ХОРИЖИЙ МАМЛАКАТЛАРДА ДАВЛАТ ТИЛИНИНГ ЎРНИ
2019 йил 21 октябрь куни Давлатимиз раҳбари “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга мувофиқ 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди.
Бу муҳим ҳужжатнинг қабул қилиниши давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишларнинг мантиқий давоми бўлди, бу соҳада яна бир муҳим қадам қўйилди. Бироқ олдимизда бир қанча ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжуд.
“Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг бир қатор нормалари декларатив ва умумий характерга эга бўлганлиги сабабли кўзланган мақсадга тўла эришишнинг имкони бўлмаяпти.
Қонуннинг 20-моддасида лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин деб белгиланган бўлсада, мазкур қоидага ҳар доим ҳам амал қилинмаяпти. Хусусан, айрим савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳалари томонидан бевосита ёки интернет тармоқлари орқали берилган лавҳалар ва эълонларда давлат тили талабларига риоя қилмаслик ҳолатларини кузатиш мумкин.
Масалан, савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи савдо дўконлари, умумий овқатланиш жойларида ва уларнинг интернет сайтларида хорижий тилда ёзилган “Infinity”, “Gefest”, “мы открылись”, “распродажа”, “скидка”, “доставка”, “sale” каби сўзларни кўп учратиш мумкин.
Ваҳоланки, ўзбек тилида “чегирма”, “етказиб бериш”, “арзон нархда” каби ушбу сўзларнинг муқобиллари мавжуд.
Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ҳужжатларида ўзбек тилида ўриндоши мавжуд бўлган сўзлардан фойдаланмасдан хорижий атамаларни (термин, штат, комиссия ва бошқа шу каби сўзларни) қўллаш ҳолатларини ҳам учратиш мумкин.
Бу каби ҳолатларнинг мавжудлиги, ўз навбатида, давлат тили тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш ва шу орқали унинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш ҳамда мустаҳкамлаш лозимлигини англатади.
Франция Педагогик тадқиқотлар институтида француз тили ҳақидаги қонунни ўқиган эдим. Тубон қонунида давлат ташкилотлари томонидан иш юритиш истисносиз француз тилида олиб борилиши, атамаларнинг французча муқобили турганда, бошқа тилдагисини ишлатиш тақиқланиши қатъий белгилаб қўйилган. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари, киносаройларда фильмлар намойиши ва рекламаларда француз тили қоидаларига тўлиқ риоя қилиши белгиланган.
Кельсидаги Ян Кохановски Университетида “Поляк тили тўғрисидаги” қонун қатор тилларда ифодаланган. Меҳнат муносабатларида тарафлардан бири Польша ҳудудида доимий яшовчи шахс бўлган ҳолларда иш юритиш поляк тилида олиб борилади. Яъни, мамлакатда фаолият юритадиган хорижий корхоналарда биттагина Польша фуқароси ёки Польшада доимий яшовчи шахс ишласа, бу корхонада давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига риоя қилиниши керак.
2002 йил 30 сентябрда Гейдер Алиев томонидан қабул қилинган “Озарбайжон Республикасида давлат тили тўғрисида”ги Қонунда Озарбайжон Республикасининг ҳар бир фуқароси давлат тилини билишга мажбурлиги, озарбайжон тили мамлакат сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, илмий ва маданий ҳаётининг барча жабҳаларида давлат тили сифатида қўлланилиши назарда тутилган.
Хизмат кўрсатиш соҳасида, реклама ва эълонлар беришда давлат тили қўлланилади. Хорижий давлат фуқароларига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишларда эса давлат тили билан бир қаторда бошқа тиллар ҳам қўлланилиши мумкин. Бунда хорижий тилдаги реклама ёки эълон эгаллаган майдон унинг давлат тилида берилган шаклидан катта бўлмаслиги ва бундай эълонлар уларнинг озарбайжон тилидаги шаклидан сўнг жойлаштирилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, ушбу қонунда Озарбайжон Республикасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг номи ва улардаги ёрлиқлар, шунингдек бошқа ёзувлар тегишли хорижий тил билан бирга давлат тилида ҳам бўлиши кераклиги, мамлакат ҳудудига импорт қилинаётган маҳсулотларнинг номи ва улардаги ёрлиқлар, қўллаш йўриқномаларининг озарбайжон тилидаги таржимаси бўлиши шартлиги келтириб ўтилган.
Озарбайжон тилининг орфография ва орфоэпия қоидалари тегишли ижро этувчи ҳокимият органи томонидан тасдиқланиши, юридик, жисмоний ва мансабдор шахслар мазкур қоидаларга қатъий амал қилишлари лозимлиги, ҳар беш йилда бир марта масъул орган томонидан ёзма тил қоидаларини ўз ичига олувчи луғат (имло луғати) нашр этиб борилиши белгиланган.
Грузия ҳукумати томонидан 2015 йил 22 июлда қабул қилинган “Давлат тили тўғрисида”ги Қонунда оммавий хизматчилар (яъни, давлат хизматчилари, депутатлар, жамоат ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари сингари) давлат тилини билиши шартлиги кўрсатиб ўтилган. Қонунчилик ташаббуси билан Грузия Парламентига киритилаётган қонун лойиҳалари ва таклифлар грузин тилида тақдим этилади. Барча фуқаролар давлат идоралари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлари билан давлат тилида муносабат олиб боришлари шарт. Яъни, фуқароларнинг мурожаат ва ёзишмалари давлат тилида бўлиши талаб қилинади.
Шунингдек, Қонунда давлат тилини ҳимоя қилиш кафолатларига қаратилган алоҳида боб ажратилган бўлиб, унда давлат грузин тилини ҳимоя қилиши, барча давлат органлари ва маҳаллий идоралари давлат тилининг ривожи ва софлиги учун жавобгар эканлиги белгилаб қўйилган.
Қозоғистон Республикасининг давлат тили тўғрисидаги қонунчилигига кўра, давлат тили қозоқ тили бўлиб, давлат тили – давлат бошқаруви, қонунлар, суд ишларини юритиш, иш юритиш тили бўлиб, бутун давлат ҳудудида ижтимоий муносабатларнинг барча соҳаларида амал қилиши, давлат тилини билиш ҳар бир Қозоғистон Республикаси фуқаросининг бурчи ва вазифаси эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Хорижий давлатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда давлат тилини такомиллаштириш юзасидан қуйидагилар таклифларимиз бор:
1. Давлат тилини билиш давлат хизматчилари, депутатлар, оммавий ва бошқа бир қатор касб эгалари учун давлат тилини билиш мажбурийлигини қонун билан мустаҳкамлаш ҳамда давлат хизматчиларининг давлат тилини билиш даражаси бўйича имтиҳон қилиш амалиётини жорий этиш;
2. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда атамаларнинг ўзбекча муқобили турганда, бошқа тилдагисини ишлатиш таъқиқланишини қатъий белгилаб қўйиш;
3. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатларини давлат тилида юритишни шарт қилиб, заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилинишини белгилаш;
4. Хорижий тилда берилган реклама ёки эълонлар уларнинг ўзбек тилидаги шаклидан сўнг жойлаштирилиши лозимлигини белгилаш;
5. Давлат хизматчиларининг давлат тилини билиши шартлигини назарда тутиш.
Мазкур ўзгаришларнинг амалга оширилиши давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ошишига, давлат органлари ва ташкилотларида иш юритиш тўлиқ давлат тилида амалга оширилишига олиб келади.
Анваров Алишер
Ҳидоя ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси