Қусам ибн Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу
Қусам ибн Аббос ибн Абдулмутталиб ал-Ҳошимий розияллоҳу анҳу. Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺнинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳунинг ўғилларидандир. Шу жиҳатдан у зот Пайғамбар алайҳиссаломнинг яқин қариндош саҳобалари ҳисобланадилар.
У кишининг машҳур оға-инилари: Фазл ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Аббос (умматнинг ҳибрул-уммати, буюк муфассир), Убайдуллоҳ ибн Аббос, Касир ибн Аббослар. (Ибн Ҳажар, ал-Исоба фи тамйиз ас-саҳоба).
Қусам ибн Аббоснинг оналари — Умму Фазл Лубоба бинт ал-Ҳорис ал-Ҳилалия розияллоҳу анҳо бўлиб, У киши Хадича онамиз розияллоҳу анҳодан кейин иккинчи бўлиб иймон келтирган аёл ҳисобланади, Аббос ибн Абдулмутталибнинг завжалари, Ислом тарихида илк мўмина аёллардан.
Бу маълумотни Ибн Абдулбарр ва Ибн Са’длар келтирган. (Ибн Са’д, ат-Табақот ал-Кубро)
Саҳобалик мақоми ва Пайғамбар ﷺ билан алоқаси
Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг суҳбатларига етишган саҳобалардан бўлиб, у зотдан оз сонли ҳадислар ривоят қилганлар.
Бироқ уламолар таъкидлашича: «У ҳадисда кўп ривоят қилмаган бўлса-да, хулқ-атвори, одоби ва ташқи қиёфаси билан Пайғамбар ﷺга ўхшар эди». (Ибн Ҳажар, ал-Исоба).
Пайғамбар ﷺга ўхшаш саҳобалар қаторида Абу Умар ибн Абдулбарр раҳимаҳуллоҳ айтади:
قال أبو عمر رضي الله تعالى عنه: كان المشبهون برسول الله ﷺ خمسة وهم: جعفر بن أبي طالب، والحسن بن علي، وقثم بن العباس، وأبو سفيان بن الحارث، والسائب بن عبيد رضي الله عنهم.
(Ибн Абдулбарр, ал-Истиъоб фи маърифат ал-асҳоб) Пайғамбар ﷺга ўхшаш саҳобалар бешта бўлган: Жаъфар ибн Абу Толиб, Ҳасан ибн Али, Қусам ибн Аббос, Абу Суфён ибн ал-Ҳорис ва Соиб ибн Убайд (розияллоҳу анҳумлар).
Бу ўҳшашлик фақат ташқи қиёфа эмас, балки ахлоқ, ҳаё, муомала ва покликда ҳам намоён бўлган.
Пайғамбар ﷺ дафн маросимидаги ўрни Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар ﷺни лаҳадга қўйиб бўлгач, қабрдан энг охирги чиққан киши Қусам ибн Аббос бўлган.” (ал-Ҳоким, ал-Мустадрак, санади саҳиҳ, деган).
Бу ривоят Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар ﷺга қанчалик яқин ва ишончли шахс бўлганини кўрсатади.
Зуҳд ва фазилатлари Тарихчилар уни: зоҳид, тақводор, юксак хулқ соҳиби сифатида таърифлайдилар.
Ибн Са’д ва Ибн Ҳажар уни фазилатли саҳобалар қаторида зикр қиладилар. Халифа Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу даврида Қусам ибн Аббос Саъид ибн Усмон розияллоҳу анҳу билан Мовароуннаҳрга, хусусан Самарқанд шаҳрига келадилар.
Шу ерда Исломни тарғиб қилиш жараёнида шаҳид бўлганлар. Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Саҳиҳ қавл шуки, Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг қабрлари Самарқанддадир.” (ал-Ҳоким, ал-Мустадрак). Самарқанддаги машҳур Шоҳи Зинда мажмуаси айнан шу улуғ саҳоба номи билан боғлиқ.
Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу: Пайғамбар ﷺнинг яқин қариндоши, У зотга ўхшаш саҳобалардан бири, Расулуллоҳ ﷺни охирги марта кузатган саҳоба, Самарқандда шаҳид бўлган Ислом элчисидир. Унинг ҳаёти — ахлоқ, фидокорлик ва илмга садоқат намунасидир.
Абдураҳмонов Муҳаммадхон
Таълим муассасаси ўқтитувчиси