Яратилиш санаси 18.02.2026

ҚАБРИСТОН ЗИЁРАТИДАГИ ХУРОФОТЛАР

Қабристонларни зиёрат қилишга динимизда тарғиб бор. Чунки бунда зиёрат қилувчи инсонлар учун кўплаб фойдалар мавжуд. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида марҳамат қилиб айтадилар: 

زُورُوا الْقُبُورَ فَإِنَّهَا تُذَكِّرُكُمُ الْآخِرَةَ (رواه الامام ابن ماجة)

яъни: “Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у сизларга охиратни эслатади” (Имом Ибн Можа ривояти). 

Демак, қабрларни зиёрат қилишдан кўзланган мақсад, дунёнинг ўткинчилиги, ўлим ва охиратнинг ҳақ эканлигини эслаш, бир кун келиб зиёрат қилаётган киши ҳам шу манзилгоҳдан қўним топиши ва амалларига яраша жазо ёки мукофот олишини эслашдир. 

Бундан ташқари зиёратдан кўзланган мақсад сифатида ушбу ишларни ҳам зикр қилиш мумкин: қабр соҳиби ҳаққига ва қабристон аҳлига Қуръон оятларидан ўқиб савобини бахшида этиш, унга дуо қилиш ҳамда истиғфор айтиш. 

Чунки аҳли сунна ақидасига кўра, қабр эгаси зиёратчининг ўқиган Қуръон оятлари ва дуоларидан манфаатланади. 

Шу ва бошқа асосий ишлардан чалғиб, турли хил бидъат ва хурофотларни пайдо қилаётган, уларни асоссиз равишда сидқидилдан бажараётган кишиларни ҳозирги вақтда кўп учратиш мумкин. Ҳатто қабристонни ҳам зебу-зийнатлаб, қимматбаҳо тош ва мармарларни ўрнатиб, сунъий гуллар билан тўлдириб дабдаба қилаётган кишилар оз эмас. Баъзан шу харажатлар бир оилани бир йиллик харажатидан ошиб кетади. Бу очиқ-ойдин исрофдир. Бу дабдабалардан маййитга бирор фойда йўқ. Қабрларни дабдабали қилиш ва безашдан тийилиш керак. Чунки тирикларга фойдаси тегадиган пишиқ ғишт, тахта ва темир каби маҳсулотларни зарурат бўлмаганда қабрга ишлатиш мумкин эмас. Фақат риёкорликка ярайди холос. Қабрларни лой билан суваб қўйиш ва белги бўладиган даражадаги тош каби бирор нарса қўйишнинг ўзи кифоя қилади.

Қаровсиз қолган қабрларни тозалаш, обод этиш савобли ишдир. Бу каби савобли ишларни барча мусулмонлар сидқидилдан бажаришлари, ўз яқинлари қабрлари аторифида шундай қабрлар бўлса, уларга ҳам эътибор қаратиб қўйишлари мақсадга мувофиқ.

Ҳозирги вақтда энг катта бидъат ва хурофотлар сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:

  • Қабристонга жонлиқ олиб бориш ва марҳумларга атаб жонлиқ сўйиш;
  • Қабр эгаси учун шам ёқиш;
  • Таомлар пишириш ва у ерда тановул қилиш;
  • Ҳар хил мақсадларда латта боғлаш;
  • Қабрларни тавоф қилиб, уларни силаб юзга суртиш;
  • Қабр аҳлидан ҳожатни сўраш, фарзанд сўраш.

Ушбу амаллар эътиқодга қараб турли даражадаги гуноҳларни ифода қилади. Баъзилари ширк бўлса, баъзилари гуноҳи кабира  бўлади. Ундан пасти бўлмайди. Бундай ишларни қилган киши алоҳида тавба-тазарруъ қилиши керак. 

Имом Раббоний роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “мактубот” китобларида: “Фиқҳий ривоятларда улуғларнинг номига атаб жонлиқларни қабр устига олиб бориб сўйиш ширк ишлардан ва қатъий қайтарилган ишлардан саналади. Бундай нолойиқ ишдан қайтишликка шаръий китобларда қатъий таъкидловлар мавжуд. Ушбу жонлиқлар жинларга атаб сўйилган жонлиқлар ҳисобига ўтади. Бу шариатда таъқиқланган ширк амаллардан ҳисобланади”, деганлар. 

Аллоҳ таоло Кавсар сурасида марҳамат қилиб айтади:

فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَٱنْحَرْ

Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва жонлиқ сўйиб-қурбонлик қилинг”. Жонлиқ фақат Аллоҳ таоло учун сўйилади. Бошқасига атаб сўйиш ширк ва ана шу сўйилган жонлиқ ҳаром бўлади. 

Ибн Обидин ўзларининг “Ҳошия”ларида: “Билгинки авом халқ тарафидан ўликларга атаб назрлар қилиш, авлиёларнинг қабрига уларга яқин бўлиш мақсадида тангалар ташлаш, шамчироқлар ёқиш ботил ва ҳаромдир. Бу нарсалар, хусусан, асримиз одамлар кўп маубтало бўлишган”, деганлар. 

Қабр эгаларини ўзидан бирор нарса сўраб дуо қилиш ҳам қатъий қайтарилган амаллардан. Чунки дуо ибодат саналади. У фақат Аллоҳ таолога қилинади. Яна қабр эгаларига сажда ва руку қилиш ҳолатлари ҳам оз бўлсада мавжудлиги қулоққа чалинмоқда. Бу амаллар ширк бўлиб, инсон имонидан ажраб қолиши ҳеч гап эмас. 

Ҳозирда яна бир замонавий бидъат авж олмоқда. У Қабрлар устига Қуръон тиловат қилиб турувчи жиҳозларни ўрнатиб қўйиш. Бу ҳақида Диний идорамизга қарашли Фатво маркази ҳам жавоб бериб ўтган. Жумладан, фатвода: “Бунинг ўрнига инсон ўзи тиловат қилиб бағишлаши, имкони бўлса қабристонга бориб, қабрни зиёрат қилгач тиловат қилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда ўзи учун ҳам, маййит учун ҳам савоб ҳосил бўлади. Шу мулоҳазалар эътиборидан қабрлар устига бундай жиҳозларни қўйиш тавсия этилмайди”, дея келтирилган. 

Бундан ташқари қабр тошига расм тушириш, ҳайкал, сурат бюстларни қўйиш шаръан қайтарилган ишлардандир. Қабр тошларга оят, ҳадислар ва турли шеърлар ёзиш ҳам шариатимизда қайтарилган ишлардандир. Яна ҳозирги пайтларда кўп урчиган бидъатлардан гул кўтариб бориш, қабр олдига гул қўйишдир. Бу амаллар ислом умматига ёт бўлган ишлардан. Яқин ўтмишда ҳам бундай ишлар мавжуд эмасди. Ҳозирга келиб бу ишлар ривожланиб кетди. Ҳатто қабристон олдида гул бозорлари пайдо бўлди. 

Юқорида келтирилган бидъат хурофотлар аслида шариат илмларидан бехабарлик, кўр-кўрона бошқа дин вакилларига тақлид, ташқи зийнатга кучли эътибор, ҳўжакўрсинлик, жоҳиллик ва қайсарлик каби амаллардан юзага келади. Тақводор, заковатли, маърифатли ва манфаатли инсон бундай ишларни асло қилмайди, ҳатто яқинига ҳам келмайди. Аллоҳ таоло барчамизни шундай бидъат ва хурофотлардан тийилишимизни, дунё ва охиратимизга, мусулмонларга ва жамиятга фойдали ишлар билан банд бўлишимизни насиб қилсин.  

Азамхон Саминов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси ўқитувчиси