Ақоидни илмини келиб чиқиши (2-қисм)
Тобеъинлар даврига келиб ҳолат яна жиддийлашди. Энди баъзи кишилар ақийда масаласида мутахассис бўлиб ажраб чиқа бошладилар. Имом Ҳасан Басрий бу соҳада дарслар ўтар эдилар. Айни Ҳасан Басрийнинг дарс ҳалқасида иштирок этган кишилардан бири Восил ибн Ато у киши билан гуноҳи кабира қилган кишининг ҳукми ҳақида тортишиб беодоблик қилди ва кейинчалик мўътазилийлар мазҳабига асос солди.
Кейинчалик мўътазилийлар ўз фикрларини баён этувчи китоблар ёздилар. Аббосийлар давлати уларни ҳимоясига олгандан сўнг фикрларини одамларга куч билан ўтказа бошладилар. Уларнинг Қуръони Карим махлуқ ёки махлуқ эмаслиги ҳақидаги даъволари катта жанжалга сабаб бўлгани ҳаммага маълум.
Шу билан бир қаторда бошқа фирқа ва тоифалар ҳам кенг тарқалиб кетди. Оқибатда, Ислом оламида турли фикр, фалсафа, эътиқод ва қарашлар тарқалиб, ҳаммаси соф Исломий ақийдага футур етказиш йўлига ўтиб олдилар.
Бундай ҳолатнинг вужудга келишига бир қанча сабаблар бор эди. Улардан энг кўзга кўринганлари қуйидагилар:
Фатҳлар туфайли Ислом ерларининг беҳад кенгайиб кетгани.
Исломга турли динлар вакилларининг киргани.
Исломга яқин ва узоқ юртларнинг аҳолиси киргани.
Динбузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни мақсад қилиб олганларнинг кўпайганлиги.
Ана шундай оғир бир пайтда соф Ислом ақийдасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар етишиб чиқдилар. Улар Қуръони Карим ва Суннат таълимотлари асосида ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Уларга “Аҳли сунна ва жамоа” номи берилди.
Кейинроқ одамларга тушунарли бўлиши учун матнларни таъвийл қилишга ҳам мажбур бўлинди. Турли китоблар битилди. Аҳли сунна ва жамоанинг ақийда бобидаги таълимотлари тўпланиб, тартибга солинди. Натижада, ақийдавий мазҳаб бўлиб шаклланди ва ўз имомларига ҳам эга бўлди.
Бу борада имом ал-Ашъарий ва ал-Мотуридий Аҳли сунна ва жамоанинг ақийда бўйича имомлари деб тан олиндилар.
Маҳмудов Калимуллоҳ
Таълим муассасаси ўқитувчиси