Салафийларнинг "раҳбарни дуо қилиш куфр" деган гапига раддия
Ибодатлар ичида энг осон ва энг самаралиси бу дуодир.
Нўмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Дуо ибодатдир, Роббингиз: Менга дуо қилинг, сизлардан қабул қиламан, деган” деб марҳамат қилдилар. (Абу Довуд ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилинган ҳадисда эса “Дуо ибодатнинг мағзидир” дейилган. Мўмин-мусулмон киши ўзига қандай яхшиликларни раво кўрса, ўзгаларга ҳам шуларни раво кўрмоғлиги керак.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон биродари ҳаққига ғойибона дуо қилса, албатта бир фаришта: “Шуни мислича яхшилик сенга ҳам бўлсин” деб айтиб туради” деб мар ҳамат қилдилар. (Имом Муслим ривояти)
Соҳта салафийлар эса: “Раҳбарларни дуо қилиб бўлмайди, уларни дуо қилиш куфрдир” дейишади.
Аслида бировни дуо қилишда мансаби ёки лавозимига қараб эмас, балки динига, қилаётган ишига қаралади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: “Агар менда биргина ижобат бўладиган дуо бўлганида уни раҳбарга атаган бўлар эдим, зеро уларнинг салоитятида халқнинг салоҳияти бор” деганлар.
Хошимов Нуриддин