Илм ва унинг таърифи
Аллоҳ таоло фикрлашни инсоннинг фитрати қилиб яратган. Аллоҳ таоло инсонга фикр юритиш, идрок қилиш қувватини берган. Шу жиҳат билан бошқа ҳайвонлардан ажралиб туради. Инсон фитратига кўра ана шу қувват орқали билинадиган кўпгина нарсаларни эгаллашга тайёр бўлади. Инсонда илм, идрок, маърифат ёки билиш деб аталадиган ҳолатлар вужудга келади. Илм ва идрокнинг муқобилидаги нарса бу жаҳолат (билмаслик)дир.
Аввал кўрмаган бир кишини кўрсак ёки аввал бормаган бир шаҳарга борсак, бизда олдин эга бўлмаган нарсамиз ҳосил бўлади. Ҳосил бўлган нарса ана шу киши ёки шаҳарнинг сурати (кўриниши, шаклу-шамоили) бўлади. Юзага келган сурат (тасаввур) аввал бизда мавжуд эмасди, кўрганимиздан кейин пайдо бўлди.
Киши ёки шаҳарнинг сурати бизда мавжуд бўлмаган аввалги ҳолатимизни жаҳолат (илмсизлик), сурати бизда вужудга келган кейинги ҳолатимизни эса илм (идрок) дейилади. Шундай қилиб, зеҳнимизда юқоридаги киши ёки шаҳарга мувофиқ келадиган сурат(тасаввур) – илм ҳосил бўлгач, ана шу киши ёки шаҳар бизга маълум бўлди. Биз эса олим (билувчи) бўлдик.
Илм сўзи арабча عَلِمَ [ъалима] – “билди” феълининг масдари عِلْمٌ [ъилмун] бўлиб “билиш” маъносини билдиради. Истилоҳда илмга жуда кўп таърифлар берилган. Биз илмнинг мутлақ таърифи сифатида қуйидаги таърифни танлаб оламиз:
العِلْم :هو إدراك الشيء على ما هو عليه[1].
Илм – нарсани ўз ҳолатича идрок этишдир.
Бошқа таърифлардан:
Илм – идрок қилувчида ҳозир бўлувчи нарса;
Илм – Олим(билувчи) ва маълум(билинадиган нарса) ўртасидаги нибат.
Идрок этувчи нарсани зеҳн ёки ақл дейилади.
الذهن- قوة مدركة
Зеҳн (ақл) – идрок қилувчи қувват.
Аллоҳ таоло зеҳн деб аталмиш қувватни инсонга берган. Инсон атрофдаги нарса, ҳодиса ва воқеаларни у ила идрок этади. Бизда олма, осмон, ёмғир, от каби нарсалар борасида илм ҳосил бўлган. Чунки шу нарсалар айтилган пайтда уларнинг сурати зеҳнимизда гавдаланади.
Демак, бизда илм ҳосил бўлиши учун, аввало, билинадиган нарсаларнинг сурати зеҳнимизда пайдо бўлиши лозим экан. Ёдлаб олинган нарсалар токи зеҳнимизда сурати ҳосил бўлмагунича илм остига кирмаслигини англашимиз керак. Ана шу сурат аниқ бир кўринишни ифода қилмаслиги мумкин. Яъни, бошқа нарсалардан фарқлаб берадиган кайфиятда бўлиши ҳам мумкин. Чунки аразий нарсаларнинг зоти бўлмайди. Зоти бўлмаган нарсаларни муайян сурати ҳам бўлмайди. Бу эса улар борасида илм ҳосил бўлишига тўсқинлик қила олмайди. Масалан: яхши, ширин, аччиқ, шижоат кабилар. Буларнинг муайян сурати бўлмасада, зеҳнда бошқа нарсалардан ажратиб берадиган кайфияти мавжуд бўлади.
[1]العلم هو الحاضر عند المدرك
Саминов Азамхон,
таълим муассасаси ўқитувчиси