БАРОАТ КЕЧАСИНИ ФАЗИЛАТИ
Ислом манбаларда айрим вақт ва маконларга хос улуғлик ва фазилат берилган. Ана шундай улуғ вақтлардан бири — шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси, халқ орасида “Бароат кечаси” деб машҳур бўлган муборак кечадир. Ушбу кечанинг фазилати ҳақида саҳобалар, тобеъинлар ва улардан кейинги муҳаддис ҳамда муфассирлар томонидан кўплаб ривоятлар нақл қилинган.
Бароат кечасининг таърифи ва номланиши
Бу кеча шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасига тўғри келади. Манбаларда у турли номлар билан зикр қилинган: Лайлатул муборока — баракали кеча; Лайлатур раҳма — илоҳий раҳмат ёғиладиган кеча; Ва яна — қарор ва тақдирлар ёзиладиган кеча, дўзахдан озод бўлиш кечаси.
“Бароъа” сўзи араб тилида озод бўлиш, нажот топиш маъноларини англатади. Бу номланиш Аллоҳ таолонинг раҳмати ила кўплаб бандаларнинг дўзахдан озод қилиниши билан боғлиқ.
Бароат кечасининг фазилати ҳақидаги ривоятлар
Қадр кечасидан кейинги энг афзал кеча
Ато ибн Абу Ясор (ваф. 103 ҳ.) раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Қадр кечасидан кейин шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидан афзал кеча йўқ. Аллоҳ таоло бу кечада дунё осмонига нузул қилиб, барча бандаларини мағфират қилади, магар мушрик, хусуматчи ва қариндошлик алоқасини узганлардан бошқаси”. Бу ривоят тобеъинлар орасида бароат кечасига бўлган эътибор нақадар юқори бўлганини кўрсатади.
Амаллар кўтарилиши ва тақдир ишлари
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Бу кечада (шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) кимлар туғилиши, кимлар вафот этиши, амалларнинг кўтарилиши ва ризқларнинг нозил қилиниши ёзилади”. Бу мазмунда Ато ибн Ясор, Усмон ибн Абул Ос, Рошид ибн Саъд каби тобеъинлардан ҳам ривоятлар келган].
Илоҳий мағфират ва истисно қилинган тоифалар
Кўплаб саҳобалардан ривоят қилинган ҳадисларда қуйидаги маъно такрорланади: “Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида махлуқотларига раҳмат назари билан қарайди ва барчани мағфират қилади, магар мушрик ва хусуматчи” (Абу Бакр, Абу Мусо ал-Ашъарий, Муоз ибн Жабал, Абдуллоҳ ибн Амр, Абу Ҳурайра, Авф ибн Молик розияллоҳу анҳум ривоятлари). Бу ривоятларнинг кўплиги (тавотур маънавий даражаси) бароат кечасининг фазилатини инкор этишга илмий асос қолдирмайди.
Расулуллоҳ ﷺнинг амалий намунаси
Оиша розияллоҳу анҳодан узун ривоятда Расулуллоҳ ﷺнинг бароат кечасида: Бақеъ қабристонига чиққанлари; Мўминлар учун истиғфор айтганлари; Узоқ саждалар билан тунни ибодатда ўтказганлари; Махсус дуоларни ўргатганлари баён қилинади. Бу ҳадис бароат кечасини эҳё қилиш суннат асосига эга эканини очиқ кўрсатади.
Қуръон ояти ва бароат кечаси масаласи
“Духон” сураси 4-оятида: «Ўша кечада ҳар бир ҳикматли иш ажратиб белгиланур». Муфассирлар бу оятни асосан Лайлатул Қадр деб тафсир қилганлар. Аммо бу бароат кечасида ҳеч қандай тақдир ишлари бўлмаслигини англатмайди.
Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ишларнинг ажратилиши икки кечада ҳам бўлиши мумкин: бири ижмолан, иккинчиси тафсийлан”.
Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бароат кечасида лавҳул маҳфуздан нусха олиш бошланиб, Қадр кечасида якунланади”. Бу баёнлар икки кечанинг ҳам улуғлигини инкор этмасдан, аксинча, иккаласини ҳам шарафли эканини кўрсатади.
Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси — бароат кечаси: саҳобалар, тобеъинлар ва салаф уламолари наздида улуғ кеча бўлган; кўплаб ҳадислар билан унинг фазилати собит; аҳли сунна вал жамоа томонидан асрлар давомида эҳтиром қилиб келинган; ибодат, истиғфор, қалбни поклаш ва адоватдан воз кечиш учун улкан имкониятдир. Ким бу кечадан ғафлатда қолса, улкан илоҳий неъматдан маҳрум бўлади.
Абдураҳмонов Муҳаммадхон
Таълим муассасаси ўқтитувчиси