Яратилиш санаси 26.11.2025

БИДЪАТ ТУШИНЧАСИ ВА УНИНГ АҲАМИЯТИ

Ислом шариати инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасини тўғри йўлга солиш учун мукаммал қоидалар ва низомлар келтирган. Бу қоидалар ичида “бидъат” (بدعة) тушунчаси муҳим ўрин тутади. Чунки у динга нисбатан янгилик киритиш каби масалаларни белгилайди ва мусулмоннинг амалини бахолашда асосий мезонлардан бири ҳисобланади.

Бу мавзуда турли қарашлар мавжуд бўлиб, айрим гуруҳлар ҳар қандай янгиликни “бидъат” деб атаган, бошқалар эса ҳар бир янгилик фойдали ёки зарарли бўлиши мумкинлигини таъкидлаганлар. Мотуридий уламолар бу масалада ўрта йўл — мўътадил ёндашувни танлаганлар.

Бидъат сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноси

Луғавий маъноси: “بِدْعَة” сўзи араб тилида янгилик, илгари бўлмаган нарса яратиш маъносини англатади. Қуръонда Аллоҳ таоло шундай дейди:

 ﴿بَدِيعُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ﴾

“У осмонлару ерни аввалдан яратган (янгича яратувчидир).” (Бақара, 117-оят). Бу ерда “بديع” сўзи яратувчиликда мисли йўқ янгилик қилувчи маъносини ифодалайди.

Истилоҳий маъноси: Уламолар истилоҳда “бидъат”ни қуйидагича таърифлаганлар:

قال الإمام الشاطبي : البدعة: طريقة في الدين مخترعة تضاهي الشرعية، يُقصد بالسلوك عليها المبالغة في التعبد لله سبحانه)   الاعتصام، 1/37(

Яъни: “Бидъат — динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, шариат йўлига ўхшатилган ва Аллоҳга ибодат қилиш мақсадида қилинадиган ишдир.”

Бидъат турлари ҳақида уламоларнинг таърифлари: Аҳли сунна уламолари, жумладан, имом Нававиий, ибн Ҳажар, ибн Абидин ва мотуридий уламолар, бидъатни иккига ажратганлар:

Бидъату ҳасана (яхши бидъат) – шариат мақсадларига мос келадиган, динни мустаҳкамлайдиган ишлар.

Масалан, Қуръонни жамлаш, ҳижрий сана жорий қилиш, масжидда микрофон ишлатиш, диний таълим муассасаларини ташкил этиш кабилар.

Имом Нававий (р.а.) шундай деган:

«البدعة الحسنة ما وافق قواعد الشرع وقصد بها الخير.»

“Яхши бидъат — шариат қоидаларига мувофиқ бўлиб, яхшилик нияти билан қилинган ишдир.” (Шарҳ Муслим, 6/154)

Бидъату саййиъа (ёмон бидъат) – шариатга зид, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига қарши, динда илгари бўлмаган ибодат ёки эътиқод турлари.

Мотуридий таълимотида бидъатга ёндашув: Имом Абу Мансур ал-Мотуридий (р.а.) ва у кишининг таълимотини давом эттирган уламолар бидъат масаласида қуйидаги асосларга таянганлар: Ҳарбир янгиликбидъат эмас. Инсоннингижтиҳод қилиш қобилиятива замонгамос воситаларданфойдаланиши бидъат саналмайди. Чункибундай ишлар шариатмақсадларига (мақосидуш-шариъага) хизмат қилади.

Бидъат амалнинг сабабива ниятибилан баҳоланади. Агармақсад динни мустаҳкамлаш, илм тарқатишбўлса — у бидъатэмас. Аммо суннатни инкорэтиш ёкишариатга зидамал қилиш бўлса— бидъат бўлади.

Мотуридий уламолар бидъатчиларни лаънатлаш ёки кофирга чиқаришга шошилмаганлар. Улар аввал далил билан тушунтириш, суннатни баён қилиш йўлини тутганлар.

Айрим замонавий гуруҳлар ҳар бир янги ишни “бидъат” деб ҳукм қилишади — бу эса аҳли сунна манҳажидан четга чиқишдир.

Биринчидан, шариатдаги “бидъат” тушунчаси ибодат ва эътиқод соҳасига тегишли, дунёвий ишларга эмас. Масалан, китоб босмахонада чиқариш, интернет орқали дарс ўтиш — шариат нуқтаи назаридан бидъат эмас. Иккинчидан, пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар:

«من سن في الإسلام سنة حسنة فله أجرها وأجر من عمل بها بعده»

“Ким Исломда яхши йўл очса, унга ҳам, ундан кейин амал қилганларга ҳам савоб бор...” (Муслим, 10\17). Бу ҳадис “яхши бидъат”нинг борлигини очиқ кўрсатади.

Учинчидан, ҳар қандай янгиликни бидъат деб аташ — динни тоқатсиз ва ҳаётдан узоқ қилиб қўяди. Бу йўлни Хавориж ва зоҳирий гуруҳлар тутган, лекин аҳли сунна ва мотуридий уламолар бундай кескинликни рад этишган.

Мотуридий уламоларнинг хулосаси. Мотуридийликда бидъатни баҳолашда қуйидаги илмий мезонлар асос қилинади:

Бидъат шариатнинг мақсадларига зид бўлмаслиги керак;

Амал ибодат сифатида жорий қилинса, далили бўлиши шарт;

Динни осонлаштирадиган, одамларни яхшиликка чақирувчи воситалар бидъат саналмайди;

Бидъатчилар билан муомалада илмий мулоҳаза ва ҳикмат устувор бўлиши лозим.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бидъат тушунчасини тўғри англаш мусулмон жамиятининг ягона йўлда бўлиши учун муҳимдир. Мотуридий таълимоти бидъат масаласида мўътадил ва далилга асосланган ёндашувни тақдим қилган. Бу йўл орқали суннат сақланади, замонга мос ижтиҳод йўли очиқ қолади ва дин ҳаётдан ажрамайди. Демак бидъатни ақл, далил ва мақсад мезонлари асосида баҳолаш керак. Шунинг учун ҳам мотуридий йўл — уммат бирлиги ва бағрикенгликни таъминлайдиган ҳақ йўлдир.

Таълим муассасаси ўқитувчиси 
Хошимов Нуриддин 
манбалар асосида тайёрлади