Яратилиш санаси 25.05.2026

Биздан кейин нима қолади?

Ҳар биримиз ҳаётда тинимсиз югурамиз: уй-жой қиламиз, машина оламиз, фарзандларни ўқитамиз, мансаб пиллапояларидан кўтариламиз. Буларнинг ҳаммаси яхши, албатта. Лекин кун келиб, бу дунёни тарк этаётганимизда, шу тўплаганларимиздан бирортасини ўзимиз билан олиб кета оламизми? Йўқ! Ортда фақат икки нарса қолади: одамлар қалбидаги яхши хотира ва Аллоҳ ҳузурига борадиган солиҳ амалларимиз.

Динимизда бу мазмун жуда лўнда ва гўзал ифодаланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

يَتْبَعُ المَيِّتَ ثَلَاثَةٌ، فَيَرْجِعُ اثْنَانِ وَيَبْقَى مَعَهُ وَاحِدٌ: يَتْبَعُهُ أَهْلُهُ وَمَالُهُ وَعَمَلُهُ، فَيَرْجِعُ أَهْلُهُ وَمَالُهُ وَيَبْقَى عَمَلُهُ
Маййитни уч нарса кузатиб боради. Иккитаси қайтади, биттаси у билан қолади: уни оиласи, моли ва амали кузатади. Оиласи ва моли қайтади, амали эса у билан қолади» (Имом Бухорий ривояти).

Демак, қабр ичида бизга ҳамроҳ бўладиган ягона нарса — бу қилган солиҳ амалларимиздир.

Кўпчилик «солиҳ амал» деганда фақат масжиддан чиқмай ибодат қилишни тушунади, ваҳоланки, инсониятга, жамиятга фойдаси тегадиган ҳар бир эзгу иш - солиҳ амалдир. Кўчага чиққанда одамларга табассум қилиш, йўлдаги тўсиқни олиб ташлаш, оилага ҳалол ризқ топиб келиш, кимнингдир оғирини енгил қилиш - буларнинг бари Аллоҳдан савоб умидида бажарилса, солиҳ амал дейилади.

Ислом оламида “Амаллар китоби ёпилмайдиган” учта йўл бор. Ҳадиси шарифда айтилганидек:

إِذَا مَاتَ الإِنْسَانُ انْقَطَعَ عَنْهُ عَمَلُهُ إِلاَّ مِنْ ثَلاَثَةٍ: إِلاَّ مِنْ صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ، أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ، أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ
“Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарсадан унга савоб етиб туради: садақаи жория (доимий фойда берадиган хайрли иш), фойдали илм ва унинг ҳақига дуо қиладиган солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти).

Сиз қазиб кетган қудуқ, сиз эккан дарахт, сиз қурган йўл ёки кўприк, сиз ёзиб қолдирган фойдали илмлар, сиз тарбиялаган одоб-ахлоқли инсон — сиз бу дунёда бўлмасангиз ҳам ортингиздан савоб олиб келиб турадиган амаллардир.

Тўхтанг! Бугун нима экяпсиз?

Ҳаёт - қисқа муддатли хизмат сафарига ўхшайди. Сафар тугагач, уйга қуруқ қўл билан қайтиш аламли. Ортда чиройли ном ва савоби тўхтамайдиган амаллар қолдириш — энг олий доноликдир.

Келинг, ўзимизга савол берайлик: Бугун мендан кейин нима қоляпти? Инсонлар мени қандай хотирлашади? Бу саволнинг жавоби бугун қилаётган кичик бир яхшилигимизда яширинган бўлиши мумкин. Амалларни солиҳ, умрни мазмунли қилиш фурсати айнан, ҳозир қўлингизда турибди.

Хошимов Нуриддин

таълим муассасаси ўқитувчиси