Инсонларни уйларига кириш одоблари (2-қисм)
Имом Абу Довуд Ҳузайл ибн Шарҳабийлдан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинади:
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларига қараб туриб изн сўрай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга, сен ундоқ ёки бундоқ тур, изн сўраш назардан сақланиш учун жорий қилингандир, дедилар».Яъни, бировнинг уйига назар тушмаслиги учун изн сўраш жорий қилинган, ичкарига қараб туриб изн сўрашнинг нима кераги бор.
Шунинг учун ҳам, изн сўрамоқчи бўлган кишилар эшикка юзма-юз ҳолатда эмас, балки ўнг ёки чап тарафлари билан турмоқлари лозим.
Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар зикр этилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг эшиги олдига келсалар, эшикка юз тикиб турмас эдилар. Балки, ўнг ёки чап томонлари билан турар ва «Ассалому алайкум, Ассалому алайкум», дер эдилар».
Имом Абу Довуд Амр ибн Маъд ас-сақафийдан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилган:
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун изн сўрамоқчи бўлиб:
«Кираверайми? Кираверайми?!»—деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Равза исмли хизматчи аёлга:
«Анавининг олдига чиқиб, ўргатгин, у изн сўрашни билмас экан, унга айтки, «Ассалому алайкум, кираверайми, десин», дедилар».
Одоб бўйича, изн сўрайдиган одам исмини аниқ айтиб, очиқ изн сўраши ва салом бериб кириши лозим.
Имом Абу Довуд Жобир розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у киши отасининг қарзи хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганлари ҳақида шундай дейдилар:
«Эшикни қокдим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу ким?!»—дедилар. Мен: «Менман!»—дедим. Ул зот норози оҳангда:
«Мен, мен...» дедилар».
Калда ибн Ҳанбал исмли киши келиб, салом бермасдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганда, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Орқангга қайт! Ассалому алайкум, дегин», дедилар.
Имом Абу Довуд қилган ривоятда айтилишича, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келсалар: «Ассалому алайка, ё Расулаллоҳ, Умар кираверсинми?» — дер эдилар.
Изн сўровчи уч марта сўраши, ундан оширмаслиги лозим.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирор киши изн сўраса, уч марта сўрасин, изн берилмаса, ортига қайтсин», деганлар.
Чунки, уй эгалари бировни қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлишлари ёки айнан изн сўраётган шахсни қабул қилиш имконлари йўқ бўлиши мумкин.
Изн деганда уй эгасининг ёки у томондан вакил қилинган шахснинг изни кўзда тутилади. Уйга эга бўлмаган ёки уй эгаси томонидан вакил қилинмаган одамнинг изни ҳисобга ўтмайди.
Изн сўровчи тихирлик қилмаслиги, одоб билан уч мартагача изн сўраши, жавоб бўлмаса, қайтиб кетмоғи лозим.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Қайс ибн Саъд ибн Убайда қуйидагиларни зикр қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг уйимизга зиёрат қилиб келдилар ва:
«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», дедилар. Шунда Саъд секингина жавоб қайтарди. Қайс унга:
«Нима, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга изн бермайсизми?!»—деди. Саъд:
«Жим тур! Бизга кўпроқ салом берсинлар!»—деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна:
«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», дедилар. Саъд яна секингина жавоб қайтарди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна:
«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», дедилар. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтиб кета бошладилар. Шунда Саъд ортларидан бориб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, мен саломингизни эшитиб, секингина жавоб берган эдим. Сизнинг саломингиз бизга кўп бўлишини орзу қилувдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан бирга қайтиб келдилар». Агар изн сўровчи уйда бировни топа олмаса, қайтиб кетади.
Ахунжанов Қобилжон
таълим муассасаси ўқитувчиси