Абу Жаъфар Ат-Табарий роҳимаҳуллоҳ
Ислом илмий мероси орасида тафсир, фиқҳ, ҳадис ва тарих соҳаларида беқиёс из қолдирган уламолардан бири — Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Ат-Табарийдир. Унинг “Жомиъул-баён фий тафсирил-Қуръон” асари ислом тафсири тарихида энг қадимий, энг кенг қамровли ва илмий асосга эга манбалардан бири сифатида эътироф этилган. Уламолар Ат-Табарийни нафaқат тафсир фанида, балки ислом тарихшунослигида ҳам у илимни отаси деб баҳолайдилар.
Ибн Жарир Ат-Табарийнинг ҳаёти;
Абу Жаъфар Ат-Табарий 224 ҳижрий санасида Табаристонда таваллуд топган. Ёшлигидан илмга муҳаббат билан яшаган ва 12 ёшида (236 ҳ.) илм излаб сафарга чиққан. Илм талабида Миср, Шом ва Ироқ юртларини кезган, кейин эса Бағдодда истиқомат қилиб, умрининг охиригача шу ерда яшаб ижод қилган. У 310 ҳижрийда вафот этган.
Табарий замондошлари орасида тенгсиз олим сифатида танилган. У: Қуръонни ёд олган ва унинг маъноларини чуқур идрок қилган; Фиқҳ ҳукмларида ўта билимдон ва теран фикрли фақиҳ бўлган; Суннат ривоятлари, уларнинг саҳиҳ-ғайри саҳиҳлари, ровийлар ишончлилигига оид илмда юқори даражага эга бўлган; Тобиъийлар ва уларнинг мухолифлик нуқталарини ажрата билган, зийрак ва фаросатли олим сифатида танилган.
Ал-Хатиб ал-Бағдодий уни “зийрак олим”, Абул-Аббос Ибн Сурайж эса “фақиҳ олим” деб мақтаган.
Ибн Жарир кўп қиррали олим бўлиб, қироат, фиқҳ, тарих, тафсир, ҳадис ва усул каби соҳаларда юзлаб китоблар ёзган. Унинг жазман маълум асарлари қуйидагилар: «Жомиъул-баён фий тафсирил-Қуръон» – Қуръон тафсири; «Тарихур-русул вал-мулук» – пайғамбарлар ва подшоҳлар тарихи; Қироатлар китоби; Қуръон рақам ва сонлари ҳақидаги асар;
Уламолар ихтилофи ҳақидаги китоб; Саҳобалар ва тобиъийлар ҳақидаги китоб; Шариат ҳукмлари ҳақидаги китоб; Усулуд-динга оид рисолалар ва бошқа асарлар.
Бу асарлар олимнинг илмда нақадар чуқур фикр ва улкан мерос қолдирганидан далолат беради. Аммо бизга мукаммал ҳолда етиб келганлари орасида энг машҳурлари — Тафсир ва Тарих китобларидир.
Ибн Халликон Табарийни: “Шубҳасиз, у мужтаҳид имомлардан эди, ҳеч кимга тақлид қилмаган”, — дея таърифлайди.
Шайх Абу Исҳоқ Аш-Шерозийнинг “Фий табақотил-мужтаҳидин” асарида келтирилишича, Табарий мустақил мазҳаб асос солган ва у “Ал-Жаририя” деб номланган. Унинг мазҳабига эргашувчилар ҳам бўлган, аммо Исломдаги бошқа йўналишлар каби бу мазҳаб ҳам даврлар ўтиши билан йўқолиб кетган.
Суютий “Табақотул-муфассирин”да ёзганидек, Ат-Табарий аввал Шофеъий мазҳабида бўлган, кейин мустақил фикр ва ижтиҳод даражасига етиб, ўз мазҳабини илгари сурган.
Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Ат-Табарий ислом илмларида номини абадий муҳрлаган буюк зотлардан биридир. Унинг “Жомиъул-баён” тафсири тафсир фанининг асосий устунларидан бўлиб, то шу кунгача уламолар таълими ва илм изловчилар учун асосий манба ўлароқ хизмат қилиб келмоқда. Табарийнинг илм оламига қилган ҳиссаси уни фақат ўз замонасининг эмас, балки бутун умматнинг улуғ мужтаҳиди сифатида номини мустаҳкамлаб қўйди.
Абдураҳманов Муҳаммадхон
таълим муассасаси ўқитувчиси