“Аллоҳдан офият сўра”...
عن العباس بن عبد المطلب رضي الله عنه قال: قلت: "يا رسول الله علمني شيئًا أسأله الله"، قال: «سل الله العافية» فمكثت أيامًا ثم جئت فقلت: "يا رسول الله، علمني شيئاً أسأله الله"، فقال لي: «يا عباس، يا عم رسول الله، سل الله العافية في الدنيا والآخرة»
Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Эй Аллоҳнинг Расули! Менга Аллоҳ азза ва жалладан сўрайдиган нарсани ўргатинг”, дедим. У зот менга: “Аллоҳдан офият сўра”, дедилар. Бир неча кун турдим, сўнгра у зотдан шу нарсани яна бир бор сўрадим. У зот менга: “Эй Аббос! Эй Расулуллоҳнинг амакиси! Аллоҳдан бу дунё ва охиратдаги офиятни сўра”, - дедилар”.
Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламдан илм ва таълим олишга жуда ҳам харис бўлишар, у зотдан зафар ва нажот топиш учун таълим олишар эди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадиларки “Эй Аллоҳнинг расули менга Аллоҳ таолодан сўрайдиган бирор нарсани ўргатинг дедим” яъни Аллоҳ таолодан қандай қилиб сўрайман ва қандай қилиб дуо қиламан ва нима нарсани сўраман дедилар. Набий саллалоҳу алайҳи васаллам Аббос розияллоҳу анҳуга: “Аллоҳ таолодан офиятни сўранг дедилар.” Яъни Аллоҳ таолодан офиятни талаб қилинг, офият бу ҳар қандай касаллик, ёмонлик, бало ва мусибатдан саломатликдир. “Албатта бирор кишига иймондан кейин офиятданда кўра яхшироқ нарса берилмаган”. Бир неча кун турдим, сўнгра у зотдан шу нарсани яна бир бор сўрадим. У зот менга ”Эй Аббос! Эй Расулуллоҳнинг амакиси! Аллоҳдан бу дунё ва охиратдаги офиятни сўра”, - дедилар”. Яъни Аллоҳ таолодан дунёда ва охиратда офиятни сўранг, офият бу дунё ва охиратда нажот ва зафар қучишдир. Офиятда бўлиб Аллоҳ таолога шукр қилиш бало ва мусибатларга дучор бўлиб, сабр қилгандан кўра суюклироқдир.
Хотмиржамлик қийинчилик бўлмаган айрим лаҳзалар гоҳида заиф инсонни алдаб қўяди, Аллоҳ таоло менга дунёда уқубат ва балоларни тезлатиб мени гуноҳлардан поклаб қўйсайди деб орзу қилади, бало ва уқубатларни орзу қилиш асло Аллоҳ ва расули рози бўлмайдиган ишлардан саналади. Аксинча тавба ва офият эшиги яхшироқ ва боқийроқдир. Инсон ўзининг ишини келажагини билмайди агар бало ва мусибатларни орзу қиладиган бўлса буларга сабр қиладими ёки сабр қила олмайдими. Аксинча бало ва мусибатларни орзу қилиш ўзидан ажабланиш, ўзини қуч қувватига таяниб Аллоҳ таолодан ёрдам сўрашни тарк қилиш саналади. Машоиҳлардан бирлари айтадиларки: Бахтли инсон - Аллоҳ олдида тавозе қилган ва Ундан офият сўраган кишидир. Чунки офият мутлақ ҳолда берилмайди, албатта бирор синов бўлади. Ақлли инсон эса доимо офият сўрайди, токи ҳаётининг кўп ҳолатларида устун келсин ва озгина балога сабр қилиш осонлашсин. Умуман, инсон билиши керакки, у севган нарсаларга мутлақо соф ҳолда етиш мумкин эмас: ҳар бир қултумда аччиқлик, ҳар бир луқмада қийинчилик бор. Ҳақиқатда сабр - фақат тақдирларга сабр қилишдир. Тақдирлар эса камдан-кам ҳолда нафс истагига мувофиқ келади. Шунинг учун ақлли инсон нафсини сабрга ўргатади: ажр ваъдаси билан, ишни енгил деб билиш билан, токи балo даври шикоятсиз, соғ - омон ўтиб кетиши учун. Сўнгра Аллоҳ таолога ёлвориб, Ундан офият сўрайди. Аммо ўзини қаттиқ, бардошли қилиб кўрсатувчи одам Аллоҳни ҳеч қачон ҳақиқий танимаган. Биз Аллоҳдан Уни танимасликдан паноҳ сўраймиз ва Ундан Ўзини танишни сўраймиз.
Мубаракпурий Термизий шарҳида айтадиларки: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Аббос розияллоҳу анҳу бир неча бор: “Аллоҳдан нимани сўрашимни ўргатинг”, деб илтимос қилганларида, у зотга фақатгина офиятни сўрашга ўргатганларига жуда очиқ далилдир. Бу ҳолат шундан далолат берадики дуолар ичида офиятни сўрашга тенг келадиган бошқа ҳеч қандай дуо йўқ.
Чунки офият - Аллоҳ таолонинг бандасини ҳимоя қилиши, уни ҳар хил балолардан, офатлардан, зоҳирий ва ботиний озорлардан асрашидир. Ким офиятни сўраса, у Парвардигоридан ўзини ҳар қандай қасд қилинган ёмонликдан ҳимоя қилишни илтижо қилган бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алҳи амакилари Аббосни отасидек ҳурмат қилар, унга фарзанд отасига қандай ҳақ кўрса, шундай ҳақни муносиб деб билар эдилар. Шунинг учун ҳам уни махсус равишда айнан шу дуо - офиятни сўраш билан чеклаб қўйишлари, бу дуога қизиққанларнинг қалбида уни доимий равишда тилдан қўймасликка кучли рағбат уйғотиш, Аллоҳга яқинлашишдаги энг улуғ василалардан бири қилиш мақсадини кўзлаган эди. Бу дуо инсонга дахлдор бўлган ҳар қандай ташвишда, ҳар қандай муаммода қалқон бўлиб хизмат қилади. Кейин эса Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам уни янада мукаммал қилиб: “Аллоҳдан дунёда дунё ва охиратда офият сўра”, - деб марҳамат қилдилар. Шу жиҳатдан бу дуо ҳар қандай зарарни даф этиш ва ҳар қандай яхшиликни жалб қилиш учун етарли ва комил воситага айланди.
Мунавий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Аллоҳ таолодан афв ва офиятни сўранглар ” яъни балони сўрашдан сақланинглар. “Албатта бирор кишага иймондан кейин офиятданда кўра яхшироқ нарса берилмаган”. авф ва офиятни келтиргандан алоҳида офиятни алоҳида келтирдилар, Афвни маъноси гуноҳларни ўчириш, офиятни маъноси эса умумийроқ бўлиб у касаллик ва балолардан саломатда бўлишдир. Сиҳат саломатлик офият Аллоҳ таолонинг мўмин бандага берган энг катта неъматларидан саналади, мутлақ офият эса Аллоҳнинг бандага берган энг катта неъматидур. Абдуллоҳ ибн Миҳсан Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллаҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимки ўз уйида омонликда, жасади саломатликда, кунлик таоми ҳузурида ҳолда тонг оттирса, худди унга бутун дунё жамлангандек бўлади», дедилар
Аллоҳ таоло барчаларимизга дин ва дунёда ва охиратда офиятда қилишини насиб этсин.
Ишанов Исмоилхон
таълим муассасаси ўқитувчиси