Яратилиш санаси 21.10.2021

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг баъзи ахлоқлари-7

Ғазабини ютиш энг қийин ишлардан ҳисобланади. Ғазаб инсонда турли муносабатлар ила қўзғалиб туради, уни жиловлаб олиш ҳар кишининг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин бу оғир ишни тақводор киши эплаши мумкин. Яъни, қалбида тақводорлик мавжуд бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади. Исломда ғазабни ютиш улуғ ахлоқлардан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар», деган (12-оят).
Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири-бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам: «...кўп гумонлардан четда бўлинглар», дейиляпти.

Ояти каримада гумондан четланишга амр қилингандан сўнг «Жосуслик қилманглар», деб бу қабиҳ ишдан қайтарилмоқда. 

Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур. Боз устига, бу иш Ислом динининг асосий ғояларидан бири бўлмиш инсоннинг кароматини, ҳурмат, иззати ва обрўйини ҳимоя қилиш масаласига чамбарчас боғлиқдир. 

Бадгумонлик жосусликка йўл очгани каби жосуслик ғийбатга йўл очади. Шунинг учун ҳам ояти каримада, «жосуслик қилманг»дан кейин, «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар», деб уқтирилмоқда.

Қобилжон Ахунжанов