Яратилиш санаси 21.03.2026

ТАЯММУМ

Изоҳ: “Таяммум” сўзи луғатда “қасд қилиш”, шариатда эса “Аллоҳга қурбат ниятида тупроқ жинсидан бўлган покловчи нарсага ўзига хос кўринишда уриб, сўнгра икки қўл ва юзга суртиш” деган маънони билдиради.

يتيمّم لبعده ميلًا عن ماءٍ أو لمرضٍ أو بردٍ أو خوف سبعٍ أو عدوٍّ أو عطشٍ أو فقد آلةٍ.

Сув бир мил (1848 м.) узоқлиги ёки касаллиги ёки (ҳаво) совуқлиги ёки йиртқич ё душман ё чанқашлик хавфи борлиги ёки сув  бор-у, лекин уни олгани асбоб йўқлиги сабабли (сувга имкон топа олмаса) таяммум қилади.

Изоҳ: Киши мусофирми, мусофир эмасми у турган жойдан бир мил узоқликда сув топа олмаса таяммум қилиши мумкин. Касаллиги туфайли сувдан фойдаланиши зарар қиладиган киши ҳам, ҳаво қаттиқ совуқ бўлгани учун жонига ёки бирор аъзосига зарар етишидан қўрққан киши ҳам, сув бор-у, лекин уни олишда йирқич ё душман хавфи бўлса ёки таҳорат олса ўзи ё шериклари чанқаб сув топа олмай қолишидан қўрқса ҳам таяммум қилиши жоиз. 

مستوعبًا وجهه ويديه مع مرفقيه بضربتين.

Икки зарба уриш билан (биринчи зарба билан) юзига ва (иккинчи зарба билан) икки қўлига тирсаклари билан биргаликда тўлиқ (масҳ қилади)

ولو جنبًا أو حائضًا.

Жунуб (ҳамда бетаҳорат) киши, ҳайз ва нифосли аёл (таяммум) қилиши мумкин.

بطاهرٍ من جنس الأرض وإن لم يكن عليه نقعٌ وبه بلا عجزٍ.

(Таяммумни) ер жинсидан бўлган пок нарса ила қилади. Тупроққа қодир бўлган киши устида чанг бўлмаган ер жинсидан бўлган (силлиқ) нарсага ҳам таяммум қилиши мумкин.

Изоҳ: Ер жинси деганда олтин ва  кумуш сингари олов билан юмшамайдиган ва эриб кетмайдиган, ҳамда ёғоч каби ёниб кул бўлмайдиган нарсалар тушунилади. Буларга тупроқ, чанг, тош ва оҳак кабилар киради.

ناويًا.

(Таяммумни) ният қилган ҳолда қилади.

Изоҳ: Ният таяммумнинг фарзларидан бўлиб, у топилмаса қилинган таяммум дуруст бўлмайди. Таяммум қилишдан аввал ният қилиши лозим.

فلغا تيمّم كافرٍ لا وضوءه.

Кофир кишининг қилган таяммуми (исломга киргач) йўққа чиқади. Таҳорати эса йўқ. 

Изоҳ: Бир ғайридин таяммум қилди. Кейин у мусулмон бўлди. Шунда унинг таяммуми ботил бўлади. Агар у таҳорат олгач мусулмон бўлса таҳоратига путур етмайди. Чунки таяммумда ният фарз, таҳоратда эса фарз эмас.

ولا ينقضه ردّةٌ.

Муртад бўлиш (таяммумни) бузмайди.

Изоҳ: Бир киши таяммум қилгач муртад бўлса, кейин яна исломга қайтса унинг муртад бўлишидан илгари қилган таяммуми бузилмайди.

بل ناقض الوضوء.

Таяммумни бузувчи нарсалар таҳоратни бузувчи нарсалардир.

وقدرة ماءٍ فضل عن حاجته تمنع التّيمّم وترفعه.

Сувга қодир бўлиш таяммум қилишни ман этади ҳамда қилинган таяммумни бекор қилади.

وراجي الماء يؤخّر الصّلاة.

Сув топишдан умиди бор киши намозни охирги вақтига қадар кечиктиради.

Изоҳ: Намоз вақти чиқиб кетмасидан аввал сув топилиб, таҳорат қилиб олиши ва намозни мукаммал таҳорат билан адо қилиши мумкин.

وصحّ قبل الوقت ولفرضين وخوف فوت صلاة جنازة أو عيد ولو بناءً.

Таяммумни намоз вақти киришидан илгари, икки (ва ундан ортиқ) фарз намозлар учун, жаноза ёки ийд намоз ўтиб кетиш хафви бўлганда қилиш дуруст. Икки ийд намозга таҳорат билан киришиб, намозда таҳорати синиб қолса ҳам таяммум қилиб намозни давом эттириш мумкин.

لا فوت جمعةٍ ووقتٍ.

Жума ва беш вақт намоз вақти чиқиб кетишидан қўрқса таяммум қилмайди. 

ولم يعد إن صلّى به ونسي الماء في رحله.

Юклари ичида сув борлигини унутиб (таяммум билан) намоз ўқиган бўлса, (уни) қайта ўқимайди.

Изоҳ: Юклари ичида сув қолмаган деган гумонда намоз ўқиган бўлса-ю, аслида сув мавжуд бўлса намозни қайта ўқийди.

ويطلبه غلوةً إن ظنّ قربه وإلّا لا.

Яқинроқда сув бор деб гумон қилса, бир ғалва масофагача сув қидиради. Сув бор деган гумон бўлмаса қидирмайди.

Изоҳ: Яқинроқда сув бор деб гумон қилувчи киши бир ғалва масофагача сув қидириши вожиб. Бир ғалва – 300 зироъдан 400 зироъгача бўлган масофа. 300 зироъ=138,6м, 400 зироъ= 184,8м.

ويطلبه من رفيقه فإن منعه تيمّم.

Ҳамроҳидан сув сўрайди, у сув беришдан бош тортса, таяммум қилади.

وإن لم يعطه إلّا بثمن مثله وله ثمنه لا يتيمّم وإلّا تيمّم.

Ҳамроҳи бозордаги (улар турган ердаги) нархга сотиш орқалигина шеригига сув берса, шеригида (эҳтиёжидан ортиқ) шунча пул бўлса, таяммум қилмайди, балки (пулига сув сотиб олиб) таҳорат қилади. Унча пули бўлмаса таяммум қилади.

ولو أكثره مجروحًا تيمّم.

Баданини кўп қисми жароҳат олган бўлса таяммум қилади.

Изоҳ: Жунубликда масофа жиҳатдан катта қисми жароҳатли бўлиши, бетаҳоратликда эса ювиш фарз бўлган аъзоларнинг сон жиҳатдан кўпи жароҳатли бўлиши баданнинг кўп қисми жароҳатли деб эътиборга олинади. Яъни жунуб бўлган киши баданининг кўп қисми жароҳатланган бўлса, бетаҳоратликда таҳорат аъзоларининг адад жиҳатдан кўпи жароҳатланган бўлса таяммум қилиши жоиз.

وبعكسه يغسل ولا يجمع بينهما.

Акси бўлса (баданини кўп қисми жароҳат олган бўлмаса) уларни ювади. (Бу ҳолатда) таяммум ва ювишни жамламайди.

Изоҳ: Ҳолатга қарайди, агар баданини кўп қисми жароҳат олган бўлса таяммум қилади. Баданини кўп қисми жароҳат олган бўлмаса сув билан ювади.

 Саминов Азамжон

Таълим муассасаси ўқитувчиси