Яратилиш санаси 12.12.2025

Ҳусулий илм босқичлари

Нарсаларни идрок қилишнинг ўзига хос босқичлари ва мартабалари бўлади. Ана шу босқичларнинг баъзиси ҳайвонларда ҳам топилади.  Шунинг учун идрок этишнинг инсон ва ҳайвонларга хос босқичлари билан фақат инсонга хос бўлган босқичлари ҳақида кенгроқ маълумот бериш фойдадан холи бўлмайди. 

Ҳусулий илм ҳосил бўлиш босқичлари 4 та:

  1. Ҳиссий илм: илм ҳосил бўлишнинг аввалги босқичи.  Инсон фикрлаш ва илмий фаолиятдан холи ҳолда дунёга келади. Фақатгина, унинг фитратида илм олиш қобилияти бўлади. У аста улғайиб, атрофга қарай бошлайди, эшитади, таъм сезади, ҳидлайди, нарсаларни ушлайди. Биз унинг атрофидаги нарсаларни ҳис қилаётганини, улардан ўзига яраша таъсирланаётганини кўрамиз. Аввал у бундай ҳолатлардан буткул холи эди. Энди эса янги ҳолат билан бандлигига гувоҳ бўлиш мумкин.  Ана шу янги ҳолатни биз “илм” деб атаймиз. Бу илм ҳиссий илм бўлиб, уни ҳис қилиш аъзолари орқалигина эгаллади.

Мазкур ҳис қилиш аъзолари бешта: кўриш, эшитиш, ҳидлаш, татиб кўлиш ва ушлаш. Бу инсон эгаллайдиган кўп илмларнинг асоси бўлган аввалги босқичидир.

Биз ўзбекларнинг ажойиб одатимиз бор. Уйимизда ёш эмизикли бола бўлса, унга чойнакда иссиқ чой борлигини, унга тегиб бўлмаслигини ажойиб усулда ўргатамиз. Унинг қўлини ушлаб, чойнакнинг иссиқлигидан қўли бироз озор топгунча иссиқ чойнакка теккизиб турамиз. Болада ана шу тегинишдан сўнг оғриқ юзага келиб кейин қаттиқ йиғлайди. Шу билан унда чойнак ҳақида  “илм” пайдо бўлади. Қайтиб чойнакка тегинмайди. Шундай қилиб, ота-она ва болани қараётган кишилар чойнакдан болага етадиган хавфдан омонда бўладилар. Чойнакнинг иссиқлигини, унга тегса куйиб қолишини болага бошқа йўл орқали ўргатиш деярли имконсиз. Чунки у ақл орқали илм олиш босқичига етиб келмаган. Ушлаш орқали инсон нарсанинг қаттиқ-юмшоқлиги, иссиқ-совуқлиги, қуруқ-намлиги, йирик-майдалигини билиши мумкин. 

Демак, инсон илм олишнинг аввалги босқичида бешта ҳис қилиш аъзолари орқали идрок этар экан. Бирор нарсанинг ранги, чиройли-хунуклиги, катта-кичиклигини кўриш орқали, баъзи нарсаларни эшитиш, баъзи нарсаларни ҳидлаш ва яна баъзи нарсаларни эса татиб кўриш орқали идрок қилади. Инсонда ана шу бешта аъзодан қайси бири соғлом бўлмаса, у орқали ҳосил бўладиган илмлар ҳам унда вужудга келмайди. Кўр одам кўриш орқали, кар одам эса эшитиш орқали билинадиган нарсаларни идрок қила олмайди. 

Бу босқичда ҳайвонлар ҳам инсонлар билан бир хил. Чунки ҳайвонларда ҳам мазкур бешта ҳис қилиш аъзо мавжуд. 

  1. Хаёлий (фаразий) илм. Инсоннинг идрок этиш воситаларига диққатимизни қаратсак, унинг зеҳнида билишнинг бошқа бир тури ҳам мавжудлигини кўрамиз. Инсон бир нарсага қараса, кейин кўзини юмса, ана шу нарсанинг сурати унинг зеҳнида бир лаҳза сақланиб қолади. Бир овозни эшитса, кейин шу овоз йўқолса, бир муддат унинг қулоқларида ана шу овоз такрорланиб туради. Қолган ҳис қилиш аъзоларида ҳам шунга ўхшаш жараёнлар бўлади. Ана шу ҳолатни “хаёлий илм” дейилади. Бу илм ўша нарсалар йўқолгандан кейин зеҳнда қолган ҳиссий суратлар орқали пайдо бўлди. Бу илм фақатгина инсонларга хос бўлмай,  ҳавонларда ҳам мавжуд бўлади.

 Инсоннинг идрок қилиш даражаси секин-аста ривожланиб боради. Инсонда сақланиб қолган суратлар бўйича унинг зеҳни ўз фаолиятини намоён этади. Баъзи суратларни баъзиларига таққослай бошлайди. Буниси унисидан узунроқлиги, бу нур нариги нурдан ёрқинроқлиги ва ҳоказолар борасида хулоса қила бошлайди. Гоҳида баъзи суратларни бошқаларига аралаштириб воқеликда бўлмаган нарсани зеҳнда ҳосил қилади. Эшитган нарсалари орқали кўрмаган нарсасининг суратини зеҳнда тасаввур қилади. Масалан, аввал кўрган шаҳарларидан зеҳнида қолган суратлари орқали ўзи кўрмаган бир шаҳарнинг ясама суратини тасаввур ва хаёл қилиши. Мана шу хаёл Аллоҳ таоло томонидан берилган фараз қилиш қуввати билан юзага келади 

  1. Ваҳмий илм. Инсоннинг идрок қилиш даражаси кенгайиб секин-аста зоти ва миқдори бўлмаган нарсаларни ҳам идрок қила бошлайди. Масалан, ота-онасининг меҳр-муҳаббатини, ёмон кўрувчининг ғазабини, қўрққан кишининг қўрқувини, яқинини йўқотган кишининг маҳзунлигини, хушхабар берилган кишининг ҳурсандлигини идрок этиш кабилар. Бу ваҳм қуввати орқали ҳосил бўлган “ваҳмий илм” саналади. Инсонлардан ташқари баъзи ҳайвонлар мана шу илм туридан насибага эга.

Мана шу қувватдан кейинги даражасида инсон ҳайвонлардан буткул фарқ қилади. Кейинги даража фақатгина инсонгагина хос бўлади. 

  1. Энг мукаммал илм: ақлий илм. Инсон бирор чегараси ва ниҳояси бўлмаган ақл ва фикрлаш қуввати билан бошқа ҳайвонлардан ажралиб туради. Шу қувват орқали юқоридаги ҳиссий, хаёлий ва ваҳмий идрок қилинадиган нарсалар тизгинини бошқаради.  Натижада, хатосидан тўғрисини ажратади, ўзи идрок қилган жузъий маънолардан умумий маъноларни чиқариб олади, бирини бошқасига таққослайди, зеҳни маълум нарсадан номаълум нарсага кўчиб у ҳақида ҳукм (хулоса) чиқаради ва маълум бир натижаларга эришади. Хуллас, фикрлаш ва ақлий қуввати ила истаганича фаолият юритади. 

Мазкур ақл ва фикрлаш қуввати билан биз гапираётган мукаммал илм инсонда ҳосил бўлади. Инсонни инсон қилиб турган нарса ҳам айнан ушбу илм саналади ва у орқали инсонларнинг даражалари ва мавқелари бир-биридан фарқ қилади. 

Инсон ривожланиши ва баркамол бўлиши учун кўплаб илмларга асос солинган ва фанлар тасниф қилинган. Мантиқ илми ҳам ана шу илмлар жумласидандир. Мантиқ илми ақлий қувват фаолиятини тўғри тартибга солиш учун  юзага келган. Баъзан юқоридаги ҳиссий, хаёлий ва ваҳмий илмларда кўп хатоликлар содир бўлиши мумкин. Ақлда эса бундай хатоликлар деярли учрамайди ёки жуда кам учрайди.

Саминов Аъзамхон

таълим муассасаси ўқитувчиси