ИСТИСҚО НАМОЗИ
Истиcқо – маъноси ва шариатдаги ўрни
«Истисқо» — арабча «сув сўраш», «сероблик талаб қилиш» маъносини англатади. Қурғоқчилик ва ризқ камайишида мусулмонлар Аллоҳ таолодан ёмғир сўраб, дуо ва ибодат билан У Зотга қайтишади. Истисқо аввалги умматларда ҳам бўлгани Қуръонда Мусо алайҳиссалом воқеаси билан исботланган.
Истисқонинг турлари
Ҳанафий мазҳабга кўра истисқо уч услуб билан адо этилади:
1. Ёлғиз ёки жамоат бўлиб дуо қилиш.
2. Жамоат намозидан кейин умумий дуо қилиш.
3. Икки ракат намоз ўқиб дуо қилиш – энг мукаммал услуб.
Пайғамбаримиз суннатдаги амал
Ибн Аббос, Башир ибн Тамийм, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳулар ривоятларига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам истисқо пайтида: хору-зор, тавозуъ ва тазарруъ билан чиқар эдилар; минбарга чиқиб узун дуо қилар, кўп такбир айтартдилар; кейин ийд намозига ўхшаш икки ракъат намоз ўқидилар; қироат ошкора бўлар, аммо азон ва иқома айтилмас; дуо вақтида қўлларини баланд кўтариб, ҳатто қўлтиқ оқи кўриниши даражасигача кўтарардилар; ридоларини тескари қилиб олардилар — бу ҳолат қахатчиликдан серобчиликка юзланиш рамзидир.
Ҳанафий мазҳабидаги асосий ҳукмлар
Истисқо намози суннат амал ҳисобланади. Намоз ийд намози шаклида, лекин зиёда такбирларсиз ўқилади. Имом ва жамоат шаҳар ташқарига, саҳрога чиққани афзал. Болалар, кексалар ва ҳайвонлар ҳам олиб чиқилиши — муҳтожлик аломати сифатида мустаҳаб. Имом намоздан олдин ёки кейин қиблага юзланиб дуо қилади. Намоз ва дуоларда энг асосий руҳ — тавба, истиғфор, тазарруъ, Аллоҳга муҳтожликни жонли ифода қилиш.
Илмий фойдалар ва тарбиявий маънолар
1. Имом ва уламолар раҳбарлигида бутун жамоат бирлашиб Аллоҳдан ёрдам сўраш — уммат бирлиги рамзи.
2. Истисқо — балони табиатга, фалон кучга эмас, Аллоҳга боғлаш ва бошқаларнинг таълимотлардаги нотўғри қарашлардан фарқ қилади.
3. Қурғоқчилик — синов. Бандалар уни: тавба, садақа, зулмдан тозаланиш, қалбни ислоҳ қилиш билан тузатиш орқали енгишлари керак.
Ҳанафий мазҳабига кўра истисқо — Аллоҳнинг фазли ва раҳматини талаб қилишда умматни тавозуъ, тазарруъ, истиғфор ва бирликка чорловчи муборак суннатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалига кўра, истисқо намози ийд намозига ўхшаш икки ракъат бўлиб, ошкора қироат қилинади, аммо азон ва иқома айтилмайди. Имомнинг дуоси, унинг қиблага юзланиши ва ридоини тескари қилиш каби амаллар — Аллоҳга муҳтожликнинг рамзий ва руҳий ифодасидир.
Истисқо — мусулмонларни муҳтожликни ҳис қилиб, Раббига қайтишга, тавба ва тузалишга даъват этувчи буюк ибодатдир.
Абдураҳманов Муҳаммадхон
таълим муассасаси ўқитувчиси