МАХСИГА МАСҲ ТОРТИШ
صحّ ولو امرأة لا جنبًا إن لبسهما على وضوءٍ تامٍّ وقت الحدث.
Икки махси тўлиқ таҳоратли ҳолатда кийилган бўлса, (кичик) бетаҳоратлик етганда (оёқларни ювиш ўрнига) икки махсига масҳ тортиш жоиз. Масҳ тортувчи жунуб ҳолатда бўлмаслиги керак. Аёл киши ҳам масҳ тортиши мумкин.
يومًا وليلةً للمقيم وللمسافر ثلاثًا.
Муқим киши бир кеча-кундуз, мусофир эса уч кеча-кундуз (махсига масҳ тортиши жоиз).
من وقت الحدث.
(Юқоридаги муддат махси кийилгандан кейин) бетаҳоратлик етган вақтдан бошланади.
على ظاهرهما مرّةً بثلاث أصابع يبدأ من الأصابع إلى السّاق.
Икки оёқ устига бир марта оёқ учларидан бошлаб болдир томон уч бармоқ билан (чизиқ тортади).
والخرق الكبير يمنعه وهو قدر ثلاث أصابع القدم أصغرها.
Катта йиртиқ махсига масҳ тортишдан ман қилади. (Катта йиртиқ миқдори) қадамнинг кичик бармоғидан учтаси миқдоричадир.
ويجمع في خفٍّ لا فيهما.
Бир пой махсининг йиртиқлари жамланади. Икки пойиники эмас.
Изоҳ: Бир пой махсининг йиртиқлари қадамнинг учта кичик бармоғидан катта бўлса ундай махсига масҳ тортиш жоиз эмас. Икки пой махсининг йиртиқлари жамланганда уч бармоқдан катта бўлса-ю, ҳар бир пойнинг йиртиғи уч бармоқ миқдоридан кичик бўлса бундай махсига масҳ тортиш жоиз.
بخلاف النّجاسة والانكشاف.
Нажосат ёки авратдаги очиқ жойлар ундай эмас.
Изоҳ: Икки махсидаги, кийимдаги, бадан ва макондаги нажосат жамланади. Шунда у дирҳам миқдоридан катта бўлса жоиз бўлмайди. Аврат очилишида ҳам икки махси ва бошқалардаги очиқ жойлар миқдори жамланаверади.
وينقضه ناقض الوضوء ونزع خف.
Махсига тортилган масҳни таҳоратни бузувчи нарсалар ҳамда махсини ечиш бузади.
Изоҳ: Икки махсининг бир пойи ечилса икки махсига тортилган масҳ бузилади. Шундан кейин икки оёқни ювиши ва тўлиқ таҳоратга махсини кийиши лозим бўлади.
ومضيّ المدّة إن لم يخف ذهاب رجله من البرد.
(Махсига масҳ тортиш) муддати ўтиши ҳам тортилган масҳни бузади. Агар оёқ совуқ туфайли зарар етишидан хавф қилса тортилган масҳ бузилмайди (балки унга масҳ тортиши мумкин бўлади).
وبعدهما غسل رجليه فقط.
Махси ечилгандан сўнг ёки масҳ тортиш муддати ўтгач фақатгина икки оёқ ювилади.
Изоҳ: Таҳорати бузилмаган киши махсини ечганда ёки махсига масҳ тортиш муддати ўтганда махсини ечади ва оёғини ювиб олади. Бошқа аъзоларини ювиши шарт бўлмайди.
وخروج أكثر القدم نزع.
Қадамнинг аксар қисми махсининг болдир қисми(соқи)га чиқса махси ечилган деб эътибор қилинади.
ولو مسح مقيمٌ فسافر قبل تمام يومٍ وليلةٍ مسح ثلاثًا.
Муқим киши масҳ тортгач бир кеча-кундуз тўлишидан аввал сафарга чиқса, у уч кеча-кундуз масҳ тортса бўлади.
Изоҳ: Бир киши бомдод вақтида махси кийди. Пешин кирган вақтда унга бетаҳоратлик етди. Бир кун тўлмасдан аввал, яъни эртаси кунги пешин вақти киргунича сафар қилса унга масҳ муддати бир кеча-кундуз эмас, уч кеча-кундуз бўлади. Учинчи куни пешин вақти киргунча масҳ тортиши жоиз бўлади.
ولو أقام مسافرٌ بعد يومٍ وليلةٍ نزع، وإلّا يتمّ يومًا وليلةً.
Мусофир киши (махси кийиб бетаҳоратлик етгандан сўнг) бир кеча-кундуз ўтгач сафар қилса махсини ечади (махси муддати тамом бўлгани учун). Бир кеча-кундуз тўлмасдан сафар қилса, бир кеча-кундуз тўлгунча махсини ечиши шарт эмас.
وصحّ على الموق والجورب المجلّد والمنعّل والثّخين.
Журмуққа, теридан қилинган жавробга, ости теридан қилинган жавробга, қалин жавробга масҳ тортиш дуруст.
Изоҳ: Журмуқ – совуқда махсининг устидан кийиладиган нарса. Жавроб – бу йигириб тўқилган жундан тикилган пайпоқ. Теридан қилинган жавроб – усти ва ости теридан қилинган жавроб. Баъзи араб давлатларида юпқа латтадан бўлган замонавий пайпоқлар “жавроб” дейилади. Замонавий латтадан қилинган пайпоқларга масҳ тортиш асло мумкин эмас. Шундай пайпоқларга масҳ тортган кишига иқтидо қилиш ҳам жоиз бўлмайди. Жавроб аслида махсига қўйилган шартларни ўз ичига олувчи, ўзини кийиб юриш мумкин бўлган оёқ кийим ҳисобланади. Мазҳабимизга кўра, қалин, боғичсиз ўзи тура оладиган, бир фарсах масофага ўзини кийибюрса ярайдиган оёқ кийимга жавроб дейилади. Бундан бошқа қадамни тўпиғи билан ёпиб турувчи этикка ўхшаш қалин терили оёқ кийимларга ҳам масҳ тортиш жоиз.
لا على عمامةٍ وقلنسوةٍ وبرقعٍ وقفّازين.
Саллага, дўппига, бурқа(аёллар юзини тўсадиган ёпинчиқ)га ва қўлқопларга масҳ тортиш жоиз эмас.
والمسح على الجبيرة وخرقة القرحة ونحو ذلك كالغسل فلا يتوقّت.
Жабирага, яра устидаги латтага ва шунга ўхшаш нарсаларга масҳ тортиш ювиш кабидир. Бундай нарсаларга масҳ тортиш муддати белгиланмайди.
Изоҳ: Жабира – яра устига боғланган банд.
ويجمع مع الغسل.
Жабирада масҳ қилиш билан бирга ювиш ҳам мумкин.
ويجوز وإن شدّها بلا وضوءٍ.
Таҳоратсиз ҳолатда боғланган жабирага масҳ қилиш жоиз.
ويمسح على كلّ العصابة كان تحتها جراحةٌ أو لا.
Жароҳат боғланган боғичнинг барчасига, остида жароҳати бўлсин ёки бўлмасин, масҳ тортилади.
Изоҳ: Саҳиҳ қавлга кўра, боғичнинг аксар қисмига масҳ тортиш кифоя қилади.
فإن سقطت عن برءٍ بطل وإلّا لا.
Жабира (жароҳат) тузалгани сабабли тушиб кетса, жабирага тортилган масҳ ботил бўлади (ўрнини ювиш лозим). Жароҳат тузалишидан аввал тушиб кетса жабирага қилинган масҳ ботил бўлмайди.
ولا يفتقر إلى النّيّة في مسح الخفّ والرّأس.
Махсига ва бошга масҳ тортишда ниятга эҳтиёж йўқ.
Изоҳ: Чунки улар таҳорат жузларидан бўлиб, таҳоратга ният шарт қилинмайди.
Саминов Азамжон
Таълим муассасаси ўқитувчиси