Яратилиш санаси 20.03.2026

Абузайд Дабусий

Бухоро билан Самарқанд оралиғида жойлашган, ҳозирда Самарқанд вилоятига тегишли «Дабусия» қишлоғида туғилиб ўсган, «Қузоти сабъа»дан бири бўлмиш Абузайд Убайдулло ибн Умар ибн Исо ад-Дабусий ислом ҳуқуқшунослиги бўйича «Илмул-хилоф» деб аталган янги фаннинг асосчиси эди. У аҳли сунна мазҳаблари орасидаги ихтилофларни тартибга солиб, илмий услубда ўрганиш қоидаларини яратиб берган ва кўп илмий асарлар ёзган. Улардан «Китобул-асрор фил-усул вал-фуруъ», «ал-Амадул-ақсо», усулул-фиқҳ бўйича «Ал-Анвор» китоби машҳур бўлиб, «Таъсисун-назар» Мустафо ибн Муҳаммад Қаббоний Дамашқий муқаддимаси билан Мисрда нашр этилган. Усулул-фиқҳ бўйича у ёзган «Тақвимул-адилла» китобини Фахрул-ислом Баздавий шарҳлаган.

Ибн Халдун таъкидлашича, Дабусийнинг усулул-фиқҳ бўйича ёзган китоби бу соҳада ёзилган асарларнинг энг муҳимларидан бири ҳисобланади.

Дабусий «Ат-Таълиқа» номли китобни ҳам илми хилоф бўйича ёзган. «Абжадул-улум»да таъкидлашича, Ҳанафий мазҳабида у қиёс услуби бўйича кенг маълумот берган, унга тегишли бўлган шартлар ва баҳсларни тугатган ва усулул-фиқҳ илмини камол даражасига етказган олим эди. Ҳанафий мазҳабида қиёс услуби борасида энг яхши асар ёзган олим, мутақаддимлардан ад-Дабусий ва мутааххирлардан Сайфул-ислом Баздавий эди.

Заҳабийнинг ёзишича, Дабусий 430 ҳ.й. вафот этган ва «Табоақотул-ҳанафия»да ёзилишича, Дабусияда Тўққиз қози мақбарасида дафн этилган.

Ривоятларга кўра, Дабусий бир фақиҳ билан мунозара қиладиган чоғда, далил келтирганда, фақиҳ унга қараб жилмайиб кулар экан. Дабусий ушбу муносабат билан қуйидаги шеърни ёзган экан. Унинг таржимаси:

«Менга нима бўлдики, унга далил келтирсам-у, мени кулгу билан кутиб олади.

Агар кишининг кулгуси унинг фақиҳлигидан далолат берадиган бўлсайди, саҳродаги хирс (айиқ) энг яхши фақиҳ бўлган бўларди».

Абдуллаев Азимжон 

таълим муассасаси ўқитувчиси