АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ ИСЛОМ ОЛАМИДА ТУТГАН ЎРНИ
Буюк аждодларимиздан Алишер Навоий нафақат шеърият оламида, балки ислом оламида муҳим ўрин тутган. Давлатшоҳ Самарқандий Алишер Навоийни “Мир Низомиддин”, яъни “диннинг низоми – қонуни” деб бежиз улуғламаган. Ҳазрат Навоийнинг деярли барча асарларида, хусусан, “Хамса” достонларининг муқаддималарида Аллоҳга ҳамд, Пайғамбарга наът, муножот ва Расулуллоҳ с.а.в мадҳининг мавжудлигиёқ бу фикрни тасдиқлайди. Қолдирган асарларида Алишер Навоий шариат ва тасаввуф илмининг чуқур билимдони, назариётчиси сифатида намоён бўлади.
Алишер Навоийнинг “Арбаъин” (“Қирқ ҳадис”) асари – ҳадисларнинг шеърий таржимаси бўлиб, анъанавий ҳамд ва наът билан бошланади. Асар муқаддимаси – “Сабаби таълифи манзума”да Навоий устози Абдураҳмон Жомий саҳиҳ ҳадислардан 40 тасини танлаб олиб, форсий тилда “Арбаъин” яратганини, лекин туркий китобхон бу чашмадан бебаҳра эканлигини айтиб, Жомийнинг рухсати билан шу 40 ҳадисни туркий тилга таржима қилганлигини ёзади.
Шоир Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларини аввал араб тилида беради ва унинг таржимасини шеърий усулда тақдим этади.
Алишер Навоийнинг ”Вақфия” асари 1481-82 йиллар оралиғида яратилган бўлиб, Навоийнинг давлат арбоби сифатидаги фаолияти, вақф қилдирган ерлари, қурдирган бинолари ҳақида маълумот берувчи асардир[1].
Асарда Навоийнинг мамлакат ободлиги ва эл-юрт фаровонлигига доир муҳим фикрлари ҳам ўз ифодасини топган.
Алишер Навоийнинг “Назму-л-жавоҳир” асари насрий усулда ёзилган муқаддима ва Ҳазрати Алининг икки юз эллик беш рақам остида тартибланган араб тилидаги ўгитларининг туркий тилда рубоий шаклида берилган талқинидан иборат.
Асар муқаддимаси ҳамд ва наът билан бошланиб, унда сўз ва унинг қудрати, инсон яратилиши билан боғлиқ диний-тасаввуфий қарашлар баёни келтирилади. Шунингдек, шоир “Назму-л-жавоҳир”нинг ёзилиши билан боғлиқ маълумотларга тўхталади. Ҳар бир фикр сура ва ҳадислардан парчалар келтириб исботлаб борилади, уларнинг таъсирчанлигини ошириш учун тўрт мисраси ҳам қофиядош – таронайи рубоийлардан фойдаланилади.
Алишер Навоийнинг “Сирожу-л-муслимин” (“Мусулмонлар нури”) асари соф диний йўналишда бўлиб, ислом дини аҳкомларини ёритишга бағишланган. Асар маснавий шаклида ёзилган бўлиб, ҳажман 197 байтдан иборат. “Сирожу-л-муслимин” ҳамд ва наът, китоб ёзилишининг сабаби, исломга оид фиқҳий ва ақидавий масалалар шарҳи ва хотимани ўз ичига олади.
“Муножот” – Оллоҳга илтижо тарзида яратилган насрий асар бўлиб, “Ҳамд”, “Наът” ва “Муножот” деб аталган уч қисмни ўз ичига олади. “Ҳамд”да Аллоҳнинг буюклиги, абадийлиги ҳақида сўз борса, “Наът”да Пайғамбаримиз расули акрам таърифлари кетирилади. Асарнинг “Муножот” қисми бевосита шоирнинг Аллоҳдан нажот сўраб қилган илтижоларига бағишланган. Асарнинг ҳар бир жумласи Аллоҳга мурожаат, яъни “илоҳи” сўзи билан бошланади. Навоий ўзини беҳад гуноҳкор, яратганни пок ва акрам (карамли), ўзини чексиз исёнкор ва Холиқни раҳмли ва меҳрибон деб атар экан, ички қофия, тазод, иштиқоқ санъатларининг бетакрор намуналари шоир ҳис-туйғулари билан уйғунлик касб этганлигини кўрамиз.
Алишер Навоийнинг “Насойиму-л-муҳаббат” (тўлиқ номи “Насойиму-л-муҳаббат мин шамойилу-л-футувват” – “Мардлик хушбўйликларини таратувчи муҳаббат шабадалари”) асари 1495-96 йилларда яратилган бўлиб, Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс мин ҳазароту-л-қудс” (“Дўстлик таровати”) асарининг ижодий таржимасидир.
Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс” асарида 616 та шайх ҳақида маълумот келтирилган. Ҳазрат Навоий бу маълумотларни қайта ишлаб, тўлдириб, шайхлар сонини 770 тага етказади, улардан 35 тасини авлиё аёллар ташкил этади.
“Насойиму-л-муҳаббат” муқаддима (ҳамд, наът ва асар ёзилиш сабаби, “Бу тоифа муқаддима тамҳиди”, “Бу тоифа аъмолу афъоли ва муомилату риёзотидин баъзини зикр қилмоқ”), 770 шайх зикрини ўз ичига олган асосий қисм ва хотимадан иборат.
Ҳазрат Навоий асарнинг ёзилиш сабаблари ҳақида тўхталар экан, Жомий ва ўз тазкираси ўртасидаги фарқларни айтиб ўтади. Унга кўра:
- “Нафоҳату-л-унс”да Фаридиддин Атторнинг “Тазкирату-л-авлиё” асаридаги баъзи авлиёлар тушириб қолдирилган, Навоий эса уларни ўз тазкирасида зикр қилган;
- Жомийда ҳинд ва турк машойих (шайх)ларига кенг ўрин ажратилмаган, лекин ҳазрат Навоий мумкин қадар уларнинг барчасини ўз асарида акс эттиради;
Шунингдек, шоир “Насойиму-л-муҳаббат”да Абдураҳмон Жомий ва унинг замондоши бўлган валий зотлар ҳаёти ва фаолиятини ҳам ёритганини маълум қилади.
“Бу тоифа сулукида муқаддима тамҳиди” деб аталган қисмда Навоий инсон яратилиши сабаби, Аллоҳнинг ҳикмати, пайғамбарлар саййиди Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳаққа ҳабиб эканлиги билан боғлиқ тушунчаларни баён қилади. Алишер Навоий Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг пайғамбарлик эшиги беркитилган бўлса-да, мўминлар пок эътиқод, тақво билан Аллоҳга дўстлик – валийлик мақомига эришишлари мумкин, чунки “Олимлар – пайғамбарларнинг ворисларидир”, валий зотларнинг барчаси Аллоҳ йўлида собит бўлган зотлардир, улар халқни тўғри йўлга бошлайди, деб таъкидлайди.
“Насойиму-л-муҳаббат” таркибида тилга олинган авлиёлар орасида исломдаги тўрт мазҳаб бошлиқлари – имом Аъзам, имом Молик, имом Шофеъий, имом Аҳмад ибн Ханбалдан тортиб Муҳаммад Ғаззолий, Баҳоуддин Валад, ўғли Жалолиддин Румий, Румийнинг ўғли Султон Валад каби буюк зотлар ҳақидаги турли қизиқарли, ибратли ҳикояларга дуч келамиз. Ушбу авлиёлар ҳақидаги маълумотлар илмий асосга эга бўлиб, тасаввуф тарихини ўрганишда алоҳида аҳамият касб этади (Масалан, Жалолиддин Румийга болалигида Фариддин Аттор ўзининг “Асрорнома” асарини ҳадя қилиши ёки Шамсиддин Табризий ва Румий учрашуви билан боғлиқ маълумотлар).
Умуман олганда, ҳазрати Алишер Навоийнинг авлиёлар таржимаи ҳолига бағишланган мазкур “Насойиму-л-муҳаббат мин шамойилу-л-футувват” асари шоирнинг етук мутасаввиф олим сифатидаги фаолиятини кўрсатувчи муҳим манбадир.
Алишер Навоийнинг мазкур диний йўналишдаги асарларини ўрганиш орқали унинг динга бўлган муносабати, эътиқоди билан боғлиқ муайян маълумотлар олиш билан биргаликда, унинг ислом илмларининг етук билимдони эканлиги тўғрисида тасаввур ҳосил қиламиз. Бу улуғ шоирнинг ўз даври ижтимоий ҳаётида тутган ўрни нечоғлик муҳим бўлганлигини белгилаб берувчи ўзига хос омил эканлиги билан аҳамиятли саналади.
ШАВКАТЖОН МАДАМИНОВ,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
таълим муассасаси ўқитувчиси