Яратилиш санаси 26.10.2021

ҲИЗБУТ-ТАҲРИРНИНГ АХЛОҚСИЗЛИГИ

Ҳизбут-таҳрир жамоаси аввалбошданоқ исломий одоб-ахлоқни инкор қилиб, инсоний қадриятларнинг ва диний фазилатларнинг бугунги кунда зарурати йўқ, деб келади.

Ҳизб ўз дастурларида ахлоқ билан даъват қилишни, одамларни ахлоқли, гўзал хулқли бўлишни, инсонлар чиройли хулқлар соҳиби бўлишини танқид қилади. Ҳизб тасаввурида ислом ўзлари ўйлаб топган ақидалар мажмуйи ва қоидалар низомидир, холос (“ат-Такаттул ал-ҳизбий”, 18-бет).

Бу хилдаги одоб-ахлоқни, руҳий хислат ва фазилатларни инкор қилишлари ҳизбнинг аъзолари орасида қалби қаттиқликни, қўрсликни келтириб чиқариш учун зарур эди. Ҳизб аъзоларида меҳр-шафқат, одамгарчилик, қўни-қўшни ҳаққи, ватан туйғуси, меҳр-муҳаббат, раҳимдиллик каби хислатларнинг йўқ эканлигини шундан ҳам билса бўлади. Уларнинг ўз ватанига қурол кўтаришлари, ватандошларини кофир деб бемалол эълон қилиб юборишлари, ўз маҳалладошларини ҳам ҳақорат қилиб, жисмонан йўқ қилиб юборишга урунишлари ҳамда ўзлари туғилиб-ўсган юрт ва ватанларни кофиристон дейишларининг бирдан-бир сабаби ҳам шудир.

Ҳолбуки, ислом дини меҳр-шафқат дини, ислом шариати одоб-ахлоқ шариатидир!

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иннама буъисту ли-утаммима макорим ал-ахлоқ!” (“Шак-шубҳасиз, мен гўзал хулқларни камолга етказиш учун юборилдим!”) деб марҳамат қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўзал хулқларни баркамол қилиш, одамларга гўзал хулқларни ўргатиш учун келганлар. Ҳизбут-таҳрирчилар каби сиёсатни нотинч қилиш учун юборилмаганлар. 

Олимхон Исақов