Яратилиш санаси 09.04.2026

АМИР ТЕМУР  – УЛУҒ БУНЁДКОР

Буюк боболаримизнинг маънавий олами хусусида фикр юритилганда, Соҳибқирон Амир Темур ҳақида алоҳида тўхталишимиз табиийдир. Чунки тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган бу мумтоз сиймо буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ўзидан ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдирди, илму фан, маданият, бунёдкорлик, дин ва маънавият ривожига кенг йўл очди.

Соҳибқироннинг бунёдкорлик соҳасидаги тарихий хизматлари беқиёс. Темур ва унинг авлодлари сайъи-ҳаракатлари билан қурилган мадрасалар, масжидлар, хонакоҳлар, саройлар, бозорлар, қалъалар, каналлар ва бошқа иншоотларнинг сон-саноғи йўқ, унинг бевосита раҳнамонлигида бунёд этилган Бибихоним жоме масжиди, Гўри Амир, Ахмад Яссавий, Занги Ота мақбаралари, Оқсарой, Кўксарой ва Шоҳи Зинда меъморий мўжизалари, Боғи Чинор, Боғи Баланд, Боғи Дилкушо, Боғи Беҳишт сингари ўнлаб гўзал сарой-боғлар ва шу каби бошқа иншоотлар шулар жумласидандир. Тарихчи Шарофиддин Али Яздийнинг гувоҳлик беришича, Амир Темур "Ободонликка ярайдиган бирор қарич ернинг ҳам зое бўлишини раво кўрмасди”. Тарих бу қўхна дунёда жуда кўп жаҳонгирларни кўрган. Амир Темурнинг бошқа саркардалардан фарқи шундаки, у умр бўйи бунёдкорлик билан машғул бўлган. Унинг "қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта дарахт эктирдим” деган сўзлари бунёдкорлик, яратувчанлик фаолиятининг тасдиғидир. "Агар бизнинг қудратимизни билмоқчи бўлсангиз, қурган биноларимизга боқинг” деганда Амир Темур, аввало, ўз халқига, келажак авлодларига мурожаат қилган десак янглишмаймиз. 

Соҳибқирон иймон-эътиқодли, тилида, дилида Оллоҳни зикр қилган, шариат асосида иш тутган инсон эди. Шу боис катта-кичик шаҳару қишлоқларда масжид, мадраса, хонақохлар қуришга буюради. Уламолар, саййидлар, машойихларга иззат-ҳурмат кўрсатади. Араб тарихчиси Ибн Дўқмоқнинг ёзишича, Темур Дамашқни қамал қилганда шаҳар қальасидагилар узоқ муддат Темурга таслим бўлмай, қаршилик кўрсатаётган пайтда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо с.а.в. завжаларидан бири Уммул-Ҳабибанинг қабрини ташландиқ ҳолда кўрган Темур қабр устига гумбаз қуришларини буюрганда, итоат билдирган шаҳар аъёнлари Темурнинг бу ишини оммага ҳам мақтайди ва исёнкорларни қаршиликни тугатиб, у билан сулҳ тузишга ташвиқот қилганлар. Бу ҳақда Ибн Арабшоҳ ҳам ёзиб, Темур амри билан пайғамбаримиз завжалари қабри устига бир-бирига ёндош икки қубба қурилганини ҳикоя қилади. Буюк бобокалонимиз ўз Тузукларида "Адлу эҳсон билан жаҳон гулшани обод бўлади” деб ёзган эди. 

Мустақиллик туфайли жаҳон маънавияти ва маърифати саҳнида ўз ўринларига эга бўлган комил аждодларимизни ва улар қолдирган бой маънавий-маърифий меросни теран англаш, ўрганиш ва улуғлаш имконияти юзага келди. Ота-боболаримиз, хусусан буюк давлат арбоби, маърифат ҳомийси, юксак маънавият эгаси Амир Темур ва унинг авлодлари қолдирган мероси бугунги кунда халқимиз учун руҳий-маънавий покланиш ва миллий ўзликни англашнинг тугамас чашмасидир. Ўзбекистондаги тарихий шаҳарлар, гўзал маконларнинг кўпчилиги Амир Темур ва темурийлар даврида вужудга келди. Темурийлар даври ҳар соҳада чинакам уйғониш даври бўлди. 

150 йиллик мустамлакачилик, қарамлик йилларида шундай буюк зот дунёга машҳур давлат арбоби, улуғ бунёдкор Амир Темур шахсининг асл моҳиятига холис ва ҳаққоний баҳо бериш имкониятидан маҳрум бўлиб яшадик. Шўро тузуми соҳибқирон ҳақидаги ҳақиқатни халқдан яшириб келди. Бобокалонимиз тўғрисида сўз айтилган барча манбалар кўздан яширилди, таъқиқланди ва сохталаштирилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов айтганларидек: "Амир Темур номи тарихий саҳифаларидан бўёқ билан ўчирилди, унутишга маҳкум этилди. Мақсад халқимизнинг орагидан миллий онг, миллий ғурур туйғусини йўқотиш, уни қарамликка, тобеъликка кўндириш эди”. Бу ишларнинг тагидаги мақсад бизнинг ўзлигимизни, тарихимизни унуттириш, бизни манқуртга айлантириш эди. Шунинг учун ҳам биз Амир Темурнинг ҳурматини жойига қўяр эканмиз, биринчи галда шу савобли иш орқали халқимизнинг, миллатимизнинг иззат-ҳурматини жойига қўйган бўламиз. Буни ҳеч қачон унутмаслик зарур. Ўзлигимизни англашимиз, миллий қадриятларимизни тиклашимиз ҳам қарз, ҳам фарз”дир. 

Шавкатжон МАДАМИНОВ,

 “Ҳидоя” ислом ўрта махсус
таълим муассасаси ўқитувчиси