَعْلُهُ حَسَنًا، قَالَ: «إِنَّ اللهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الجَمَالَ، الكِبْرُ بَطَرُ الحَقِّ وَغَمْطُ النَّاسِ». رَوَاهُ مُسْلِم..

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг қалбида зарра мисқолича кибр бўлса, у жаннатга кирмайди», деганларида, бир киши: «Киши кийими яхши ва пойафзали яхши бўлишини истайди (бу амали ҳам кибр-ҳавога кирадими?)», деганида, у зот: «(Йўқ, бу амали кибр эмас). Албатта, Аллоҳ гўзалдир. Ва гўзалликни яхши кўради. Аслида кибр ҳақ сўзни рад этиб, одамларга паст назар билан қарашдир», - дедилар. Имом Муслим ривояти.

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам  Аллоҳ азза ва жалла қалбида кибрдан зарра миқдор кибри бўлган кишини жаннатга киртимаслигини хабарини бермоқдалар. Зарра бу қуёшни нурида кўринадиган чанг ёки кичкина чумоли бўлиб, шунга кўра кибрдан озгина қалбда топиладиган бўлса жаннатга кирмаслигига сабаб бўлади, жаннатга кирмаслик агар киши мусулмон бўладиган бўлса алббат у жанатга дастлаб кирмайди то мана бу кибри учун жазоланмагунча. 

Ушбу ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам кибрнинг оқибати ёмонлигини баён қилиб бермоқдалар, ва яна инсонларни наздида инсонни ташқи кўриниши чиройли бўлишга доир айрим нотўғри тушунчаларни тўғрилаб бермоқдалар. 

Кибрни истилоҳий таърифи Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек “Кибр ҳақ сўзни рад этиб, одамларга паст назар билан қарашдир”,

Имом Ғаззолий кибрга қўйидагинча таъриф берадилар: “Кибр нафсни улуғлаш ва уни қадрини бошқаларни қадридан устун деб билиш

Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний “Кибр инсон ўзини улуғлаш ва ўзидаги фазилатларни яхши санаб, одамларни менсимаслик, ва ўзидан бошқа одамларни камситмоқдир.” Дедилар.

Кибр асосан уч турли бўлиб 

Биринчиси: Аллоҳ таолога кибр қилиш билан бўлади бунга Фиръавн ва Намрудларни кибр қилишлари мисол бўла олади,

Иккинчиси: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга кибр қилиш орқали бўлади, бунга мутакаббир кимса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишдан ва ул зот келтирган динга кибр, қайсарлик ва нодонлик билан  билан эргашмоқликдан бош тртиши мисол бўлади, ҳудди Макка кофирларини Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан қилган кибрлари мисол бўла олади.

Учинчиси: Бандаларга нисбатан кибр қилиш бўлиб, бунга муктакаббир кимса ўзини улуғ санаб ва ўзгаларни таҳқирлаб улардан ўзини устун қўйиш билан бўлади, Бу ҳақда Аллоҳ таоло луқмон сурасида “Одамлардан (кибрланиб) юзингни бурмагин ва ерда кибру ҳаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ таоло кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни севмас”.    

Кибрни сабаблари учта бўлиб.

Биринчиси сабаб мутакаббир кимса ўзини бошқалардан ажратиб турадиган хусусият билан ужбга бориши.

Иккинчиси: сабаб мутакаббир кимсага қилинган ҳасад ва адоват сабабли бўлади, натижада у ўзидан бошқаларга нисбатан унга қилинган адоват сабабли бошқалардан ўзини устун санайди.

Учинчи сабаб: Риё орқали бўлади бунга Аллоҳ таоло унга унга бир неъмат ёки илму маърифатни инъом қилиб берган бўлса мана шу неъматда бошқалардан ўзини афзал деб билади, бу нарса эса уни ҳақни қабул қилишдан тўсиб қўяди. 

Кибр ҳалокатга олиб борувчи дардлардан бўлиб, инсоннинг ундан холи бўлиши қийин. Кибрни йўқ қилиш фарзи айндир. Кибр ўз-ўзидан йўқ бўлмайди, балки уни турли дармонларни ишлатиб қунт ва бардавомлик ила даволаш лозим. 

Кибрни даволаш йўллари: 

Биринчи  – кибрни таг-томири билан қўпориб ташлаш.

Бу даволаш илмий ва амалий бўлади. Ҳар иккиси ҳам ишга солинмаса, шифо мукаммал бўлмайди.

Илмий муолажа қуйидагича бўлади: Аввало, банда ўзини ва Парвардигорини танисин. Шунинг ўзи ундаги кибрни йўқотиш учун кифоя қилади. Агар банда ўзининг кимлигини ҳақиқатда англаб етса, ҳар бир хордан ҳам хор эканини, ҳар бир кичикдан ҳам кичик эканини билади. Ана шунда унга тавозуъли бўлиш ва ўзини ҳоки сор тутишдан бошқа нарса тўғри келмаслигини англаб етади.

Агар банда Роббисини ҳақиқий равишда таниса, улуғлик У зотдан бошқага тўғри келмаслигини англаб етади.

Амалий илож қуйидагича бўлади: Бунда амалий равишда Аллоҳ таолога тавозуъ қилинади. Одамларга нисбатан доимий равишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, аҳли солиҳларнинг ва тавозуълиларнинг ахлоқи ила муомалада бўлинади. 

Иккинчи мақом – кибрдан вақтинча пайдо бўлиб, инсонни такаббур қилмайдиган даражага келтириш учун ўзига хос сабаб-лар ила даволаш.  

Агар кибрланиш насаб туфайли бўлса, билсинки, у бошқанинг камолини кўра олмай ўзини юқори тутмоқда. Шунинг учун отаси ва бобосининг аслини ўргансин. Отасининг асли ифлос нутфа бўлган. Бобосининг асли тупроқ бўлган. Асли бу каби нарсалар бўлган инсонга кибрланишни ким қўйибди?!

Агар кибрланиш жамол туфайли бўлса, ўзининг ичига оқиллар назари билан қарасин, ҳайвон кўзи билан қарамасин. 

Агар кибрланиш қувват сабабли бўлса, ўйлаб кўрсин, бир кеча уйқусизлик етса қуввати кетиб ожизларнинг ожизига айланиб қолади-ку! Бир кун иситма чиқса, қувватини бир неча кунгача қайта тиклай олмай қолади. Оёғига тикон кирса нима бўлишини ўйласин. 

Агар кибрланиш бойлик сабабли бўлса, ўзидан олдин ўтган ва ҳалокатга учраган бойларнинг ҳолини кўз олдига келтирсин. Офат етиб бир лаҳазада бир тийинсиз қолиши мумкинлигини эсидан чиқармасин.

Агар кибрланиш илм сабабли бўлса, Аллоҳ таолонинг ҳужжати жоҳилдан кўра олимга таъкидли эканини билиб қўйсин. Илм аҳлининг масъулияти катта эканини эсига олсин.

Ҳар бир мутакаббир Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким кибрга лойиқ эмаслигини яхши англаб етсин. Кибр қилган банда Аллоҳ таолонинг наздида ёмон кўринишини унутмасин. Ўзидаги кибрни тавозуъ ила даволаш пайидан бўлсин.

Танбеҳ: Бошқа ахлоқлар каби кибрда икки тараф ва ўртачалик бор. Зиёда тарафи такаббурлик, нуқсонга мойил бўлган тарафи хорлик, дейилади. Ўртачаси тавозуъ деб аталади. Унда ўзини хорламасдан тавозуъ кўрсатилади. Ишларнинг яхшиси ўртачасидир. 

Бас, ким ўзини тенгдошларидан юқори тутса, мутакаббирдир. Ким ўзини тенгдошларидан паст тутса, мутавозеъдир. Мўътадил бўлиш яхши. Бунда ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳақи берилади.      

Саҳобаларнинг бирлари кийимини кўриниши чиройли тутиш Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган кибр остига киради деб ўйлаб, Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан инсонни кўриниши чиройли бўлишини яхши кўриши ҳам кибрдан саналадими деб сўради. Шунда  Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам мана бу ҳадисни айтганларида бир киши Эй Аллоҳнинг расули : бир киши: «Киши кийими яхши ва пойафзали яхши бўлишини истайди (бу амали ҳам кибр-ҳавога кирадими?)», деганида, , у зот: «(Йўқ, бу амали кибр эмас). Албатта, Аллоҳ гўзалдир. Ва гўзалликни яхши кўради. Аллоҳ зотида гўзалдир, феълларида гўзалдир, сифатларида гўзалдир, Аллоҳ таолодан содир бўлган хар бир ишлар гўзалдир,  ҳунук эмас. Гўзалликни яхши кўради деган сўзлари яъни инсон киядиган кийимида, пойафзалида, ва қиладиган барча ишларида гўзал бўлишликни яхши кўради деган маънода бўлиб, гўзаллик қалбларни ўзига жалб қилади инсонларга уни суюкли қилиб кўрсатади. Модомики бу гўзалаллик инсон қалбида инсонларга нисбатан ўзини устун санаш хиссиётини пайдо қилмайдиган бўлса.  Қалбида кибри бўлган киши, ҳақдан юз ўгириши ва ҳақни ёмон кўриши мумкин, бундай кибр соҳиби эса "Бу уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсани хуш кўрмаганлари сабабидандир. Бас, У зот амалларини ботил қилди." Агар одамларга ва инсонларга нисбатан кибр қилиб ўзини улардан устун санайдиган бўлсаю, лекин Аллоҳга ибодат қилишдан кибр қилмайдиган бўлса юқоридаги ваъид ҳадис мана шу инсон ҳақида ворид бўлган шунга кўра жаннатга биринчи жамоа билан кирмайди. 

Ишанов Исмоилхон

таълим муассасаси ўқитувчиси