ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ, ОЗОД ВА ОБОД ВАТАН ҚУРИШНИНГ МУҲИМ ШАРТИДИР
Мустақиллик йилларида диний бағрикенгликни, конфессиялараро муносабатларда барқарорликни таъминлаш борасида кенг миқёсдаги ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараён изчил давом этмоқда. Соҳага тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва улар муттасил такомиллаштирилмоқда, мунтазам равишда турли диний ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чоралари кўриляпти. Ўтган даврда юзлаб масжид, черков, синагога ва ибодат уйлари қурилди ва қайта таъмирдан чиқарилди. Кейинги йилларда мазкур соҳа ривожи янги босқичга кўтарилди. Бу даврда ислом дини таълимотини чуқур ўрганиш, уни илмий тадқиқ этишга йўналтирилган халқаро илмий тадқиқот марказлари ўз фаолиятини бошлади. Шу ва бошқа омиллар юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг таъминланиши ва уни янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Барчамизга яхши маълумки, жамият тараққиёти ва фаровонлигида миллатлараро, динлараро ўзаро бағрикенглик ва тотувлик ҳамиша муҳим аҳамият касб этади. Мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 га яқин миллат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда, бир ватанда, буюк ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашлиги – диний бағрикенгликни ёрқин намунасидир.
Юртимиз мустақилликка эришгач, барча исломий қадриятлар – масжид ва мадрасалар, зиёратгоҳлар, нодир тарихий манбалар, осори-атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Ўлкамизда яшаб меҳнат қилаётган кўп сонли мусулмонлар қатори бошқа дин вакилларининг ҳам эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 1995 йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида “Бир осмон остида” шиори билан халқаро мусулмон-насроний конференцияси ўтказилди, 1996 йилнинг ноябрида эса Рус православ черкови Тошкент ва Марказий Осиё епархиясининг 125 йиллиги нишонланди. Шу билан бирга, ўтган йиллар давомида турли диний жамоаларнинг юбилейларига бағишланган кенг кўламли тадбирлар ташкил қилинди. Хусусан, 2003 йилнинг октябрь ойида Самарқандда Арман апостол черковининг 100 йиллиги нишонланди.. Юбилей тадбирларида юртимиздаги барча конфессиялар вакиллари иштирок этди. Бу эса, ўз навбатида, конфессиялараро муносабатлар ривожида муҳим аҳамият касб этди.
Мазкур тадбирлар амалга оширилишига қарамасдан, тарихан ислом динининг ҳанафий мазҳабига эргашиб келган аҳолини тўғри йўлдан оғдириш, ақидапарастлик ва мутаассибликка асосланган қарашларни тарқатишга уринишлар юз берди. Оқибатда, асосан, диндорлар орасида ўзаро келишмовчиликлар юз бериб, диний экстремистлар таъсирига тушиб қолган айрим фуқаролар томонидан оғир жиноятлар содир этилди. Яратилган имкониятларни суистеъмол қилган айрим ноисломий диний ташкилотлар томонидан миссионерлик ҳаракатларини олиб боришга уринишлар содир бўлди.
Юқорида келтирилган бир қатор омиллар «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунни такомиллаштириш, мамлакатда хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан келиб чиқиб, виждон эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқлар доирасини янада аниқлаштиришни талаб қилди. Натижада, 1998 йил май ойида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.
Ўтган даврда ҳукумат томонидан мазкур соҳа бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сони ва салмоғи ошиб борди. Жумладан, 1990-2005 йилларда диний соҳадаги фаолиятни тартибга солиш борасида Ўзбекистон Президентининг 16 та фармони қабул қилинган бўлса, 2014 йилга келиб бу рақам 18 тани ташкил этди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича ҳам шунга яқин ҳолатни кузатишимиз мумкин. Жумладан, 1990-2005 йиллар давомида ушбу орган томонидан соҳа фаолиятини тартибга солувчи 48 та қарор қабул қилинган бўлиб, 2014 йилда бу рақам 54 тага етди. Шу билан бирга, мустақиллик йилларида диний ташкилотларнинг сони ортиб борганлигини кўриш мумкин. Агар 1990 йилда мамлакатда 119 та диний ташкилот фаолият кўрсатган бўлса, 2015 йилга келиб, уларнинг сони 2200 тадан ошди. Амалга оширилган шу ва бошқа тадбирлар диний соҳа фаолиятини такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Бу йўналишдаги ислоҳотлар 2016 йилдан янги босқичга кўтарилди. Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ён-атрофимизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшнилик муҳитини ривожлантириш, юртимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида ўрин берилди.
Бу борадаги тадбирларни халқаро миқёсда ҳал этиш бўйича ҳам ҳукумат томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббус асосида мазкур ташкилотнинг олий органи 2018 йилнинг 12 декабрида ўтказган ялпи мажлисда “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Мусулмонлар ва бошқа дин вакилларининг Ўзбекистон заминида биргаликда ҳамнафас бўлиб яшаши диний-маънавий тотувликнинг нодир тимсоли ва барча дин вакилларига нисбатан бағрикенгликнинг энг яхши намунаси ҳисобланади. Республикамизда ислом дини билан бир қаторда бошқа диний эътиқод йўналишлари эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда. Фуқароларнинг миллати, ирқи, динидан қатъи назар барча учун тенг ҳуқуқлар қонун орқали кафолатланган.
Юртимизнинг анъанавий диний бағрикенглик ўлкаси экани, ислом фани ва маданиятига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этиб, нуфузли Халқаро ташкилот – Ислом Конференцияси ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича муассасаси Тошкент шаҳрини 2007 йилда, Бухоро шаҳрини эса 2020 йилда “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилди.
Халқимизга азалдан хос бўлган диний бағрикенглик биз учун анъанавий бир ҳолдир. Бошқа туркий халқларнинг бир бўғини бўлган ўзбек халқи ҳам ўз аждодларининг урф-одатлари, маросимлари, анъаналарига, инсоний фазилатларига содиқ бўлган, уларни қадрлаган, асраб авайлаган ва янги тарихий шароитга мос равишда ривожлантирган. Амир Темур, Шоҳруҳмирзо, Мирзо Улуғбек, Султон Ҳусайн Бойқаро, Мирзо Бобур, Акбаршоҳлар миллий ва диний бағрикенглик фазилатлари билан ўз давлатларини мустаҳкамладилар ва равнақ топтирдилар. Бу ҳақда ўзбек ва хориж тарихий манбалари ғоят бой ва ҳаққоний маълумотлар беради. Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари”да дунёвийлик ва динийлик уйғунлиги давлатни бошқариш омили қилиб олингани алоҳида қайд қилинади. Испан элчиси Клавихионинг китобида Амир Темур пойтахти Самарқандда турли миллатга ва динларга мансуб олиму фозиллар, уламою ҳунармандлар, санъаткорлар ҳамкорликда фаолият олиб борганлиги ҳақида маълумотлар берилади. Амир Темурнинг миллий ва диний бағрикенглик сиёсати туфайли, венгер олими Вамбери ҳақли равишда таърифлаганидек, Ислом маданияти маркази яқин Шарқдан Самарқандга кўчди. Чингиз Айтматов тўғри таъкидлаганидек, Амир Темурнинг диний толерантлиги бизнинг кунларда ҳам истисносиз этнослараро, конфессиялараро муносабатларга модель бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Диний бағрикенглик диний заминдаги адоватга қарши ҳамиша ўзига хос қалқон вазифасини ўтаган. У турли эътиқодларнинг бир замон ва маконда биргаликда мавжуд бўлишига, улар ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг ривожланишига йўл очган. Бу эса, ўз навбатида юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний тамаддун ва маънавият ривожига ҳисса қўшган.
Динимизнинг боқий асоси Қуръони карим ва ҳазрат Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ўчмас таълимотларида қўни-қўшничилик, жамиятдаги барча инсонлар билан бўладиган ўзаро муомалаларда ҳам бағрикенгликка тарғиб қилинган. Ҳазрат Расули Акрам (с.а.в.)нинг ҳадисларидан бирида ғайридин бўлган қўшнига ҳам инсонийлик юзасидан яхши ва чиройли муомалада бўлишга буюрганлар. Бу ўринда саҳобаи киром ва тобиинлар ҳаммамизга ўрнак ва намуна кўрсатишган. Жумладан, бир куни Абдуллоҳ ибн Умарнинг уйларида қўй сўйилиб, қўни-қўшниларга ҳадя тариқасида улашилди. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар:
“Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадядан бердингизларми?”, - деб қайта-қайта сўраб: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)дан қўшнилар ҳаққини адо этиш зарурлигини эшитганман”, - деганлар. (Имом Бухорий ривояти)
Аллоҳ таоло ер юзида турли миллат ва элатларни, турли тилларда сўзлашувчи халқларни яратишининг ҳикматларидан бирини шундай баён этади:
“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”. (Хужрот сураси, 13-оят)
Демак, Қуръони карим мусулмон мамлакатларида бошқа динларга нисбатан муносабат ва диний эътиқод эркинликлари масалаларида асосий манба бўлиб хизмат қилган. Демакки, бундан исломнинг бошқа диний эътиқоддаги кишиларга нисбатан инсонпарвар, адолатпарвар эканини кўришимиз мумкин.
Динимиз таълимотларида диний бағрикенгликка алоҳида диққат-эътибор берилганини кўриб турибмиз. Қайси жамиятда диний бағрикенглик тамойиллари ҳаётда ўз талқинини топса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топиб, барча инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечирадилар. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби, диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор бўлмайди.
Диний бағрикенглик хилма-хил диний эътиқодда бўлган кишиларнинг олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши, кишилик жамияти равнақи йўлида хизмат қилишини англатади. Ҳозирда бу ғоя эзгулик йўлида нафақат диндорлар, балки жамиятнинг барча аъзолари ҳамкорлигини назарда тутади. Диний бағрикенглик тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озод ва обод Ватан қуришнинг муҳим шартидир.
Шавкатжон МАДАМИНОВ,
“Ҳидоя” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси