Яратилиш санаси 16.01.2026

Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ

Ибн Муборак Абу Абдурраҳмон Марвазийнинг асл ватани Марв шаҳри бўлиб, Лакнавий таъкидлашича, онаси Хоразмлик ва отаси туркийлардан бўлган. У Абу Ҳанифанинг яқин суҳбатдошлари ва шогирдларидан бири бўлиб, ўз илмини ундан олган. Бир куни Абу Ҳанифа ундан ҳаёт йўлига киргани ҳақида сўраганида жавоб берган экан: "Дўстларим билан бир боғда ўтириб кечгача еб-ичдик, мен уд ва танбур чалишга кўп қизиқардим. Тонг чоғи ухлаб туш кўрсам, тепамда дарахт устида бир қуш ўтириб бундай дейди: "Имон келтирган кишилар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва ундан нозил бўлган ҳақ — Қуръонга мойил бўлиш вақти келмадими?"[1]. Мен "Ҳа, вақти келган", дедим. Уйғонишим билан удимни синдириб, ёнимда бор нарсаларни ёқиб юбордим. Бу эса менинг зоҳидлик йўлига қўйган биринчи қадамим эди".

Ал-жавоҳирул-музиада ёзилишича, Ибн Муборакнинг бир гуруҳ суҳбатдошлари йиғилишиб илм, фиқҳ, адаб, наҳв, луғат, шеър, зуҳц, фасоҳат, тақво ва бошқа бир қатор илму фазилатларни ўзида тўплаш унинг олий фазилати деб фикр билдирган эканлар.

Ибн Муборак кўп китоблар муаллифи эди. Имомлар ва буюк олимлар унинг ҳақида ажойиб сўзлар айтиб, олий хислатлари ва илмий мақомини тавсиф этганлар. Ибн Уяйна унинг ҳақида: "Мен саҳобаларни кўздан кечириб ўтдим, уларда Пайғамбар (с.а.в.) билан суҳбатлашиб ғазовотга қатнашганларидан бошқа Ибн Муборакка нисбатан устун турадиган бирор ортиқча фазилат кўрмадим", деган экан.

Ибн Муборак Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг энг самимий дўсти ва шогирди сифатида унинг ишончига сазовор бўлиб келган ва ҳар жойда унинг ҳомийси бўлган. Масалан, Абдурраҳмон Авзоъийга уни танитган, раъй ва қиёс бўйича унинг қарашлари ва чиқарган хулосалари тўғрилигини кўрсатиб бериб, уларни бир-бирига яқинлаштириб, учрашувларини таъминлаган.

Ибн Ҳажар Асқалоний Яҳё Андалусийдан шундай ривоят қилади: Молик билан бир мажлисда ўтирганимизда, Ибн Муборак кириши учун рухсат сўралганда рухсат берилди. Ўшанда мен имом Моликни кўрдимки, унинг учун ўрнидан турмоқчи бўлди, сўнгра у уни ўтирғизди. Мен имом Моликнинг ундан бошқа ҳеч бир киши учун ўрнидан турганини кўрмаган эдим.

Барча олимлар гувоҳлигича, у энг ишонарли олим, фақиҳ, муҳаддис, айни ҳолда шижоат ва саҳоват эгаси ҳам эди, биринчилардан бўлиб ҳадисларни тўплади, Ибн Жунайд ибн Маиндан ривоят қилишича, у китобларида минглаб ҳадисни ривоят қилган. Ибн Исҳоқ Фазорий Ибн Муборакни Имамул-муслимин деб атаган эди. 

Ибн Муборак ҳақида жуда кўп манбаларда, жумладан, "Миротул-жунон", "Вафаётул-аъён" ва бошқа китобларда муфассал маълумотлар берилган.

[1] Қуръони Карим маъноларининг таржимаси. А.Мансур. Тошкент, 2001. Қуръон, 57-сура, 16-оят.

Абдуллаев Азимжон 

таълим муассасаси ўқитувчиси